Линклар

Ўзбекистон раҳбари икки ташкилотни бирлаштиришни истайди

  • Алишер Сиддиқ

6 июнь куни Санкт-Петербургда бошланган МДҲ раҳбарлари саммити доирасида россиялик ҳамкасби Дмитрий Медведев билан учрашган Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти ва Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятини бирлаштириш ташаббуси билан чиқди.

“Аксар ҳолларда бу ташилотларнинг кун тартибидаги вазифалар бир хил бўлиб, бири қилаётган ишни иккинчиси такрорлайди. Биз Ўзбекистонда мана шу икки ташкилотнинг бирлашмасига асосланган ягона ташкилотни тузиш масаласини муҳокама этмоқдамиз”,- деди И.Каримов.

Ушбу ташаббусга Д.Медведев бир қадар ишончсизлик билан, бироқ ўта дипломатик тарзда жавоб берди.

Унинг айтишича, КХШТ ва ЕИҲни масаласини, албатта, муҳокама этиш керак.

“Бу ташкилотларнинг интеграциялашув шаклини биз ҳам кўриб чиқамиз”,- деди Д.Медведев.

Санкт-Петербургдаги саммитни кузатаётган таҳлилчи Аркадий Дубнов фикрича, И.Каримов аслида шу тариқа иккала ташкилот фаолиятидан қониқмаганини билдирган.

“Бу ташкилотларнинг вазифалари бошқа-бошқадир. КХШТ фақат хавфсизлик муаммолари билан шуғулланса, ЕИҲ ўз олдига иқтисодий интеграциялашув мақсадини қўйган. Бироқ иккала ташкилот ўз олдига қўйган вазифаларни тўлақонли адо этмаётгани рост. Шу нуқтаи назардан, президент Каримов уларнинг фаолияти борасида қандайдир эътироз билдиргандек эди. Бир вақтнинг ўзида Каримов ушбу иккала ташкилотдан муайян дистанция сақлаб келади”,- дейди А.Дубнов.

Айрим кузатувчилар таъкидича, ЕИҲ ва КХШТни бирлаштиришга интилаётган И.Каримов ЕИҲда Қозоғистоннинг ролини пасайтиришга умид қилаётир.

Москвалик таҳлилчи Санобар Шерматова сўзларига кўра, Ўзбекистон аслида бирор ташкилот доирасидаги кўп томонлама эмас, балки икки томонлама муносабатларга устиворлик бериб келади.

“Ўзбекистон интеграциявий тузилмалардан кўра икки томонлама муносабатларни афзал кўради. Айни пайтда Ўзбекистон мана шундай интеграция тузулмалари ҳам аъзо бўлган”,- дейди С.Шерматова.

И.Каримовнинг Д.Медведев билан учрашуви давомида ҳам асосий эътибор икки давлат ўртасидаги савдо ва иқтисодий алоқалар, Россия томони Ўзбекистон қишлоқ ҳўжалик маҳсулотларига жорий этган тақиқни бутунлай олиб ташлаш масаласига қаратилди. Д.Медведев жорий йилда Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айрбошлаш ҳажми 4 миллиард доллардан ошиб кетганини алоҳида таъкидлади.

“Биз учун Ўзбекистон Марказий Осиёдаги асосий стратегик ҳамкордир. Сўнгги пайтларда биз давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларнинг ўсиб бораётганини қайд этмоқдамиз. Келажакда ҳам катта режаларимиз бор”,- деди Дмитрий Медведев.

Ҳозир постсовет давлатлар ўртасидаги муносабатни ҳамон президентлар ўртасидаги шахсий муносабат белгилаб бераётир. Шу маънода МДҲ раҳбарлари орасида энг кексаси - 70 ёшли президент Каримовнинг ўзидан 27 ёш кичик Медведевдан тамоман фарқ қилиши айтилмоқда.

Таниқли журналист Сергей Ежков президентлар ўртасидаги муносабатларга бу омиллар таъсир этмай қолмаслигини таъкидлади.

“Албатта, Каримов учун Медведев жуда катта эътибор ва эхтиромга арзигулик фигура эмас. Каримов наздида у жуда ёш ва жиддий суҳбатдош эмас. Бундан ташқари, Медеведев либерал ғоялар билан йўғрилган бўлса, Каримов бунинг мутлақо аксидир”,- дейди Сергей Ежков.

Бироқ Сергей Ежков фикрича, президент Каримов ўзининг Ғарб билан яқинлашуви Россиядан юз ўгиришини англатмаслигини Медведевга етказишга ҳаракат қилган.

“Медведев ва Каримов шахсиятларидаги ўхшашсизликларга қарамай, Кремль Тошкент учун қулайроқ ҳамкор бўлиб қолаверади,– дейди Аркадий Дубнов. - Москва ҳеч бир қўшни давлатлардаги инсон ҳуқуқлари масаласини кўтармаган. Москва ҳеч қачон сиёсий маҳбусларни озод этиш талаби билан чиқмаган. Москва ҳеч қачон 2005 йилги Андижон воқеалари учун Тошкентни танқид этган эмас. Шунинг учун Д.Медведевнинг либераллиги И.Каримов билан муносабатларга ҳеч қандай таъсир қилмайди”,- деди Аркадий Дубнов.

МДҲ раҳбарларининг Санкт-Петербургдаги норасмий саммитига мезбонлик қилаётган Россиянинг янги президенти Д.Медведев И.Каримовдан ташқари ҳар бир аъзо давлат раҳбари билан алоҳида сўзлашувлар ўтказди.
XS
SM
MD
LG