Линклар

logo-print

“Қашқадарё бўйича энг жабр кўраётган” аёл билан суҳбат

  • Абдулла Искандар

“Давр менинг тақдиримда” эшиттиришининг бу галги қаҳрамони Ўзбекистондаги тазйиқлар боис ногиронга айланган шаҳрисабзлик тадбиркор Ойша Маҳманазарова.

Бугун элликни қоралаган Ойша Маҳманазарова ўз болалик даврларини хотирлайди:

- Мен Шаҳрисабз шаҳрининг Тепалик маҳалласида яшайман. Болалик пайтларимизда завод-фабрикаларда ишладик. Қанча ойлик олсак ҳам қорнимиз тўқ эди. Яхши яшар эдик. Шаҳрисабзда қанча аëл киши бўлса, шуларнинг ҳаммасини Шаҳрисабздаги тўқимачилик фабрикаси иш билан таъминлаган.

Совет пайтидаги турғун ҳаëт ўзгаришлар сурони билан алмашади. Ўзбекистон мустақил бўлди. Ойша Маҳманазарова тадбиркорлик фаолиятини бошлайди. Олдинига ҳаммаси яхшидай кўринди.

Ойша Маҳманазарова: Бошдаги 5-6 йил яхши бўлди. Сўм-купон синаëтган пайтда мен дала ҳовли қуриб олдим. Кейин тадбиркорлик билан шуғулланиб Тошкентдан, Қозоғистондан мол олиб келиб сотар эдик.

Озодлик: Тадбиркорлик билан шуғулланганингиздан кейин қанақадир муаммолар бўлибди. Нима эди бу муаммолар?

Ойша Маҳманазарова: 2003 йил битта ўлим бўлди, кейин бизнинг ҳаëтимиз остин-устун бўлиб кетди. Одамларимизни қамаб ташлагандан кейин қонун томонлама ҳаракат қилдим. 2004 йил 19 март куни президент девонига чиққандик. 2004 йил 13 апрель куни яна прокуратура олдида пикет ўтказган эдик. 1 июнь болаларни ҳимоя қилиш куни чиққанимизда улар ҳужум қилиб, қашқадарëлик орган ходимлари бориб, катта тўполон билан олиб келишди.

2005 йилнинг 3 майида Тошкентдаги АҚШ элчихонаси олдидаги пикет қатнашчилари ичида Ойша Маҳманазарова ҳам бор эди.

Озодлик: Ўша кунни эслайсизми? Мана, АҚШ элчихонаси олдида намойиш ўтказдингизлар, кейинчи?

Ойша Маҳманазарова: Биз АҚШ элчихонаси олдига борганимиздан кейин соат 1 лар атрофида МХХ ходимлари машиналарда келиб тўполон бошлади. Тўс-тўполон бўлиб кетди. Таëқ егани еган, емагани емаган бўлиб кетди.

2005 йилнинг 3 майда камина Прагадан туриб пикетдагилар билан доимий телефон алоқасида бўлиб турдим. Бирдан мен билан суҳбатлашаëтган пикетчининг қўлидан телефони ерга тушиб кетди ва ўша ердаги ур-калтак овозини дунëга ëйиш учун восита бўлди. Калатак еганлар орасида Ойша Маҳманазарова ҳам бор эди. Хўш, кейин нима бўлди?

Ойша Маҳманазарова: Кейин Қашқадарëга олиб келди. Бизни ҳокимликдагилар, бошқалар кутиб олиб, ташвишимиз бир ой давом этди. Кечаси билан прокуратурадан, ИИБдан ходимлар келган. Хуллас, бизга назорат жуда ҳам кучайди. Ўшандан кейин қаерга борсак ҳам орқамиздан одам юради. Ҳокимият ҳам қарши эди.

Озодлик: Сизни элчихона олдига чиқишга ундаган норозилик омили нимада эди?

Ойша Маҳманазарова: 2000 йилдан менинг жиянларим қамалди. Битта-иккитасини уриб, у ер-бу ерини синдиришди. Иш давом эттиргандан кейин пул керак бўлади-ку. Мен турган дўконларни бошқа одамларга ижарага бериб юборишди. Кейин бозор хўжайинидан мен ҳам ишлашим кераклигини айтиб, бозордан икки-учта жой сўрадим. Ҳокимиятга бир ой югурдим. Менга жой беришмади. Кейин мен бозордан менга жой бермади, деб ўз муаммоимни кўтариб чиқдим. Яна битта-иккита қийналган аëллар ўз муаммоларини олиб чиқди.

Озодлик: Бундан 17 йил олдин яхши ниятлар билан тадбиркорликни бошлаганингизда бошимга шунақа кунлар тушади, деб ўйлаганмидингиз?

Ойша Маҳманазарова: Бу нарса хаëлимда ҳам йўқ эди. Мен шифохонага бориб бир укол олмаган аëл эдим. Кейин ҳар битта газетада мен ҳақимда турли хил ëмон мақолалар чиқди. Хотин-қизлар раҳбари мажлис ўтказиб, шаънимга ëмон доғ туширди. Мен синиб шу аҳволга тушаман, деб ўйламаган эдим. Энди ëруғликка чиқдик, яхши яшаймиз, деб хурсанд бўлган эдим. Мустақиллик билан ўйлаган ўйларим ëниб кулга айланди. Ота-онамдан қолган нарсалар борми, ëшлигимдан фабрикада ишлаб топган нарсаларим борми - ҳаммаси биронта нарса қолмасдан кулга айланиб кетди.

