Линклар

Ҳиллари хоним мағлубиятини тан олди

  • Ҳасанжон

Ҳиллари Клинтон АҚШ президенти сайловида Демократик партия номзоди бўлиш йўлидаги уринишини тўхтатди. Қарийб беш ой давом этган кампания сўнггида сенатор Барак Обама бу имкониятни қўлга киритди.

Демократик партия аъзоларининг аксари бу дамларни анча вақтдан бери кутишган эди. Бироқ сенатор Ҳ.Клинтон Демократик партия номзоди бўлиш учун охири дақиқагача муросасиз курашди. Бироқ унинг сиёсий рақиби сенатор Барак Обама Демократик партиядан президентликка номзод бўлиш учун зарур 2118 тадан кўп делегат овозини олишга муваффақ бўлди. Бу эса Клинтон хонимни курашни тўхтатишга мажбур қилди.

Пайшанба куни Ҳ.Клинтон эълон қилган баёнотда 7 июнь куни йиғилиш ўтказиб, ўз тарафдорларига миннатдорлик билдириши ва Б.Обамани партия номзодлигини қўлга киритгани билан табрикламоқчи экани айтилган.

Ҳ.Клинтон номзодларни саралаш жараёнида курашни кучайтирган сари одамлар Б.Обама шахсиятини яхшироқ таний бошлади. Иллинойс штатидан Сенат аъзоси бўлган Барак Обама кўпчиликни, жумладан, аввал сайловда қатнашмаган фуқароларни ўзига жалб қила бошлади.

Ўз тарафдорлари олдида қилган чиқишларидан бирида Б.Обама: “Агар эртага ҳам сиз мен билан бирга бўлсангиз, агар эртага мен учун овоз берсангиз, биз бирга нафақат партия номзодлигини қўлга киритамиз ва сайловда ғолиб чиқамиз, балки сиз ва мен бирга бу мамлакатни ўзгартирамиз!Биз дунёни ўзгартирамиз”,– дея баёнот берган эди .

Бундай чиқишлардан кейин Б.Обаманинг кампанияси учун пул оқиб кела бошлади. Ҳ.Клинтоннинг маблағи камая бошлади. Шунга қарамай, Ҳ.Клинтон “суперделегатлар” уни қўллаб-қувватлашига умид қилиб келди. Бироқ улар ҳам Б.Обамани танлади.

Аксар кузатувчилар Ҳ.Клинтоннинг қаттиқ қаршилик кўрсатгани келаси гал бошқа аёлнинг сайлов кампаниясида қатнашишига халал бермайди, деган фикрда.

Ҳ.Клинтон АҚШ тарихида из қолдирди. Сиёсатда рақиблик ва иттифоқчилик бир кечада ўзгариши мумкин. Сўнгги ойлар давомида Б.Обама учун ашаддий сиёсий рақиб бўлиб келган Ҳ.Клинтон 7 июнь куни ўзини унинг тарафдори, деб эълон қилиши кутилмоқда. Бу эса АҚШ янги маъмуриятидаги вице президент ва бошқа муҳим лавозимларга одамларни тайинлаш жараёни бошланаётганидан дарак беради.
XS
SM
MD
LG