Линклар

Яна бир ўзбек қочқини озод бўлди


Россияда ҳибсда сақланиб, деярли бир йил давомида экстрадиция хавфи остида яшаган ўзбек қочқини, Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз ва тақиқланган диний оқимларга алоқадорликда айбланган Муҳаммадсолиҳ Обутов озодликка чиқарилди.

Бу ҳақда “Озодлик”ка Россиядаги “Фуқаровий кўмак” ташкилотининг марказий осиёлик сиёсий қочқинлар билан ишлаш дастури раҳбари Елена Рябинина маълум қилди.

Унинг айтишича, М.Обутов аввалроқ озод қилиниши лозим эди. Чунки Москва вилояти суди унинг ҳибсда сақланиши ноқонуний экани ҳақида қарор чиқарган. Бунинг устига, 30 май куни Россия Бош прокуратураси М.Обутовни Ўзбекиистонга бериш қарорини бекор қилган. Эндиликда у қийноқ ва ўлим хавфи бўлган Ўзбекистонга экстрадиция қилинмайди.

Айни пайтда Муҳаммадсолиҳ Обутов озодликда. Лекин хавфсизлиги юзасидан унинг қаерда экани ошкор қилинмаяпти.

Елена Рябининанинг билдиришича, М.Обутов озодликка чиқарилган бўлса-да, унинг ҳаёти ҳануз хавф остида. Чунки Ўзбекистон ҳукумати уни қўлга олиш фикридан қайтмаган ва уни овлаш давом этаётир.

М.Обутов ҳибсда пайтида “Озодлик”ка берган интервьюсида агар уни Ўзбекистонга олиб кетишса, унга нисбатан қийноқлар қўлланилиши муқаррарлиги ҳақида гапирганди.

М.Обутов сўзларига кўра, ўтган йили уни Москвада Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари қўлга олган.

“Ўтган йилнинг 13 июнь куни Москвада Ўзбекистон МХХнинг тўрт ходими мени қўлга олиб, Москвадаги ҳибсхоналардан бирига қамаб қўйди. Улар мени ҳеч кимга билдирмай, жимгина Ўзбекистонга олиб кетишни ният қилганди. Лекин оила аъзоларимнинг шов-шув кўтаргани боис, уларнинг бу режаси амалга ошмади”,- деди М.Обутов.

Айни пайтда Ўзбекистонда М.Обутовга нисбатан жиноят иши очилган бўлиб, у Ўзбекистон конститутциявий тузумига тажовуз қилиш ва тақиқланган диний оқимга алоқадорликда айбланган. У 1996 йилда ҳам диний мотивлар бўйича айбланиб қамоқ жазосини ўтаб чиққан.

“1996 йилда мени ЖКнинг 3–4 та моддаси билан айблаб қамашган эди. Масжид қуриб имомлик қилаётган пайтимда маҳаллий прокуратура ва милиция ходимлари мени ваҳҳобийликда айблади. Ваҳҳобийлик ва турли диний оқимлар ҳақидаги айбловларнинг барчаси туҳмат. Ўзбекистонда мен каби барча диндорларга нисбатан шу каби салбий муносабат шаклланган”,- дейди М.Обутов.

БМТнинг қочқинлар идораси М.Обутовни сиёсий қочқин, дея эътироф этган ва уни халқаро ҳимояга муҳтож, деб топган.

Шу ўринда 28 май куни Россия Олий суди ўзбекистонлик бошқа бир қочқин Дилшод Қурбоновни ҳибсдан озод қилиш ва уни Ўзбекистонга экстрадиция қилмаслик ҳақида қарор чиқарганини эслатиш даркор.

Айрим таҳлилчилар Россияда ўзбек қочқинларига нисбатан бу каби ижобий ҳолатларнинг кузатилишини Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги ўзаро муносабатлар совуқлашаётгани билан изоҳламоқда. Баъзи кузатувчилар эса айни ҳолатлар Европа судининг “Иваново ўзбеклари”, яъни 13 нафар ўзбек қочқинига нисбатан қабул қилган ижобий қарори ва Россия ҳукуматига катта миқдорда товон пули юклатилгани билан боғлиқ эканини таъкидлаётир.
XS
SM
MD
LG