Линклар

Медведевнинг МДҲ саммитидаги дебюти оғир келади

  • Ҳасанжон

МДҲ раҳбарларининг 6-7 июнь кунлари Санкт-Петербургда ўтадиган иқтисодий форумида Дмитрий Медведевнинг Грузия, Украина ва Туркманистон раҳбарлари билан оғир музокаралар ўтказиши кутилмоқда.

МДҲ раҳбарлари билан қатор учрашувларда Россия президенти ўз мамлакатининг ташқи сиёсати ўзгаришсиз қолиши, яъни МДҲ аъзолари билан дўстона алоқаларни сақлаб қолишга ҳаракат қилишини таъкидлаган.

Бироқ Европа Иттифоқи ва НАТОга аъзо бўлишга интилиб келаётган Украина ва Грузия масаласида Д.Медведев мураккаб вазиятга дуч келмоқда. Д.Медведевнинг Украина президенти Виктор Юшченко ва Грузия раҳбари Михаил Саакашвили билан учрашувлари вазиятни ўзгартирмаслиги айтилмоқда.

“Украина ва Грузия масаласига ёндашувда жуда катта фарқ мавжуд. Мен жиддий ён босиш бўлади, деб ўйламайман. Бу норасмий учрашув бўлгани учун унда аҳамиятга молик қарорлар қабул қилиниши ёки олдинга силжиш бўлиши режалаштирилмаган”, – дейди “Россия дунё сиёсатида” журнали муҳаррири Фёдор Лукянов.

Собиқ президент Владимир Путиннинг яқин иттифоқиси бўлиб келган Д.Медведев Грузия ва Украиана масаласида Россиянинг позицияси ўзгармаслигини айтган.

Қароргоҳи Вашингтонда жойлашган “Ҳеритаж” жамғармасининг Москвадаги бўлими раҳбари Евгений Волк мамлакатлар ўртасидаги муносабатларда жиддий ўзгариш бўлмайди, деган фикрга қўшилади.

“Мен шахсан Д.Медведевнинг уриниши муваффақиятли бўлади, деб ўйламайман. Чунки Грузия ва Украина раҳбарлари аллақачон қарор қабул қилиб бўлган. Амалда улар НАТО ва ЕИга қўшилиш йўлида ҳаракат қиляпти”, – дейди Е.Волк.

Ахборот агентликлари хабарига кўра, Санкт-Петербург шаҳридаги йиғилишда Россия президенти Дмитрий Медведев ва Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ўртасида биринчи расмий учрашув бўлади. Музокара чоғида икки томонлама иқтисодий алоқалар, шунингдек, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларига қўйилган чекловнинг бекор қилиниши кутилмоқда.

Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Фарит Муҳаметшин Россия-Ўзбекистон президентлари учрашувини икки давлат ўртасидаги иттифоқчилик муносабатларининг мустаҳкамланиши, деб атаган.

Туркман газини Россия орқали хорижга экспорт қилинишига эришиш учун Санкт-Петербург шаҳридаги учрашувда Д.Медведев Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов билан дўстона муносабат ўрнатишга ҳаракат қилиши айтилмоқда.

“Россия учун бу минтақада қазиб чиқариладиган барча энергия ресурслари, хоҳ у газ ёки нефть бўлсин, Европа ёки дунёнинг бошқа қисмига Россияни четлаб ўтувчи Кавказ йўли орқали эмас, балки айнан Россия ҳудуди орқали экспорт қилиниши жуда муҳим”, – дейди Евгений Волк.
XS
SM
MD
LG