Линклар

logo-print

Ўзбекнинг боласи дам оладими?

  • Озодлик

“Э, қизиқ одам экансиз, - дейди ўзбекистонлик ҳар қандай одам бу саволни эшитгач, - ўзбекнинг боласининг қиладиган бошқа иши йўқми дам олишдан? Ўзбекнинг боласи пахта чопади, мол боқади, қишга ўтин теради”.

Бу оддий ва аччиқ гаплар. Буни ҳар бир ўзбекистонлик яхши билади. Лекин шу ўринда бунга қарши гап айтадиганлар ҳам бор. “Ўзбекистонда болалар дам олиш оромгоҳлари бор-ку”, дейди бундай одамлар. Бор, буни ҳеч ким инкор эта олмайди. Улар ишлаб ҳам турибди. Лекин у ерга ҳамма бола ҳам бора олмайди-да, ҳамманинг ҳам қурби бу нархларга етмайди-да! Гап ана шунда!

Кузатувчиларнинг айтишича, ўзбекистонлик болаларнинг 95 фоизида ёзги таътилда дам олиш, деган нарсанинг ўзи йўқ. Ота-оналарнинг айтишича, энг оддий кундалик эҳтиёжларга маблағни зўрга етказаётган кўплаб ўзбек оилалари болаларини лагерь ёки дам олиш масканига юборишни хаёлига ҳам келтира олмайди. Болаларини бундай жойларга кўпроқ амалдорлар, бой тижоратчилар ёки фарзандлари бир ё иккитагина бўлган европалашган оилаларгина юбора олади.

“Давлат идораларида ишлайдиган баъзи ота-оналарга касаба уюшмалари томонидан болалар оромгоҳларига йўлланмалар чегирмалар асосида таклиф қилинади, бироқ шундай бўлса-да, бундай йўлланмалар кўп болали оилалар учун қўл етмас бўлиб қолмоқда. Чунки шу чегирмали нархлар ҳам бугунги ўзбек оиласига тўғри келмайди”,- дейди тошкентлик Абдураҳмон Очилов.

Тошкент шаҳри касаба уюшмалари бирлашмаси вакилининг сўзларига кўра, ҳозир мактаб ёшидаги болаларнинг дам олиш масканлари, лагер ва соғломлаштириш марказларида дам олиши учун йўлланмалар нархи бир бола учун суткасига 9 минг сўмдан 20 минг сўмгача туради.

“Ахир икки ҳафталик йўлланма учун тўланадиган 100-200 минг сўмга бир ўзбек оиласи болаларига янги ўқув йили учун кийим-кечак ва ўқув қуроллари сотиб олади. “Кел, қўй болам, худо хоҳласа ҳали катта курортларга борасан...” деб алдаймиз кўзларида ёш қалқиб турган болажонларимизни”,- дейди Тошкент вилоятининг Янгийўл туманидан бўлган деҳқон Мамадали Юсупов.
XS
SM
MD
LG