Линклар

Эрон ёшлари оятуллоҳни кўп ҳам хушламайди

  • Алишер Сиддиқ

Эрон олий диний раҳбари оятуллоҳ Али Ҳуманаий мамлакат ёшларига мурожаат этиб, Ғарб давлатлари жинсий бузуқлик ва гиёҳвандлик ғояларини тарқатиб, уларни тўғри йўлдан адаштиришга ҳаракат қилаётганини таъкидлади.

Бу баёнотни у исломий республиканинг 19 аввал оламдан ўтган асосчиси оятуллоҳ Руҳуллоҳ Ҳумайний хотирасига бағишланган маросимда қилди.

Айни пайтда Эрон аҳолисининг 60 фоизи 25 ёшга етмаган ёшлардан иборат. Улардан 8 миллиони сайлаш ҳуқуқига эга.

Эрондаги ислом инқилобида ҳам асосий рол ўйнаган ёшлар ўзларининг мамлакатдаги сиёсий жараёнларга таъсир эта олишини ва сиёсий тузумни алмаштиришга қодирлигини исботлаган эди.

Ёшларнинг имкониятлари ҳақида яхши хабардор Эроннинг ҳукмрон элитаси уларнинг таянчини қозонишга ҳаракат қилиб келади. Ҳозир эронликлар, айниқса, Теҳрон ва бошқа катта шаҳарларда яшовчи ёшларнинг муллалар режими ўрнатган тақиқлардан ҳафсаласи пир бўлаётгани кузатилади.

“Озодлик” билан суҳбатда бўлган теҳронлик Муҳаммад исмли йигит исломий қадриятларга ҳам, сиёсатга ҳам таалуқли бўлмаган сайтларнинг ёпиб ташланганидан норозилик билдирди.

“Бу ерда Интернет сайтларининг қанчалик филтрланаётгани кулгулидир. Ҳукумат фақат бузуқ сайтларни блок қилиб қолмасдан, янгиликлар, мусиқа ва фото суратларга ҳам тақиқ жорий этган. Ўтган ҳафтагача мен Интернетдан мусиқаларни юклаб олардим. Ҳозир шу сайтга блок қўйилди. Ваҳоланки, бу Эрон мусиқалари эди”,– дейди Муҳаммад.

24 ёшли Ситора кийиниш қоидаларига риоя қилмагани учун ҳибсга олиниб жаримага тортилганини айтади.

“Мен кийган шим озгина калта бўлиб, тўпиғим кўрингани учун мени кўчада тўхтатишди. Мен билан бирга яна бир неча аёл ҳам ҳибсга олинди. Аввалига бизни полиция участкасига қамашди, сўнг уйдагиларни чақиртиришди. Мен ҳибсхонада ўтказган бир неча соат давомида бу ерга тинмай аёлларни олиб келишарди. Полиция бизга қўпол муомалада бўлди”,– дейди Ситора.

26 ёшли Роҳа исмли қиз аслида Эрон аёлларига таълим олиш ва ишлаш ҳуқуқи берилганини, бироқ уларга нисбатан жорий этилган қонун-қоидалар аёлларни қаттиқ чеклашини билдирди.

“Сиртдан қараганда, бизнинг таълим олиш ҳуқуқимиз бордек. Аслида эса эркакларга ўз хотинларининг таълим олишига чек қўйиш ҳуқуқи ҳам берилган. Бу ҳолда судлар эркакларнинг ёнини олади. Худди шундай аёлларга берилган ишлаш ҳуқуқи эркаклар томонидан олиб қўйилаверади”,- дейди Роҳа.

Ўзини Киян деб таништирган эронлик талабалардан бири Ҳумайний исми уруш ва қашшоқлик билан боғлиқ, деб ҳисоблайди.

“Бу ерда биз бугун кўраётган нарсаларга баҳо бериш жуда осон. Бу ишсизлик, иқтисодий таназзул ва бутун дунёга эълон қилинган урушдир. Бу нарсаларга ислом инқилоби асос солган. Менимча, жаноб Ҳумайний масъул бўлган бу муаммоларга муносиб баҳо бериш керак”,– деди у.

Юқорида зикр этилган Муҳаммад исмли йигит Эроннинг олий раҳбари қилган чақириқларга парво қилмаслигини айтади. Лекин айни пайтда ўзининг сабр косаси тўлиб бораётганини таъкидлайди.

1999 йилда ҳам айнан Эронда жорий этилган ижтимоий тақиқлар минглаб талабаларни кўчаларга чиқишга мажбур қилганди. Оз сонли намойишлар бугун ҳам давом этаётир. Яқинда ҳукумат кучлари озодлик ва тенглик шиорларини кўтириб чиққан бир гуруҳ ёшларни ҳибсга олди.

Айрим эронликлар фикрича, агар муллалар режими яна озгина қонун-қоидаларни кучайтирса, мамлакат ёшлари яна бир бор ҳукуматни ағдариш учун оёққа туриши мумкин. Зеро, қарийб 30 йил аввал ҳам монархияни ағдариб, исломчиларни ҳокимият тепасига олиб келганлар ёшлар бўлганди.
XS
SM
MD
LG