Ўзбекларда “уйинг куйсин”, деган қарғиш бор. Ўз ҳақини талаб қилган Ойша Маҳманазарованинг ҳам уйи ëниб кул бўлди. Маҳманазарова назарида уй ўз-ўзидан ëнмаган.

Ойша Маҳманазарова: 2007 йил 9 ноябрь куни кечаси уйим ëниб кетди.

Озодлик: Балки тасодифан бўлгандир?

Ойша Маҳманазарова: Ëнғин бўлиш сабабини келиб текширишди. Ҳеч қандай сабаб топа олишмади. Мен буни бутун Қашқадарëда терговдан ўтказдирдим.

Озодлик: Сиз кимни айбдор, деб биласиз? Уйингизни биров ëқиб юборганми?

Ойша Маҳманазарова: Менинг уйимни ëққан одам милиция ходимларидан пул олиб ўтирибди. Бундан икки йил олдин менга кечаси телефон қилиб сўкиб: “Деразангнинг олдида ўтирсанг, сени отиб кетишади”, деб айтишган. Икки йилдан бери бор эди бу таҳдидлар.

Озодлик: Сизнинг уйингиз бировга керакмиди ëки бу қасос олишми?

Ойша Маҳманазарова: Булар мендан қасос олишди. Ураман, синдираман, йўқотаман, деганлар бўлди. Менда четга чиқиб кетаман, деган ниятлар бўлди. Бир-икки марта қайтаришди. Уй ёнган куни кечқурун терроризмга қарши кураш бўлимидан бир одам келди. Мана шу кўчада ҳар доим рақамсиз оқ “Жигули” машинаси турар эди. Қаерга борсам ҳам изимдан юрар эди. Мен кўчага чиқмай қўйган эдим. Булар мендан ишдан тўғри уйингга қайтасан, ҳеч қаерга бормайсан, деган маънода тилхат ëздириб олишди.

Озодлик: Милиция ходимлари уйимни ëқиб юборди, деб прокуратурага, ИИБга ариза ëзмадингизми?

Ойша Маҳманазарова: Мен ИИБ бошлиғига: “Шу уйни ëқиб келсанг ҳам сенга жиноят иши очмайман”, деган болалар бўлганини айтганман. Президент сайловидан олиб ўғилларимни урдириб, жиянларимнинг бир нечтаси туҳмат билан қамалиб кетди. Улар жиянларимга қасд қилди. Мен кейин: “Менинг уйим ëқилиши орқасида бошлиқнинг ўзи турибди”, деб бошлиқнинг ўзига ариза ëздим. Прокуратурага ëздим. Улар менга жавоб бермади.

Озодлик: Нега жавоб бермади?

Ойша Маҳманазарова: Билмадим. Кейин мен МХХ бошқармаси бошлиғи Ўроқов Ғайратга ëздим. У менга: “Буни милиция ходимлари уюштиради. Кўча-кўйда юрганда эҳтиëт бўлинг. Мен буларни текширувга оламан”, деди. Уйга борганимдан кейин терроризмга қарши кураш бўлимидан иккита одам келиб: “У ëққа борибсиз, бу ëққа борибсиз. Нима деди”, дейишди. “Ҳаммаларинг бир гўрсизлар”, дедим. Эртаси куни байрам эди. Мен дўконга нарса оламан, деб чиқдим. Айланишга келдим. Менинг орқамдан ҳар доим рақамсиз машиналар юрар эди. Мен ўзимни уни ўтиб кетсин, деб чеккага олдим. Лекин у орқага қайтди. Мен нимага бу ўтиб кетмади, деб шубҳаландим. Кейин мени Самарқандга олиб кетишди. Менинг сон суягим синиб кетган. Беш ойдан бери тўшакда ëтибман.

Озодлик: Бу битта сизнинг бошингизга тушяптими ëки кўпга келган тўйми?

Ойша Маҳманазарова: Бошқаларнинг ҳам дарди тўлиб кетган. Кимга мурожаат қилишни билмаймиз, дейди. Мени одамлар билан гаплаштирмасликка ҳаракат қилади. Биз ҳаққимизни талаб қилмаслигимиз учун шундай қилишади. Қашқадарë бўйича энг жабр кўраëтган менман ҳозир.

Озодлик: Бу адолатсизликлар учун ким айбдор?

Ойша Маҳманазарова: Мен Тошкентда адолат ахтариб намойишга чиққан бўлсам ҳам кейин вилоят ходимлари ëрдам беришди. Дўконимга 3-4 метр жой олиб беришди. Буни менга ҳоким ва бошлиқлар мажбурликдан берди. Буни Қашқадарë вилоятидаги ҳокимлар, милиция ходимлари, прокуратура қиляпти.

Озодлик: Яъни маҳаллий мулозимлар айбдор, деяпсизми?

Ойша Маҳманазарова: Ҳа.

Озодлик: Бу бўлаëтган воқеаларда Каримов ва Тошкентдаги бошқа мулозимларни масъулияти йўқми?

Ойша Маҳманазарова: 2004 йилдан бери чиқишларимни, қамалганларнинг болаларини етим, деб олиб чиққан бўлсам, менга фойдаси теккан. Зокир Алматов мени қабул қилиб ëрдам беришни ваъда қилган. Вилоятдан катталарни чақириб вилоятга комиссия жўнатди.

Озодлик: Кейинги 17 йил сизнинг ҳаëтингизда қандай акс этди?

Ойша Маҳманазарова: Мустақиллик туфайли адолатсизлик, порахўрлик кучайиб кетди. Порахўрликни мен қонунларимизга назоратсизлик, деб биламан. Эркин демократия йўқ. Қонунларимизда назорат йўқ, деб биламан мен.
XS
SM
MD
LG