Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:23

Катталар юкини тортаётган болалар


http://tbn0.google.com/images?q=tbn:8m1HORVQoM8ByM:http://news.ferghana.ru/photos/iran/1.jpg 1 июнь - Болаларни ҳимоя қилиш халқаро кунини ёшига ярашмаган маюслик ва жиддийлик билан кутиб олаётганлар ҳам бор. Булар етим болалар, қаровсиз болалар... Турли мамлакатлардан бошпана топган қочқинларнинг болаларини ҳам шулар сирасига киритиш мумкин.

Улар жуда кам кулади. Улар кўпинча ўйчан ва маъюс юради. Уларнинг бирга ўйнайдиган ўртоқлари йўқ – Ўзбекистонда қолган. Уларнинг ўз уйлари йўқ - меҳмонхоналарда, ижара уйларда яшайди. Уларнинг борадиган мактаблари йўқ – ватанда қолган.

“Болаларимни мактабга чиқара олмадим. Улар ўз юртимизда ўзбек тилида ўқитиладиган мактабга чиқиб юрган. Бу ерда ўша тил билан, биринчидан, муаммо бор. Кейин улар соғлиғи бўйича эмланмаган экан, шунга бу ерда уларни мактабга ололмаймиз дейишди, бир йиллик ўқишидан қолиб кетди улар ҳозир. Кейин кўчада ҳам ҳар хил хавфли вазиятлар бўляпти, шунга ҳам кўчага чиқаришга қўрқамиз”,- дейди қочқинлардан бири.

Улар бу ерда касал бўлишдан қўрқади – бегона юртда меҳрибон ҳамшира опалари йўқ. Уларнинг баъзан суюб, баъзан дакки берадиган ўқитувчилари ҳам йўқ.

“Ўзимиз уйдан ўзбек тилидаги бир нечта китоб илтимос қилиб олиб келтирганмиз. Адабиёт, математика бўйича. Ўзимиз қўлдан келганича ўргатиб турибмиз. Болалар қайси жойга етиб келган бўлса, ўша еридан ўзимиз ўргатиб турибмиз, билимини қўллаб туриш учун. Масалан, 4-синф дастури бўлса, ўшани ўтиб турибмиз. Шунга бу йил ўқишидан қолди, энди келаси йилга ҳаракат қилармиз, деб пойлаб турибмиз, ёз ўтсинчи”,- дейди ўзбекистонлик қочқин.

Бу болаларнинг ота-оналари уларнинг ҳатто катта бўлишини ҳам истамайди, чунки бу болалар улғайган сари бошлари узра қора булутлар қуюқлаша бошлайди.

“Ҳозир ёш-ку. 16-18га борганидан кейин у ҳам рўйхатга тушиши аниқ. Ҳозир ҳам тушган бўлиши керак. Унинг келажаги йўқ у ерда. Милицияга кира олмайди, армияга бора олмайди, бир илмий даражага кўтарила олмайди. Жуда зўр одам бўлиб кетса ҳам бунақа одамнинг кераги йўқда Ўзбекистонга. Аёлим ўзи қийналиб юрибди. Кейин у ҳам тушунса керак-да шу эрининг боласига ҳам тинчлик бўлмаслигини”,- дейди қочқин.

Бу болажонларнинг кўзлари маюс – тенгдошлариникига ўхшамайди, уларнинг ҳаракатлари вазмин – тенгдошлариникига ўхшамайди. Лекин уларнинг орзулари, умидлари тенгдошлариникига ўхшайди.

Балки бу болажонларнинг тилаклари, орзулари тезда амалга ошар. Балки улар келаси июнни ўзи истаган жойда, ўзи истаган даврада шўху шодонлик билан, кулгию қувонч билан кутиб олар...
XS
SM
MD
LG