Линклар

Фарзандфуруш ўзбек аёли устидан суд давом этаётир


Россиянинг Екатеринбург шаҳрида ўз боласини сотишга ҳаракат қилган ўзбек аёли Хадича Парпиева устидан суд жараёни давом этмоқда. У жорий йилнинг февраль ойида тўрт ойлик гўдагини 20 минг рублга сотаётган пайтда қўлга олинган эди.

44 ёшли Хадича Парпиева билан биргаликда унинг синглиси ҳам жиноятга шерик сифатида ҳибсга олинган. Суд жараёни ўтган ҳафта бошланиб, суд мажлисига гувоҳлар келмагани сабабли унинг навбатдаги йиғилиши кечиктирилган эди.

Екатеринбург шаҳрининг Железнодоржний тумани жиноят ишлари суди раиси ўринбосари Анастасия Беликова “Озодлик” билан суҳбатда 4 июнь куни суд йиғилиши давом эттирилгани, аммо жараён тугамагани сабабли батафсил маълумот бера олмаслигини билдирди.

Хадича Парпиева ва синглиси Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 127-моддаси биринчи бандининг иккинчи қисми бўйича, яъни одам савдоси билан шуғулланганлик ҳамда вояга етмаган боладан эксплуатация мақсадида фойдаланганликда айбланмоқда.

Хадича Парпиеванинг ўзи ҳибсга олингач, Россия телеканалларидан бирининг мухбири билан суҳбатда пулга муҳтож бўлгани учун боласини сотмоқчи бўлгани ҳақида гапирганди.

Айни пайтда фарзандфуруш, дея қораланаётган Х.Парпиева Ўзбекистон мактабларидан бирида ўқитувчи бўлиб ишлаган. Собиқ ўқитувчи аёл иқтисодий муҳтожлик боис Екатеринбургга иш излаб борган ва ўша ерда фарзанд кўрган.

Россия бозорларидан бирида ишлаётган водийлик аёл кейинги пайтда Хадича Парпиева сингари Россияга бориб, муҳтожлик орқасидан ўз боласини пуллаётган ўзбек аёллари учраб туриши ҳақида гапиради.

“Ўз боласини сотган ўзбек аёли билан учрашиб гаплашганман. Боласини боқа олмайман, деб сотган. Эри ҳеч қаерда ишламас экан. Учта боласи бор экан. “Боқа олмайман барибир, ҳозир ҳам учта боламга нон етказа олмаяпман, тўртинчисини қанақа қилиб боқаман?! Уни ҳам қийнагандан кўра, фарзандга зор бирорта оилага берганим яхши”, деган. Боласини 7000 рублга сотиб, шу пулга Ўзбекистонга қайтиб кетган”,- дейди водийлик аёл.

Россиядаги “Фуқаровий кўмак” ташкилоти вакили Баҳром Ҳамроев бу каби салбий ҳолатларнинг кўпайишида Ўзбекистон ҳукуматини айблайди.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистонда ишлаб оила тебратишнинг имкони бўлганда одамлар четга чиқиб муҳтожлик ва хорликда кун кечирмаган бўларди.

Бир пайтлари ўнлаб болаларга таълим-тарбия берган собиқ ўқитувчи аёл Хадича Парпиеванинг айби тасдиқланса, у ўн йилгача муддатга қамоқ жазосига маҳкум қилиниши мумкин.
XS
SM
MD
LG