Линклар

Баучер Тошкентда кўп масалаларни муҳокама қилди

  • Абдулла Искандар

АҚШ давлат котиби ёрдамчиси, Давлат департаментининг Жанубий ва Марказий Осиё бўлими раҳбари Ричард Баучернинг Тошкентга сафари президент Ислом Каримов Москва билан алоқаларни сусайтириб, Ғарб томон яна юзланган бир вазиятда амалга оширилмоқда.

Амалий ташриф билан келган Ричард Баучер Самарқандни зиëрат қилиб, вилоят ҳокими билан учрашди. 2 июнь куни кечқурун эса у президент Ислом Каримов қабулида бўлди. Бундан олдин у Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов ва Миллий хавфсизлик кенгаши котиби Отаев билан музокаралар ўтказди.

“Ташриф мобайнида минтақа муаммолари юзасидан мунтазам маслаҳатлашув борасида ва минтақа хавфсизлиги ҳақида гап борди. Хавфсизлик борасида ҳамкорлик, инсон ҳуқуқлари ва Афғонистондаги вазият ҳам ташриф кун тартибида бўлди”,- деди АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот вакили Молли Стивенсон.

АҚШ элчихонасидан олинган малумотга кўра, Р.Баучер 1 июнь куни ўзбек мухолифати вакиллари билан учрашган. Тор доирадаги зиёфат шаклида уюштирилган учрашувда АҚШ тарафидан Ричард Баучернинг ўзи, АҚШнинг Тошкентдаги элчиси Ричард Норланд, элчихонанинг биринчи котиби Тэд Бургалтер қатнашди.

Учрашув қатнашчиси, фарғоналик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдусалом Эргашев учрашувда инсон ҳуқуқлари ва шахс эркинликлари масаласи кўтарилганини билдирди.

Яна бир иштирокчи Васила Иноятова эса Ўзбекистоннинг АҚШ билан яқинлашувида хайрли ишорат кўрмоқда.

“Икки стандарт бўладими, беш стандарт бўладими - АҚШнинг Ўзбекистон билан муносабат олиб боргани маъқул”,- деди В.Иноятова.

Маълум бўлишича, америкалик юқори мартабали меҳмоннинг Самарқандга ташрифи пайтида маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташқи дунëдан иҳота қилинган ва уларнинг телефонлари ўчириб қўйилган. Р.Баучер Самарқандни тарк этиши билангина уларни телефонлари ëқилган.

Р.Баучер Тошкентга келишидан олдин Ашхобод ва Бокуда ҳам бўлиб, давлат раҳбарлари билан учрашган эди.

Р.Баучернинг ташрифидан кейин АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар янги босқичга кўтарилиши тахмин қилинмоқда.
XS
SM
MD
LG