Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:31

Қочқинлар ҳибсга олинди


Олмаота шаҳрида яшовчи ўзбекистонлик икки қочқин маҳаллий миграция полициясига рўйхатдан ўтиш учун келганида қозоқ полициячилари томонидан ҳибсга олинди.

Қочқинлардан бирининг рафиқаси “Озодлик” билан суҳбатда эрини рўйхатдан ўтиш учун чақиришгани, кейин улар ички ишлар департаментига олиб кетилганини эшитганини билдирди.

“Хўжайиним халқаро қидирувда. Халқаро қидирувдаги шахсларни миграция рўйхатидан ўтказмас экан. Лекин негадир охирги пайтлар қўйишмаяпти. Офиснинг ходимлари телефон қилиб, рўйхатдан ўтишинглар керак, дейишади. “Миграция полициясига боришинглар керак, сизларга ҳеч ким тегмайди, бизнинг адвокат сизлар билан боради”,- деб кўп гапиришади”,- деди қочқиннинг рафиқачи.

Маълум бўлишича, сўнгги пайтларда БМТ қочқинлар идорасининг Олмаота ваколатхонаси аввал Қозоғистон миграция полициясида рўйхатдан ўтмаган халқаро қидирувдаги ўзбекистонлик қочқинлардан эндиликда миграция полициясида рўйхатдан ўтишни сўрамоқда.

Бироқ халқаро қидирувдаги шахслар миграция полицияси уларнинг Қозоғистондаги яшаш жойини ҳам қайдга олиши қочқинлар ҳаёти учун катта хавф туғдиришидан хавотирланади.

“Манзилни уларга айтасизда. Ўша адрес бўйича келиб текширув қилиши ҳам мумкин. Қонун бўйича қидирувдаги шахсларни рўйхатдан ўтказиб бўлмайди, дейишаётганди. Ҳозир бир нарса ўзгарди, шекилли, энди буларни рўйхатга қўядиган бўлишяпти”,- дейди қочқинлардан бири.

Аммо Инсон ҳуқуқлари халқаро бюроси Олмаота ваколатхонасининг қочқинлар иши бўйича мутахассиси Денис Живаго ўзбек қочқинларининг миграция полициясида рўйхатдан ўтиши мажбурий эмаслигини айтди.

“Унда миграция полициясида рўйхатдан ўтишни истамаган ўзбек қочқинлари миграция бошқармасига бораётгани сабаби нимада?

“Қочқин рўйхатдан ўтишни рад қилиши мумкин. Бироқ эртага уни миграция полицияси қўлга олса, миграция қонунини бузишда айбдор бўлади ва БМТ қочқинлар ваколатхонаси уни ҳимоя қила олмайди. Ваколатхона ўз ҳимоясида бўлган қочқиннинг юртига қайтарилмаслигида ёрдам бериши мумкин, бироқ унинг учун жарима тўламайди. Жарима эса катта, мен ўша жаримани тўлашни хоҳлайдиган бирорта ҳам қочқинни ҳали учратганим йўқ”,- деди Д.Живаго.

Қайд этиш жоизки, кузатувчилар кейинги пайтларда Қозоғистон ва Ўзбекистон раҳбарлари ўртасида юзага келган совуқ муносабатлардан сўнг Қозоғистон аввалгидек ўзбек қочқинларини юртига қайтариш амалиётини қўлламаслигини таъкидлаганди. Бироқ Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раиси Суръат Икромов бундай фикрга қўшилмайди.

“Қочқинларни қайтариш, қандай вазият бўлишидан қатъи назар, барибир бўлаверади. Чунки Ўзбекистон билан Қозоғистон махсус хизматлари ўртасида олдига қўйган мақсади ёки шартномаси бор. Шу шартномага асосан бу ишлар олиб борилаверади”,- деди Суръат Икромов.
XS
SM
MD
LG