Линклар

logo-print

Рим саммитида озиқ-овқат масалалари муҳокама қилинмоқда

  • Ҳасанжон

Глобал озиқ-овқат бўҳронини бартараф этиш масаласига бағишлаб Римда ўтаётган саммит қатнашчилари қисқа муддат давомида камбағал давлатларга озиқ-овқат ёрдами кўрсатиш, узоқ муддатда эса дунё бўйича озиқ-овқат ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш учун қишлоқ хўжалиги соҳасини қўллаб-қувватлашга қарор қилди.

Саммитдан мақсад глобал миқёсда кун сайин ошиб бораётган озиқ-овқат нархини жиловлаш хусусида келишувга эришишдан иборатдир. Эслатиб ўтиш лозимки, сўнгги ҳафталар давомида, масалан, буғдой нархи 2005-2007 йилларга нисбатан икки баробар қимматлашди. Охирги икки ой давомида гуруч нархи Осиё ва Африканинг айрим давлатларида икки баробар кўтарилди. Озиқ-овқат нархларининг кескин ошгани Миср, Гаити ва бошқа қатор давлатларда исён кўтарилиб, бир неча одам ўлимига сабаб бўлди.

Вазият янада мураккаблашиши олдини олиш мақсадида БМТ Римда дунё раҳбарлари саммити ўтказмоқда. Йиғилиш қатнашчилари озиқ-овқат нархини жиловлаш учун зудлик билан чоралар кўриш кераклигини таъкидламоқда.

Римда журналистлар билан учрашган БМТ бош котиби Пан Ги Мун вазиятни ўнглаш учун озиқ-овқат ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш кераклигини билдирди.

“2030 йилга бориб дунё бўйича озиқ-овқат ишлаб чиқариш ҳажмини ҳозиргига нисбатан 50 фоиз кўпайтиришимиз керак. Шуни назарда тутган ҳолда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалги ташкилоти, Қишлоқ хўжалиги тараққиёти халқаро жамғармаси ва Жаҳон банки 10 та давлатда шу мақсадга йўналтирилган лойиҳаларни қўллаб-қувватламоқда. Келаси уч ой ичида яна 20 та давлатда шундай режалар амалга оширилишида ёрдам бериш кўзда тутилган”, – деди БМТ бош котиби.

150 давлат расмийлари қатнашаётган саммитда БМТ муҳим таклифларни ўртага қўйди. Улардан бири очарчилик юзага келган давлатларга дарҳол озиқ-овқат ёрдами кўрсатишдир. Иккинчи таклиф, ривожланаётган давлатларда кичик фермерларга уруғлик ва ўғитлар билан ёрдам кўрсатиш баробарида ҳосилни кўпайтириш бўйича илмий тадқиқотлар олиб боришдир.

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти раҳбари Жак Диуф фикрича, озиқ-овқат нархларини пасайтириш йўлидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун йилига 30 миллиард доллар сарфлаш керак бўлади. Агар озиқ-овқат бўҳронига қарши чора кўрилмаса, иқтисоди мустаҳкам бўлмаган давлатларда беқарор вазият юзага келиши мумкин.

“Яқинда турли давлатларда исёнлар кўтарилиб, бир неча одам ҳаётига зомин бўлган озиқ-овқат бўҳронига қарши чоралар кўришимиз лозим. Айни пайтда бу бўҳрон дунёдаги тинчлик ва барқарорликка хавф солиши мумкин”, – деди БМТ расмийси.

Жаҳон банки президенти Роберт Зоеллик 3 июнь кунги чиқишида савдо учун белгиланган чекловлар камбағал давлатларга салбий таъсир этаётганини айтиб, уни бекор қилишга чақирди. Бироқ бой давлатлар агар савдо учун белгиланган чекловлар олиб ташланса, ўз фуқаролари ишсиз қолишидан хавотирланиб, таклифни рад қилмоқда.

Саммитда сўзга чиққан бошқалар озиқ-овқат экинларидан биологик ёнилғи ишлаб ичқариш мақсадида фойдаланилаётганини танқид қилди. Миср президенти Ҳусний Муборак дунё давлатлари қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилидан одамлар учун ёнилғи эмас балки озиқ-овқат ишлаб чиқариш учун стандартлар белгилашни таклиф қилди.

Глобал озиқ-овқат бўҳронини бартараф этиш масаласига бағишланган Рим саммити 4 июнь куни тугайди.
XS
SM
MD
LG