Линклар

Ўзбекистон чегараларини огоҳлантиришсиз ёпиб қўйди

  • Гулнора Равшан

Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг давлат чегараларини қўриқлаш бошқармаси тарқатган маълумотларга кўра, Ўзбекистон Тожикистон билан чегараларининг бир қисмини ҳеч қандай огоҳлантиришсиз ёпиб қўйган.

Тожикистон чегара идораси вакилларининг билдиришича, ўзбек-тожик чегарасидаги “Биродарлик” назорат пункти орқали Ўзбекистон ҳудудида визасиз уч кунгача юриш ҳуқуқига эга бўлган ва виза расмийлаштирган тожик фуқароларига ҳам Ўзбекистон ҳудудига ўтиш батамом тақиқланган.

Чегара бошқармасининг ўз номини айтмаган ходимларидан бирининг таъкидлашича, тахминан бир ҳафтадан буён ўзбек-тожик чегарасидан ортга қайтарилган ўнлаб тожик фуқаролари визаси бўлиб ҳам Ўзбекистонга кира олмаётгани борасида шикоят қилмоқда.

“Ўтган бир ҳафта давомида кўплаб фуқаролар шу масалада идорамизга шикоят қилди. Биз бошқармамизнинг матбуот хизматидан Ўзбекистон ўз чегараларининг бир қисмини ҳеч бир огоҳлантиришсиз ёпиб қўйгани ҳақида оммавий ахборот воситалари орқали аҳолини огоҳлантиришни сўраганмиз”,- деди чегара бошқармаси вакили.

Манбанинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Тожикистоннинг жанубий қисми билан чегараларини 27 майда Кўлоб шаҳрида ҳукумат кучларининг йирик наркогуруҳ раҳбарлигида айбланаётган Суҳроб Лангариев билан ўзаро қуролли тўқнашувларидан сўнг ёпиб қўйган.

Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихонаси вакили Миродил Абдураззоқов бу борада умуман маълумотга эга эмаслигини билдирди.

30 майда Ўзбекистонга отланган тожикистонлик аёлнинг айтишича, ўша куни у билан бирга бўлган тахминан ўнга яқин тожикистонлик ёшу қари визаси бўлиб ҳам ортга қайтарилган. Ўзбекистонлик чегарачилар бунга Кўлобдаги воқеалар сабаб эканини маълум қилган.

2000-йиллар бошида Ўзбекистон томони Тожикистон билан виза тартибини йўлга қўйганида бир–бирига қон-қардош икки халқнинг борди-келдиcида шусиз ҳам талайгина муаммолар мавжуд эди.

Энди эса тожик жамиятида рўй бераётган ҳар қандай воқеалар сабабли Ўзбекистон томони виза расмийлаштирган тожикистонликларни ҳам ўз ҳудудига киритмай қўяётгани ўзаро муносабатларнинг янада совуқлашиши ва иқтисодий ҳамда сиёсий ҳамкорликларга доир шартномаларнинг амалга ошмай қолишига туртки бўлиши табиийлигини айтмоқда мустақил таҳлилчилар.
XS
SM
MD
LG