Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:25

Лангариевларнинг каттаси президентни кўрмоқчи


Уюшган жиноий наркогуруҳга раҳбарлик айби билан ҳибсга олинган Суҳроб Лангариевнинг 86 ёшли отаси Салмон Лангариев ўзини қабул қилишни сўраб Тожикистон президентига бир неча марта мурожаат этди.

Жорий йилнинг 27 майида Кўлоб шаҳрида Суҳроб Лангариевнинг уйи ҳукумат кучлари томонидан ўққа тутилганди. Тахминан 10 соат давом этган тўқнашувдан сўнг қўлга олинган Суҳроб Лангариевга ноқонуний равишда катта миқдорда наркотик моддалар ва қурол-яроғ сақланганлик айби қўйилди.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги тарқатган маълумотларга кўра, сўнгги 6 йил давомида босқинчиликда айбланиб қидирувда бўлган Суҳроб Лангариев уюшган йирик наркогуруҳга раҳбарлик қилган.

“Суҳробникида 100 килограммдан ортиқ наркотик модда сақланаётганига оид маълумот ортидан унинг уйини қуршовга олган ҳуқуқ-тартибот ходимларидан иборат катта гуруҳ уйдан бирор грамм ҳам наркотик топа олмади,- дейди Салмон Лангариев “Озодлик” билан суҳбатда. - Чунки бу қуруқ туҳмат эди, холос. Тожикистондаги ички низолар чоғида тожик – афғон чегараси оиламиз назоратида эди. Ўзим ва тўрт ўғлим тожик–афғон чегарасидан тонналаб наркотик ўтказиш имконига эга эдик. Чунки на миллий хавфсизлик вакили ва на бирор чегарачи бизни ва машинамизни текширишга журъат эта олмасди. Аммо оиламиз бундай расво ишга ўша замонларда ҳам қўл урмаган. Бунинг ҳаммаси туҳмат”.

Суҳроб Лангириев қўлга олинган куннинг эртасига Тожикистон давлат телевидениеси гўёки унинг уйидан топилган катта миқдордаги қурол-яроғни намойиш этганди.

“Ўғлимнинг уйидан бор-йўғи иккита Калашников автомати топилган, холос. Ўғлим қўлга олинганда уйига бирор кишини, ҳатто келинимни ҳам киритишмади. Тунда ўз ихтиёрларида бўлган уй ертўласига ўзлари қурол жойлаб, мана шуларни топдик, деб туҳмат қилишмоқда. Бу миллий хавфсизлик иши, улар бундай туҳматлар билан қанчадан– қанча кишини қамоққа солганини яхши биламиз”,- деди 86 ёшли отахон .

Президент Имомали Раҳмоннинг давлат тепасига келишида хизмати сингган Сангак Сафаровнинг қизи, Суҳроб Лангариевнинг хотини Наргис ҳам уйдан қурол топилганини инкор этди.

“Отишма чоғида мен болаларим билан девор оша қўшнимнинг уйига ўтдик. Оиламиз билан анчадан буён яхши муносабатда бўлмаган қўшнимиз Ризоевнинг ҳовлисида бир неча яшикда ўқсиз қуролларни кўрдим. Эртаси куни телевизорда айнан ўша қуроллар бизнинг ертўладан топилди, деб кўрсатилди”,- деди Наргис.

Расмийлар Суҳроб Лангариевнинг уйидан диний экстремистик руҳдаги китоблар топилганини ҳам иддао қилганди.

Салмон Лангариев эса ҳар қандай мусулмон одам ислом динига тегишли китобларни ўқишга ҳақли эканини ва ўғлининг уйидан топилган китоблар оятлар ва уларнинг тафсири эканини билдирди, диний экстремистик китоблар топилганига доир маълумотларни рад этди.

Унинг айтишича, ўғли шунча йиллардан бери қидирувда бўлгани тўғрисидаги маълумотлар ҳам ёлғондир.

“Нега шу пайтгача Суҳроб Кўлобда, Душанбеда эркин юрарди?! Бирор орган ходими уни қўлга олмади. Кимга керак эди бутун бошли бир армияни тунда Кўлобга бошлаб келиб, тинч аҳолини ўққа тутиш?! Бу ўлган одамларнинг қонига ким жавоб беради?! Одамларни мерган билан ўққа тутиб, дуч келганни қўйдек отиб ташлашди. Маҳалламизда батамом вайрон бўлган 28 та уйни ким тиклаб беради? Агар ўғлим гуноҳкор бўлса, қонун доирасида қўлга олиш мумкин эди-ку?! Тожикистонда тинчлик ўрнатилишида мен ва ўғилларимнинг хизмати катта. Биз тинч қилдик бу ватанни. Бугун хизматлар эвазига шуми муносабат? Қайси гуноҳларимиз учун бизнинг уйимизни талон-тарож қиляпти бу ҳукумат”,- дейди Салмон Лангариев.

Отахоннинг сўзларига кўра, бўлиб ўтган бу ҳодисалардан давлат раҳбари огоҳ эмас ёки унга ёлғон маълумотлар киритилган. Ўғли қўлга олингандан сўнг Имомали Раҳмонга олти марта телеграмма йўллаб, ўзини қабул қилишни сўраган.

“Аммо махсус хизматлар телеграммаларим президент қўлига тушмаслигига ҳаракат қилмоқда. Мен барибир президент ҳузурига кираман ва тожик жамиятида яна бир марта низо тарқатиш режасида бўлган шахслар юзидан пардасини олиб ташлайман. Ўғлимнинг гуноҳсизлигини ва бу ишлар оиламиз, тожиклар душманлари иши эканини унга айтаман. Президентдан шахсан ўзи бу ишни текшириб кўришини сўрайман”,- деди Салмон Лангариев.

Халқ фронти собиқ лидери Лангари Лангариевнинг кичик укаси Суҳроб Лангариевни қўлга олиш амалиётида, расмий маълумотларга кўра, тинч аҳолидан 4 киши, норасмий маълумотларга кўра эса 8 киши қурбон бўлган. Яна 9 киши яраланган.
XS
SM
MD
LG