Линклар

Етакчи давлатлар нефть нархидан ташвишда

  • Ҳасанжон

АҚШ ва Осиёнинг энг йирик иқтисодиётига эга тўрт давлати расмийларининг Японияда бошланган учрашувида нефть нархи рекорд даражада кўтарилиб бораётганидан ташвиш билдирилди.

АҚШ, Япония, Хитой, Ҳиндистон ва Жанубий Кореянинг энергетика вазирлари эълон қилган баёнотда нефть нархининг ҳозирги даражада юқори бўлиши ҳам харидор, ҳам нефть қазиб чиқарувчи давлатлар манфаатига қарши экани билдирилган.

“Франс пресс” ахборот агентлиги хабарига кўра, Япониянинг Аомори шаҳридаги музокара чоғида нефть нархининг юқорилиги “табиий ресурсларга бой бўлмаган ривожланаётган давлатлар учун оғир юк бўлиши” билдирилган.

Ундан олдин Япониянинг энергетика вазири Акира Амари нефть нархининг кўтарилиб бориши дунё иқтисодиёти учун “асосий таҳдид” эканини айтган эди.

“Яқинда бир баррел нефть нархи 130 АҚШ долларидан ошди. Менимча, бу нормал ҳол эмас ва бу нафақат энергетика хавфсизлиги, балки глобал иқтисодиётга ҳам таҳдид солади”, – деган эди Акира Амари.

АҚШнинг энергетика вазири Самюэл Бодмэн нархларнинг ошиши бўҳрон эмас, балки “ҳайратли ҳолат” эканини айтди. С.Бодмэн нефть саноати билан боғлиқ барча масалаларни ҳал қилиш учун вақт керак бўлишини таъкидлади.

Беш давлат вазирлари эълон қилган қўшма баёнотда дунё бозорида нефтга бўлган талабни қондириш учун нефть экспорт қилувчи давлатлар нефть саноатига сармоя ётқизишга чақирилган.

Шунингдек, беш давлат вакиллари оддий усулда ишлаб чиқарилаётган энергия нархини пасайтириш учун берилаётган субсидияларни босқичма-босқич камайтириш керак, деган фикрга келди. Бироқ музокараларда қатнашаётган Ҳиндистон ва Хитой расмийлари ўз мамлакатлари сиёсий аҳамиятга эга бўлган бу масала юзасидан ҳозирча чора кўра олмаслигини билдирди.

8 июнь куни Японияда саноати тараққий этган саккиз давлат энергетика вазирлари учрашуви бўлади. Мазкур йиғилишда ҳам нефть асосий масала бўлиши кутилмоқда.

6 июнь куни Нью-Йоркда бир баррел нефть нархи 10 доллар 75 центга кўтарилиб, янги рекорд даражага етди, яъни бир баррел нефть нархи 138 доллар 54 центни ташкил этди.

Таҳлилчилар фикрича, Исроил бош вазири ўринбосари Шаул Мофаз агар Теҳрон расмийлари ўзининг ядровий дастурини давом эттираверса, Эронга қарши ҳарбий ҳужум уюштирилиши муқаррар экани ҳақида огоҳлантиргани дунё бозорида нефть нархининг кескин кўтарилишига сабаб бўлган.

6 июнь куни дунё бозорида бир баррел нефть нархи 10 долларга қимматлашиб, 138 АҚШ долларини ташкил этди.
XS
SM
MD
LG