Линклар

logo-print

Қозоғистонда қийноқлар бор, аммо Ўзбекистондагидек эмас


Қозоғистон парламентининг юқори палатаси “Қийноқларга қарши конвенция факультатив баённомасини ратификация қилиш тўғрисида”ги қонунни қабул қилди.

Инсон ҳуқуқлари халқаро бюроси Олмаота ваколатхонаси раҳбари Евгений Жовтис Қозоғистонда қийноқлар нафақат қамоқхоналарда, балки полиция участкалари ва вақтинчалик тергов ҳисбхоналарида ҳам кенг қўлланиб келинаётганини таъкидлади, аммо Қозоғистон ҳибсхоналарида қийноқлар қўллаш қўшни Ўзбекистондаги каби оммавий тус олмаганини айтди.

“Қозоғистондаги ҳибсхоналарда қийноқлар қўллаш Ўзбекистон қамоқхоналарида бўлгани каби кенг ёйилмаган. Жиноятчиликка оид сиёсатни яхшилаш борасида қатор ишларни амалга оширганимиздан сўнг пенециар тизимимиз аввалгига нисбатан бироз тузалди. Албатта, у буткул яхшиланди, деб айта олмайман. Бироқ қамоқхоналарда қийноқлар оммавий равишда қўлланилишини ҳам кузатаётганимиз йўқ”,- деди Евгений Жовтис.

Ўзбекистондаги баъзи кузатувчилар эса мамлакат қамоқхоналарида қийноққа дучор бўлаётганлар орасида диний сабабларга кўра озодликдан маҳрум этилганлар кўпчиликни ташкил қилаётганини билдирмоқда. Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот ходимларининг диндор маҳбусларга нисбатан одам боласи чидаб бўлмайдиган қийноқлар қўллаши ҳақидаги гапларни “Ҳизб ут-таҳрир” партиясига аъзоликда айбланиб, узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинган ўзбекистонлик икки йигитнинг отаси ҳам тасдиқлайди.

“Кампир катта келин билан бирга Қорақалпоғистонга, Жаслиқ посёлкасидаги 71-зонага кетган. Иккинчи ўғил Тоштурмада. Шунчаки диндор. Мусулмонлар мусулмонча яшаши керак, деган даъватни қилган. Яширадиган жойи йўқ. Намоз ўқигани учун уйдан ушлаб олиб кетган. Кейин йўлда чўнтагига варақа солиб қўйган. Мана, 9 йил бўлди Дилшодга, Рустамга 8 йил бўлди. Бошида ҳаммаси қийналди. Қийноқларга солди-ку. ИИБга олиб борганида тепган жинсий аъзосига. Боши ёрилган эди. Дўхтирга олиб бориб бошини бойлатиб келган менга кўрсатмай. Нима бўлса ҳам дадаси кўрмасин, ёмон тўполон қилади у одам, деб. Менга кўрсатмай бошида бошини бойлаб қўйган экан катта ўғилнинг. Бошига урган, мияси чайқалган. Ўзбекистон мадҳиясини айтасан, деганда ўғлим рад қилгач, товонига дубинка билан урган, бошига противогаз кийдирган. Яна бошқа қийноқларга солган”,- дейди маҳбусларнинг отаси.

Ўзбекистонда озодликдан маҳрум қилинганларга нисбатан қийноқлар қўлланилаётганини расман тасдиқлатиш ўта мушкул иш. Шу боис, ҳозиргача расмийлар мамлакатда маҳбусларга нисбатан жисмоний ва руҳий қийноқлар қўлланилаётгани борасидаги кузатувчилар даъвосини буткул инкор қилиб келади. Аммо Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг маҳбусларга нисбатан ваҳшиёна муносабатда бўлаётганини айрим ички ишлар ходимларининг ўзлари ҳам тасдиқлашини айтади.

“Қийноққа солаётган қамоқхона ходимлари ҳам маҳбусларнинг айбини бўйнига қўйиш ва қийнаш юқорининг топшириғи билан бўлаётгани, агар топшириқни бажармаса, ишидан айрилишини гапиради”,- дейди С.Икромов.
XS
SM
MD
LG