Линклар

Давлат департаменти Ўзбекистонда кичик силжишни кўрди

  • Алишер Сиддиқ

http://tbn0.google.com/images?q=tbn:Cds0yG48S6YZiM:http://upload.wikimedia.org/wikipedia/commons/thumb/1/1e/Department_of_state.svg/600px-Department_of_state.svg.png АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни одам савдосига қарши мутлақо чора кўрмаётган давлатлар тоифасидан олиб ташлади. АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси эса бу борадаги силжишларни олқишлади.

Давлат департаментининг 4 июнь куни эълон қилинган одам савдосига оид навбатдаги йиллик ҳисоботида Ўзбекистон одам савдосига қарши кураш бўйича минимал талабларни бажариш учун чора кўраётган давлатлар тоифасига киритилган.

“Одам савдосига қарши кураш Буш маъмурияти учун устивор масаладир,- деди ҳисоботни тақдим этган АҚШ давлат котиби Кондолиза Райс. - Бу йилги ҳисобот ҳар қачондан кўра кўпроқ - 170 давлатни қамраб олиб, Конгресс талаби асосида жинсий мақсадлардаги одам савдосидан ташқари қуллик меҳнати билан боғлиқ вазиятни ҳам текшириб кўрди”.

Ҳисоботда Ўзбекистон жинсий эксплуатация қилиш мақсадида аёллар ва ўсмир қизларни Қозоғистондан тортиб Бирлашган Араб Амирликлари-ю, Коста-Рикагача етказиб берувчи давлат сифатида таърифланади.

“Ўзбекистон эркаклари Қозоғистон ва Россияда қурилиш ҳамда пахта ва тамаки етиштириш ишларига мажбурланса, ўз мамлакатида мактаб болалари ҳар йили пахта йиғим-теримига жалб қилинади”,– дейилади ҳисоботда.

Давлат департаменти эътирофича, Ўзбекистон ҳукуматининг одам савдосини таг-томири билан йўқ қилиш саъй-ҳаракатлари минимал талабларга тўлиқ жавоб бермайди. Бироқ бу талабларни бажариш учун жиддий қадамлар ташланмоқда.

АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси ҳозирча айнан шу қадамларни олқишламоқда. Элчихонанинг жамоатчилик масалалари бўйича мутасаддиси Кэрол Фаҳардо Ўзбекистоннинг одам савдоси масаласида ҳеч қандай чора кўрмайдиган давлатлар тоифасидан олиб ташланганини “яхши хабар”, деб атади.

“Бу йил Ўзбекистон ҳукумати одам савдосига қарши кураш бўйича конкрет қадамларни қўйди. Биз бу қадамларни эътироф этишга имконият топдик. Ўзбекистон одам савдосига қарши кураш ва олдини олишга қаратилган қонунчилик соҳасида ҳамда траффик қурбонларига ёрдам кўрсатиш борасида олға қадам ташлади ва мен бу прогрессни қайд этиш имкони туғилганидан мамнунман”,- деди Кэрол Фаҳардо.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот котиби Светлана Ортиқова мамлакатда одам савдосига қарши кескин кураш қонунчилик билан тобора мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади.

“Ўзбекистон одам савдосига қарши халқаро конвенцияни ратификация қилди. Ўзбекистон фуқароларини ҳимоялаш учун парламент томонидан “Одам савдосига қарши кураш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Ушбу қонунда одам савдосининг олдини олиш, уни аниқлаш, унга чек қўйиш ва оқибатларини минималлашириш ҳамда жабрланганларга ёрдам кўрсатиш назарда тутилган. Шунингдек, одам савдоси билан шуғулланганларга жазо чораларини кучайтиришни назарда тутган яна бир қонун парламент муҳокамасига юборилган”,- деди Светлана Ортиқова.

Ўзбекистонда одам савдосига қарши кўрилаётган чоралар қаторида мамлакат оммавий ахборот воситалари томонидан аёллар жинсий эксплуатациясига оид тайёрланган юзлаб мақолалар ва телевизион лавҳалар ҳам бор. Бироқ АҚШ Давлат департаментининг ҳисоботи ушбу лавҳаларда мажбурий меҳнатга ёллаш мақсадида амалга оширилаётган траффик борасида деярли ҳеч нарса айтилмаганини қайд этади. Айни пайтда на Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари, на АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистон нима сабабли одам траффиги манбаига айланганига эътибор қаратади.

Лондондаги Шарқшунослик ва Африка тадқиқотлари маркази таҳлилчиси Алишер Илҳомов фикрича, шу боис, одам савдосига қарши кўрилаётган бугунги чоралар юзаки бўлиб қолаверади.

“Бугун кўрилаётган чоралар анча юзаки характерга эга. Траффикнинг асосий сабаби эътибордан четда қолмоқда. Траффик қурбонларига айланаётган одамлар кўпайиб кетаётгани Ўзбекистон аҳолисининг турмуш даражаси ёмонлашиб бораётгани билан боғлиқ. Бу эса бевосита ҳукуматнинг иқтисодий йўналишига бориб тақалади”,- дейди Алишер Илҳомов.
XS
SM
MD
LG