Линклар

logo-print

Чингиз Айтматов оғир аҳволда ётибди

  • Абдулла Искандар

http://tbn0.google.com/images?q=tbn:Iri096PlKHsc0M:http://www.echo.msk.ru/images/s294_3.jpg Германиянинг Нюрнберг шаҳридаги шифохонада даволанаëтган таниқли қирғиз ëзувчиси Чингиз Айтматовнинг саломатлиги оғирлигича қолмоқда. Бу ҳақда Қирғизистоннинг Германиядаги элчихонаси маълум қилди.

Элчихонанинг Нюрнбергдаги клиника врачларига таянган ҳолда билдиришича, ёзувчи сунъий нафас олиш аппаратига уланган.

Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Мадамин Қоратоев ëзувчининг аҳволи ўзгаришсиз қолаётгани, у ҳунуз врачлар назорати остида эканини айтди.

Татаристондаги туғишганларини зиëрат қилишга ва “Асрларга татигулик кун” асари асосида фильм суратга олаëтган гуруҳ билан Қозон шаҳрига борган ëзувчи бирдан қаттиқ касал бўлиб қолган, зудликда Германиядаги шифохонага етказилганди.

Бу пайтга келиб Чингиз Айтматовнинг бутун дунëдаги мухлислари унинг тезроқ соғайиб кетишини тилаб китобларини мутолаа қила бошлади.

Қирғизистонлик мунаққид Абдуллажон Аҳмадалиев ëзувчининг дунë адабиëтига қўшган ҳиссаси ҳақида гапириб: “Чингиз Айтматов дунë салмоғидаги ëзувчи. У ëзган асарлар 170 тилга таржима қилиниб, 40 миллион нусхада чоп қилинган”,- деди.

Адабиётшунос олим Ботир Норбоев эса Ч.Айтматовнинг деярли барча асарлари ўзбек тилига таржима қилинганини билдирди.

Айни пайтда Ўзбекистон телевидениесидаги манбанинг айтишича, ўзбек матбуотида Ч.Айтматов номи у ëки бу шаклда зикр қилинишига қарши кўрсатма берилган.

Адабиëтшунос Ботир Норбоев назарида бу ëмон бир ишорат.

“Ўзбек халқи учун уят бир ҳодиса бўлибди. Чингиз Айтматов нафақат қирғизларнинг, балки ўзбек адабиëтининг ҳам вакили ҳисобланади. Номини тилга олмаслик, деган гап мен учун маънавий жиҳатдан биз тубанмиз, деган маънога олиб келади. Мен шундай маъно уқдим. Чингиз Айтматов юксакда турибди, биз унинг номини тилга олишга арзимаймиз, деган маънода бўлса керак. У буюк ëзувчи бўлса, буни устига ҳозир оғир аҳволда ëтган бўлса”,- деди Ботир Норбоев.

Балки улар параллеллардан қўрқаëтгандир? Чунки Чингиз Айтматов асарларида “манқурт” атамаси ишлатилган. Оқсаройда ишлаëтган кўплаб ëзувчилар балки шу параллеллардан даҳшатга тушгандир?

“Параллеллардан даҳшатга тушишнинг ўзи ҳам манқуртизмнинг Ўзбекистонда кенг томир ëйишига йўл очиб бераëтганлар борлигини кўрсатади. Бу жуда ҳам ëмон аломат”,- деди Ботир Норбоев.

Улуғ адиб Чингиз Айтматов 1991 йилдан 2008 йилгача Қирғизистоннинг Бельгия, Нидерландия, Люксембург ва Франциядаги элчиси лавозимларида ишлаб келган. Шу йилнинг 16 май кунидан бери бетоб ëтибди.
XS
SM
MD
LG