Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:17

Сулаймон Мурод оламдан ўтди


“Эрк” демократик партияси марказий кенгаши аъзоси Сулаймон Мурод узоқ хасталикдан сўнг АҚШда вафот этди.

Ўз сафдошининг ўлими юзасидан мухолифат етакчиси Муҳаммад Солиҳ таъзия билдирди.

“Сулаймон ака бир инсон сифатида жуда тоза одам эди. Бир зиëли сифатида тўғри, дуруст, сўзини қўрқмасдан айтадиган зиëли эди. Бир сиëсатчи сифатида доно, узоқни кўра биладиган, инсонлар билан мулоқотда доим бирлаштирувчи руҳ билан сиëсат юритадиган сиëсатдон эди. Сулаймон ака бемалол Самарқанддаги университетда ишлаб, ўзи ва оиласи ҳузури учун етадиган даражада маош олиб бемалол юриши мумкин эди. Лекин зулм остида эзилаëтган миллатини кўриб чидай олмади ва таҳликали бир жабҳа бўлган сиëсатга кирди . Сиëсатда у қўрқмасдан ўз сўзини айтди. Сўнгги йилларда юрт ташқарисига чиқишга мажбур бўлди. Юрт ташқарисида ҳам сиëсатдан чекинмади. Сулаймон ака биз учун қадрли бир инсон эди, яқин дўст эди. Мен унинг оиласига чуқур таъзия изҳор қиламан”,- деди М.Солиҳ.

Мухолифат фаоли бўлган Сулаймон Мурод умрининг сўнгги йилларини АҚШнинг Нью-Жерси штатида сиёсий қочқин сифатида ўтказди.

2000 йилда Ўзбекистондан мажбуран чиқиб кетган Сулаймон Мурод оғир кунларни бошдан кечирди, бир неча йил аввал унинг ўзи билан АҚШда яшаётган ўғли Ғайрат автоҳалокат боис оламдан ўтган эди.

Физик-математика фанлари номзоди Сулаймон Мурод Самарқанд давлат университетида узоқ йиллар ишлади.

1989 йилдан бошлаб мухолифат сафларида фаолият юритди.
XS
SM
MD
LG