Линклар

11 сентябрь воқеалари айбланувчилари устидн суд бошланди

  • Ҳасанжон

Бир неча йил давом этган тергов ва текширувлардан сўнг АҚШнинг Кубадаги Гуантанамо базасида 2001 йил 11 сентябрда Нью-Йорк ва Вашингтонга ҳужум уюштирганликда айбланган беш шахс устидан суд жараёни бошланди.

Судгача айбланувчилар жамоатчилик вакилларига кўрсатилмаган эди. Ҳужумни режалаганликда айбланган Холид Шайх Муҳаммад, самолётларни олиб қочгани тахмин қилинган Муҳамад Атта билан бир хонада яшаган Али Абдул Азиз Али, Волид бин Атташ ва Мустафо ал-Хавсавий Гуантанамодаги АҚШ ҳарбий судига 2006 йилнинг сентябрида олиб келинган. Унгача улар АҚШ Марказий разведга бошқармасининг махфий қамоқхонасида уч йил давомида сақланган.

Пайшанба кунги суд мажлиси бош прокурори, АҚШ Армияси полковниги Лоренс Моррис мазкур суд АҚШ ҳарбийлари қонун доирасида иш юритиши далили эканини айтди.

“Кўриб турганингиздек, ҳарбий суд жараёни АҚШдаги бошқа судлардаги каби тартибли, адолатли, очиқ қонуний тизимдир. Прокурорлар гуруҳи барча ишни ҳам ҳарбий, ҳам фуқаролик судларидаги энг яхши тажрибага асосланиб адолатли ва тез кўриб чиқиш учун тинмай ишламоқда”, – деди суд бош прокурори.

Агар судланаётган беш шахс фитна уюштириш, терроризм, тинч фуқароларга ҳужум қилганлик, қотиллик ва бошқа жиноятларда айбдор топилса, ўлим жазосига ҳукм қилиниши айтилмоқда.

Судда беш айбланувчининг ҳаммаси адвокат хизматидан воз кечиб, ўзини ўзи ҳимоя қилишини айтган. Судланаётганлардан уч нафари, жумладан, Холид Шайх Муҳаммад ҳам ўзига ўлим жазоси берилишини қутлашини, чунки қатл этилса, шаҳид бўлишини таъкидлаган.

Судни кузатган журналистларнинг сўзларига кўра, судда айбланувчилар хотиржам экани яққол кўриниб турган. Улар ўзаро пичирлашиб, ҳарбий трибунал бош ҳаками полковник Ралф Кохлманнинг гапини бир неча марта бўлиб қўйган.

Холид Шайх Муҳаммад суд инсон ҳуқуқларига зид равишда олиб борилаётганини айтиб, ўзига қарши далиллар қийноқлар остида олинганини билдирган.

Холид Шайх Муҳаммадни сўроқ қилиш пайтида АҚШ Марказий разведка бошқармаси унга сувга бўктириш усули қўлланилганини тан олган. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари буни кескин қоралаган. Адвокатлар эса инсон ҳуқуқларига зид равишда олинган ҳар қандай далилдан фойдаланилишига қарши курашишини маълум қилган. Агар айбланувчилар адвокат хизматидан бош тортса, адвокатлар бундай қила олмайди.

Ал-Хавсавийнинг адвокати, АҚШ Армияси майори Жон Жаксон ҳакамлар айбланувчилар гаплашишига рухсат берганидан норозилик билдирди.

Жон Жаксоннинг айтишича, судда бошқа айбланувчилар ал-Хавсавийга адвокатдан воз кечиш учун босим ўтказган.

“Бугун суд зали ва комиссия хонасида кўрганларимиз адолат эмас. Бу шармандали ҳолат. Бундай дейишимга менинг ҳимоям остидаги шахс билан бўлган воқеа сабабчи”, – деди Ал-Хавсавийнинг адвокати.

2001 йил 11 сентябрда Нью-Йорк ва Вашингтонга ҳужум уюштирганликда айбланган беш шахс устидан бошланган суд 15 сентябрь куни давом этиши мўлжалланган.
XS
SM
MD
LG