Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:16

Жаҳон банки янги дастурни амалга оширишга киришди


Жаҳон банки озиқ-овқат тақчиллигидан азият чекаётган давлатларга 1,2 миллиард долларлик озиқ-овқат ёрдам дастурини амалга оширишга киришди. БМТга аъзо давлатлар раҳбарларининг келаси ҳафтада Рим шаҳрида бошланадиган саммитида ҳам дунёда юзага келган озиқ-овқат бўҳрони масаласи муҳокама этилади.

Жаҳон банки томонидан кўрилаётган чоралар озиқ-овқат бўҳрони юзага келган камбағал давлатларга 200 миллион доллар ҳажмида грантлар ажратишни ҳам назарда тутади. Бундан мақсад очликдан азият чекаётган ҳомиладор аёллар ва мактаб ўқувчиларини озиқ-овқат билан таъминлашдан иборат. Бу қисқа муддатга мўлжалланган ёрдам.

Жаҳон банкининг узоқ муддатга мўлжалланган ёрдами эса келаси мавсумда кўпроқ ҳосил етиштириш учун майда фермер хўжаликларига ўғитлар етказиб беришдан иборат.

Жаҳон банки мутахассислари бўҳрондан чиқишнинг самарали йўли озиқ-овқат экспортини тақиқлаш ёки нархларни назорат қилиш эмас, балки фермерларга ёрдам кўрсатиш, деган фикрда.

Жаҳон банки глобал миқёсда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат ишлаб чиқариш соҳасига ажратилаётган маблағни эллик фоизга кўпайтириб, олти миллиард долларга етказишини режалаштирган.

Янги дастур амалга оширилаётганини эълон қилган Жаҳон банки президенти Роберт Зоелик озиқ-овқат нархлари ошиб кетаётгани ҳозирда бир миллиард бўлган камбағаллар сонини икки баробар кўпайтириши мумкинлигини таъкидлади.

Жаҳон банки ўзининг озиқ-овқат ёрдам дастури доирасида биринчи бўлиб Гаити ва Либерияга грант беришни кўзлаган. Келаси ойда Жаҳон банкининг Тожикистон, Того ва Яман давлатларига грант ажратиши кутилмоқда.

Сўнгги ойларда жаҳон бозорида озиқ-овқат маҳсулотлари, айниқса, гуруч нархининг кескин ошиб кетгани қатор давлатларда бўҳрон юзага келтирди.

Дунё раҳбарларининг 3–5 июнь кунлари Римда ўтадиган саммитида айни масала муҳокама қилинади. БМТ ташкилотлари саммит арафасида эълон қилган ҳисоботда дунё бўйича озиқ-овқат нархи ҳозиргига нисбатан бир оз тушиши, аммо келаси ўн йил давомида нархлар юқорилигича қолиши билдирилган.

Мутахассислар фикрича, озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг кўтарилишига нефть нархининг ошгани, одамлар кўпроқ озиқ-овқат истеъмол қилаётгани, қишлоқ хўжалик экинларидан биологик ёнилғи ишлаб чиқариш ҳажми кўпайгани сабаб бўлмоқда.

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг савдо ва қишлоқ хўжалик ишлари бўйича директори Стефан Тангерманн эълон қилинган ҳисобот муаллифларидан бири.

“Озиқ-овқат бўҳрони, шубҳасиз, тўйиб овқат емайдиган одамлар сони кўпайишини англатади. Бу болалар тўйиб овқатлана олмайди, деган гап. Бу камбағал оилаларда туғилган болаларнинг бутун бир авлоди келажаги порлоқ эмаслигини англатади. Агар одам болалигида етарли овқат емаса, у умрининг охиригача сермаҳсул инсон бўла олмайди”, – деди Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти расмийси.

Бироқ озиқ-овқат бўҳрони ОИТВ каби тадқиқотлар талаб қилмайдиган муаммо эканини айтган Жаҳон банки президенти Роберт Зоелик: “Бу муаммони ҳал қилиш учун мувофиқ ҳолда ҳаракат қилиб, зарурий чоралар кўриш керак бўлади”, – деди.
XS
SM
MD
LG