Линклар

logo-print

М.Тожибоева: “Қийноқлар оролларидаги маҳкумлар тақдирига бефарқ қарашга ҳаққим йўқ”


2 июнь куни таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Мўътабар Тожибоева ҳибсдан озод қилинди. У “Озодлик” билан суҳбатда қамоқхона дарвозасидан чиқмагунича унга озод бўлгани ҳақида гапиришмаганини билдирди.

“Кеча туш кўрдим. Тушимда уйдагилардан ҳибсхонага озиқ-овқатлар келибди. Кейин эрталаб уйғониб, маҳкума аёлларга агар тушим ўнгидан келса, маза қилиб байрам қиламиз, деб ҳазиллашдим. Эрталабки нонуштадан кейин барча маҳкумалар текширувга кетди. Мен касаллигим боис камерада қолдим. Шу пайт мени тўсатдан чақириб қолишди ва зудлик билан буюмларингизни марказий омборхонага топширинг, дейишди. Отрядга югириб келиб, нарсаларимни йиғиштира бошладим. Улар менинг озод қилинганим ҳақида ҳеч нарса дейишмади. Бир маҳкума аёл эртага колонияга Франциядан нуфузли меҳмонлар келаётганини ва мени Тоштурмага яшириб қўйишмоқчи бўлишаётгани ҳақида гапирди. Шунинг учун мени Тоштурмага олиб боришса керак, деб ўйладим. Ўша ерда колония раҳбарлари, Жазони ижро этиш бош бошқармасидан келган вакиллар турарди. Мени қаерга олиб кетишаётгани ҳақида сўраганимда, улар буни кейин айтамиз, деб ҳеч нарса демади. Ҳамма нарсаларни текшириб, ҳужжатларни расмийлаштириб бўлишгач, менинг жазоим Жиноят кодексининг 72-моддаси бўйича енгиллаштирилгани, уч йиллик шартли жазо билан ҳибсдан озод этилганимни билдиришди. Қисматдошларим, яъни маҳкума аёллар билан хайрлашишимга имкон ҳам беришмади”,- деди М.Тожибоева.

Озодлик: Энди буёғига нима қилмоқчисиз? Инсон ҳуқуқлари борасидаги фаолиятингизни давом қилдирасизми?

Мўътабар Тожибоева: Ноҳақ айблар билан ҳибсга олинган кунимдан бошлаб 970 кун қамоқхонада сақландим. Шундан 700 кун жазони ижро қилиш муассаси, яъни аёллар колониясида ўтди. Шу вақт давомида мен Ўзбекистон қамоқхоналари “қийноқлар ороли” эканига амин бўлдим. Мен эндиликда “қийноқлар орол”ларида азоб чекаётган маҳкум ва маҳкумалар, айни шу “орол”ларнинг асир ва асиралари тақдирига бефарқ қарай олмайман. Бунга ҳаққим ҳам йўқ. Танамда жоним бор экан, Ўзбекистон қамоқхоналаридаги азоб ва қийноқларни камайтириш, у ердаги маҳкум ва маҳкумаларнинг ҳуқуқларини тиклаш борасида курашга бел боғлайман. Мен бу борадаги фаолиятимни давом қилдиришга мажбурман. Бу менинг бурчим.

Фарғонадаги “Ўтюраклар” клуби раҳбари М.Тожибоева Ирландияга инсон ҳуқуқлари анжуманига кетаëтганида 2005 йил 7 октябрда ҳибсга олинган ва олти ой бир кишилик камерада сақланганидан сўнг 2006 йил 6 мартда Жиноят кодексининг 16 моддаси, хусусан, таъмагирлик, туҳмат қилиш ва товламачиликда айбланиб, 8 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.
Тошкентдаги қамоқхонада жазо муддати ўтаётган пайтда Мўътабар Тожибоева инсон ҳуқуқлари ҳимоясига қўшган ҳиссаси учун нуфузли Мартин Энналс мукофоти совриндори бўлди.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи дунёдаги энг нуфузли 10 ташкилот бир овоздан ушбу мукофотни айнан М.Тожибоевага беришга қарор қилди. Мартин Энналс мукофоти билан тақдирлаш маросими жорий йилнинг 20 ноябрида Женевада ўтказилади. Эндиликда М.Тожибоева маросимда шахсан иштирок этиб, мукофотни ўз қўли билан олиши мумкин.
XS
SM
MD
LG