Линклар

Қозоғистонга меҳнат муҳожирлари оқими камаймаяпти


Сўнгги пайтларда Қозоғистонда кузатилаётган молиявий инқироз ҳам мамлакатга қўшни давлатлардан тирикчилик мақсадида келаётган легал ва нолегал меҳнат муҳожирлари оқими кўпайишига тўсқинлик қилаётгани йўқ.

Мигрантлар сони ошиши баробарида уларнинг аксар ҳолларда маҳаллий иш берувчилар томонидан алданиб қолиш ва қул сифатида ишлатилиш ҳолатлари ҳам учрамоқда.

Куни-кеча ҳам Қозоғистоннинг Қустанай шаҳрида одам савдоси билан боғлиқ воқеа ҳақида хабар тарқатилди.

Қустанай шаҳри ички ишлар департаменти матбуот котиби Елена Кашеринанинг “Озодлик”ка айтишича, Ўзбекистон ва Тожикистоннинг 15 фуқароси шу йил апрель ойида алдов йўли билан Қустанайга олиб келинган. Отровлик тадбиркор уларни гўшт комбинатига ишга жойлаштириб қўйишни ваъда қилган. Улар бир ой давомида гўшт тайёрлаш ва қайта ишлаш билан шуғулланган. Бироқ тадбиркор бу иш учун ҳақ бермагангина эмас, озодликка чиқиши учун уларнинг ҳар биридан 300 АҚШ долларидан пул талаб қилган. Жабрланувчиларнинг қариндоши уларни озод қилиш учун пул қидира бошлаган ва шу орада полицияга мурожаат қилган. Ўзбекистонлик ва тожикистонликларни алдаган тадбиркор пулни олаётган пайтда қўлга олинган.

Бундан аввал ҳам ўзбекистонликларнинг маҳаллий иш берувчилар томонидан қулликда сақлангани кўп марта кузатилганди. Ўтган йили Оқтўба шаҳрида 20дан зиёд ўзбекистонликнинг маҳаллий иш берувчи томонидан мажбуран тутиб турилгани ва уларга ваҳшийларча муносабат бўлингани ёки Усть-Каменогорск шаҳрига ошпазлик билан шуғулланиш учун таклиф этилган ёши кекса икки аёлнинг кейинчалик фоҳишаликка жалб қилиниши жамоатчилик орасида катта шов-шувга сабаб бўлганди.

Бироқ ҳатто шу каби воқеалар ҳам ўзбек меҳнат муҳожирларининг қўшни давлатга келиш иштиёқини сўндира олмаяпти.

“Инқироз” маркази раҳбари Наталья Усачёва Қозоғистонда қуллик ва одам савдоси каби ҳолатлар ҳозиргача давом этаётганига муайян сабаблар борлигини билдирди.

“Одам савдоси ва қуллик муаммоси ҳал этилмаслигига ҳуқуқ-тартибот идоралари амалдорларининг бу масалага бефарқлиги ёки уларнинг бу иш билан шуғулланаётганлар билан бевосита боғлиқлиги сабабдир”,- деди Н.Усачёва.
XS
SM
MD
LG