Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:54

Ҳукумат озиқ-овқат бўҳрони олдини олишга киришди


Қирғизистон ҳукумати мамлакатда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи шу йил бошидан бери 36 фоиз қимматлагани ҳақида маълумот тарқатди. Расмий ахборотга кўра, нарх ўсиши куз фаслигача давом этади.

Шундан келиб чиқиб, қирғиз ҳукумати инфляциянинг олдини олиш мақсадида нарх-наволарни музлатиш, солиқларни камайтириш чораларини кўра бошлади. Қирғизистон Миллий банки эса октябрь ойигача ўзгармас ва ягона доллар курсини эълон қилди.

Қирғизистон ҳукуматининг билдиришича, озиқ-овқат нархларининг кўтарилиб кетиши, инфляция даражасининг юқорилаши мамлакатнинг барқарор иқтисодий ривожланишини кескин пасайтириб юборди.

“Баҳолар нега кўтариляпти, деган таҳлил ўтказдик. Маълум бўлишича, бу қишлоқ аҳолисининг шаҳарларга кетиб қолаётгани билан боғлиқ. Қишлоқ хўжалигида ишлаётганлар сони бугунги кунда жуда озчиликни ташкил этмоқда. Бу эса ўз-ўзидан озиқ-овқат ва буғдой танқислигини келтириб чиқармоқда”,- деди қирғиз ҳукумати расмийси Учқун Тошбоев.

Мана шундай шароитда юз бераётган иқтисодий тарангликнинг олдини олиш мақсадида расмий Бишкек бир қатор чораларни кўра бошлади. Ҳукумат, энг аввало, солиқларни камайтириш сиёсатини таклиф этмоқда ва бу борада янги қонун лойиҳасини парламентга тақдим этди. Қонун лойиҳасида айрим озиқ-овқат маҳсулотларидан 20 фоизли қўшимча даромад солиғи олиб ташланиши, солиқлар сони ва миқдори камайиши назарда тутилган. Бундан ташқари, қирғиз парламенти “Озиқ овқат хавфсизлиги тўғрисида”ги қонунни ҳам муҳокама қилмоқда. Бу қонунда қирғиз ҳукумати 5,5 миллион аҳолининг 2 миллионини очликдан сақлаб қолишни кафолатлайди. Ҳукумат қолган 3,5 миллион аҳоли ўртаҳол ва бойлар табақаси ҳисоблангани учун ўзини ўзи озиқ-овқат билан таъминлаши шартлигини билдирмоқда.

“Эски социалистик фикрлаш тарзи ўзгарса, бу қонунлар юз фоиз ҳаётга тадбиқ этилади. Бугунги кунда қашшоқлар ҳам ҳукуматдан нон кутмаслиги зарур. Ҳукуматнинг вазифаси уларнинг пул топишига, бойишига имконият яратиб беришдир”,- деди Учқун Тошбоев.

Айни пайтда мустақил кузатувчилар Қирғизистон ҳукумати ва парламенти иқтисодий чоралар кўришга кечикиб қолаётганини эътироф этмоқда. Масалан, солиқларни камайтириш масаласи фақат озиқ-овқат нархи 36 фоиз кўтарилганидан сўнггина амалга оширилмоқда.

Қирғизистонлик сиёсатчи Темир Сариев сўзларига кўра, ҳукумат бу чораларни аввалданоқ кўрганида эди, озиқ-овқат нархларининг кескин кўтарилиши содир бўлмас эди.

“Мамлакатдаги иқтисодий вазиятни хориждаги меҳнат мигрантлари жўнатган маблағ ҳисобига мўътадиллаштириб турибмиз. Мен, албатта, вазият ўта ёмон, деб айта олмайман. Лекин қийинчиликлар кўп. Агар ҳукумат бу чораларни йил бошида кўрганида эди, инфляция даражаси бугунгидаги каби 15 фоизга етмаган бўлар эди”,- деди Темир Сариев.

Шу билан бирга, қирғиз ҳукуматининг чоралари мамлакатни озиқ-овқат бўҳронидан сақлаб қола олмайди, деган хавотирлар ҳам мавжуд. Бундай фикрловчилар қишлоқ аҳолисининг шаҳарларга ва чет элларга ишлаш учун кўчиб кетаётгани туфайли ерга ишлов берилмай қолаётганини айтади. Натижада бугунги кунга келиб, расмий маълумотларга кўра, Қирғизистон озиқ-овқат маҳсулотларининг 30 фоизини қўшни давлатлардан сотиб олишга мажбур бўлмоқда. Бундан бир неча йил олдин эса Қирғизистон ўзини ғалла билан таъминлар ва айрим қўшни давлатларга экспорт ҳам қилар эди.
XS
SM
MD
LG