Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 02:37

ЕХҲТ раиси Тошкентга келади


Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти раиси, Финляндия ташқи ишлар вазири Александр Стабб Марказий Осиё давлатларига сафарини Тожикистондан бошлади.

3 июнь куни кечқурун Александр Стаббнинг Ўзбекистонга бориши, 4 июнь куни Тошкентда Ўзбекистон раҳбарлари билан музокара ўтказиши режалаштирилган.

ЕХҲТ матбуот котиби Соня Йи А.Стабб 3 июнь куни Душанбеда Тожикистон раҳбари ва ҳукуматнинг бошқа юқори лавозимли раҳбарлари билан учрашувлар ўтказганини билдирди.

ЕХҲТ раисининг Тожикистон раҳбарлари билан сўзлашувлари чоғида қандай масалалар муҳокама қилингани ҳақида “Озодлик” гапирган Соня Йи: “ЕХҲТнинг Душанбедаги маркази масаласи, шунингдек, энг катта масалалардан ЕХҲТнинг чегара бошқарувига оид лойиҳаси қандай бажарилаётгани муҳокама қилинди. ЕХҲТ ташқи ишлар вазирлари Афғонистонда ташкилот фаолиятини кенгайтиришга қарор қилган. Буни амалга оширишда Тожикистон муҳим рол ўйнаши мумкин”, – деди.

Соня Йи Александр Стабб 4 июнь куни Тошкентда президент Ислом Каримовдан ташқари парламентнинг қуйи палатаси спикери, ташқи ишлар вазири, шунингдек, фуқаровий жамият вакиллари билан мулоқотда бўлишни режалаштирганини маълум қилди.

Соня Йи ЕХҲТ раисининг Ўзбекистон раҳбарлари билан учрашуви чоғида ЕХҲТга аъзо давлатлар ўз зиммасига олган мажбуриятларни қандай бажараётгани, инсон ҳуқуқлари, муҳим масалалардан чегара хавфсизлиги, атроф-муҳит хавфсизлиги, минтақавий ҳамкорлик ҳамда минтақада барқарорликни мустаҳкамлаш каби масалалар муҳокама этилиши кутилаётганини таъкидлади.

Бундан ташқари, А.Стаббнинг Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистонга ташрифи чоғида Афғонистон масаласи ҳам муҳокама қилинади.

ЕХҲТ Ўзбекистондаги ташкилотлар билан ҳамкорликда камида 15 та лойиҳани амалга оширмоқда. Улар орасида чегара хавфсизлиги, атроф-муҳит, одам савдосига қарши кураш каби лойиҳалар ҳам бор.
XS
SM
MD
LG