Линклар

Қирғизлар яна сувни сотиш масаласини кўтармоқда


2008 йил Марказий Осиё учун узоқ давом этадиган камсувлик жараёнининг бошланиши бўлди. Мутахассислар бу жараён кучли қурғоқчиликка ҳам сабаб бўлиши мумкинлигини билдирмоқда.

Мутахассислар фикрича, Қирғизистон ва Тожикистонда сув муаммоси кутилмайди. Бироқ бу икки давлат сув билан таъминлайдиган Ўзбекистон, Туркманистон ва Қозоғистонда суғориш мавсуми ҳозирданоқ таҳдид остида қолмоқда.

Қирғизистон камсувлик жараёнидан фойдаланган ҳолда узоқ йиллардан бери қўшнилари рад этиб келаётган таклифларини амалга тадбиқ этиш тадоригида. Бу давлат анча вақтдан буён қўшни давлатлар сув учун ҳақ тўлаши зарур, деган талабни кун тартибига қўйиб келади. Шу кунларда эса бу таклифни мустақил экспертлар ўртага ташламоқда.

“Қўшниларимиз ҳар йили Қирғизистондан анъанавий тарзда 7 миллиард куб метр сув талаб қилади. Уларни сувни қандай тўплаяпсан, бу сенга зиён келтирмаяптими, сув тўплаш учун қанча маблағ сарфлаяпсан, деган масалалар қизиқтирмайди. Чунки сув текин. Олдингдан оққан сувнинг эса қадри йўқ. Шунинг учун ҳам бу борада қўшнилардан ҳақ талаб қилиш масаласини қўймоқ керак”,- дейди Қирғизистон давлат ва жамоат арбоби Бозорбой Мамбетов.

Ўзбекистон ва Қозоғистон бундай талабга қаршидир. Расмий Тошкент фикрича, сув табиат неъмати бўлгани учун товар ёки давлатларга босим кўрсатиш воситаси сифатида қўлланилмаслиги керак. Бу гапни Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 2007 йилда Бишкекда бўлган йиғилишида президент Ислом Каримов яна бир бор такрорлаган эди.

Бироқ бишкеклик мутахассислар таъкидича, Ўзбекистон ва Қозоғистонни сув билан таъминлаш Қирғизистонга жуда қимматга тушади.

Қирғизистон Сув муаммолари институти раҳбари академик Дуйшен Маматхонов маълумотларига кўра, сув омборларини таъмирлаш, сув тўплаш харажатлари йилига 150 миллион доллар атрофидаги маблағни талаб қилади. Ўзбекистон эса Қирғизистондан олинган сув эвазига 800 миллон доллар атрофида фойда кўради. Шундай шароитда Тошкент ва Остона Қирғизистон кўраётган зарарни тўлаб бериши зарур.

Расмий Бишкек қўшни давлатларга ўз зарари ҳисобига сув беришдан кўра, уни электр энергиясига айлантириб сотишни маъқул кўрмоқда. Масалан, 2007 йил қишида 2 миллиард киловатт соат ортиқча электр энергияси ишлаб чиқарилиб, Ўзбекистон, Қозоғистон, Россия, Тожикистон ва Хитойга экспорт қилинган. Бу эса қиш фаслида 4 миллиард куб метр ортиқча сув сарфланишига сабаб бўлган.

Мутахассисларнинг айтишича, агарда минтақа давлатлари сув захираларидан ҳамкорликда фойдаланишнинг ўзаро манфаатли шартномасига эга бўлганида эди, 2008 йилдаги камсувлик жараёнининг олдини олиш имконияти пайдо бўларди.

Аммо Қирғизистон саноат ва сув хўжалиги вазири Сапарбек Балқибековнинг билдиришича, Ўзбекистон ўн йилдан бери сув борасида Қирғизистон билан бирорта шартномани имзоламаган ва бу жараёндан бош тортиб келган.

Мана шундай шароитда Бишкек Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон ҳукумати вакилларини бир неча бор сув масаласида ўтказилган музокараларга даъват этди. Ўзбекистон аввалига бу музокараларда иштирок этмади. Бироқ Бишкекнинг жорий йилда Ўзбекистонга мутлақо сув бермай қўйиши аниқ бўлиб қолгач, Тошкент расмийлари ҳам Бишкек йиғилишларида иштирок эта бошлади.

15 май куни ана шу музокаралар натижасида минтақага сув берилиши механизми маъқуллангани эълон қилинди. Бироқ бу механизм шу кунгача ўтган бир қанча йиғилишлар давомида ҳам тасдиқлангани тўғрисида маълумотлар йўқ. Айни пайтда минтақа давлатлари ҳукуматларининг сув масаласида келиша олмаётгани Ўзбекистон ва Қозоғистонда қурғоқчилик аломатлари бошланишига туртки бўлаётир. Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари олий комиссари Ҳавьер Солана март ойида Брюсселда ўтган саммитда бу муаммога тўхталар экан: “Марказий Осиёдаги сув танқислиги ҳудудий тўқнашувларга олиб келиши мумкин”, деб хавотир билдирган эди.

Қирғизистон ҳукумати Ўзбекистон ва Қозоғистонга сув бу йил эҳтиёжнинг 50 фоизи миқдорида берилишини маълум қилган эди. Рақамлар билан айтилса, расмий Бишкек бу йил минтақа давлатларига бор йўғи 3 миллиард куб метр сув беришини билдирган. Аввалари биргина Ўзбекистон эҳтиёжини қоплаш учун Қирғизистон ҳар йили 4,5 миллиард куб метр сув берар эди.
XS
SM
MD
LG