Линклар

Рус бойлари Карл Марксни эндигина тушунмоқда

  • Абдулла Искандар

Москвадаги “Манеж” кўргазма залида дунë тасвирий санъат дурдоналари намойиш қилинмоқда. Кўргазмада Пикассо асарларидан тортиб француз импрессионист рассоми Эдгар Дега асарларигача сотиб олиш мумкин.

Бир пайтлар подшо саройи учун отхона вазифасини бажарган “Манеж” биносида дунëнинг 80дан ортиқ галереяси ўз асарларини кўз -кўз қилмоқда.

“Миллион-миллион долларини расм сотиб олишга харжламоқчи бўлган рус бойлари учун баҳор охири энг қулай фасл бўлмоқда,- дейди кўргазма ташкилотчиси Сикстина Крутсфелд хоним. - Бизнинг тадбир календарнинг бир қисмига айланди. Май ойими, демак “Манеж”да кўргазма, деган тушунча ҳосил бўлди. Ҳар йили 50 минг киши кўргазмани зиëрат қилади”.

Кўргазмада эса кўрадиган нарса кўп. Ўзи пўлат, сопи олтин қилич ложувард ҳамда гавҳар билан безатилган қини билан бирга сотилмоқда. Космосдан учиб келган метеорит тошлар билан безалган, олмос ва феруза билан зийнатланган казино чархпалагини бир миллион долларга сотиб оламан, деганлар турнақатор.

Айни пайтда россиялик бойларнинг кўзи олтин ва кумуш, марваридлардан тўйган кўринади. Улар энди рассомлар яратган соф санъат асарларини сотиб олиб, ўзларининг нақадар юксак мавқеда эканини намойиш қилмоқчи.

“Замонавий санъат асарларини сотиб олишга иштиëқ кучайди. Биринчидан, қадимий асарни сотиб олгандан кўра, замонавий асарни сотиб олишнинг даҳмазаси оз. Иккинчидан, сармоядорлар яқинлашиб келаëтган молиявий инқироз олдидан доллар ва евроларини харж қилиб қўймоқчи. Масалан, қоғоз пул қийматини йўқотиши мумкин, аммо санъат асари йил ўтган сари қадрлироқ бўлиб боради”,- дейди Крутсфелд хоним.

Яқинда “Кристи” кимошди савдосида замонавий рассом Френсис Бекон чизган “Триптих” асари 86 миллион долларга сотилди. Олган одам кимлигини айтмади. Кейин маълум бўлишича, харидор россиялик олигарх Роман Абрамович экан.

Нефть қимматлагани боис чўнтаги қаппаяëтган рус бойлари тобора кўпроқ расм сотиб ола бошлади. Рус бойларининг расм сотиб олиш суръати кейинги бир йил ичида 37 фоиз ошди.

Руслар боис Нью-Йорк ва Лондондаги кимошди даллолларининг савдоси ривож топмоқда.

Москвадаги кўргазма ташкилотчи таъкидича, рус бойлари коммунизм асосчиси Карл Маркснинг “Санъатсиз ҳаëт ваҳшийликдир”, деган гапини энди тушунган.
XS
SM
MD
LG