Линклар

М.Тожибоева: “Минг бора ташаккуримни қабул қилинглар”

  • Абдулла Искандар

Инсон ҳуқуқлари фаоли Мўътабар Тожибоева яқинлари даврасида.

Инсон ҳуқуқлари фаоли Мўътабар Тожибоева яқинлари даврасида.

“Қурултой” эшиттиришининг мавзуи ЕИнинг, дунë ҳамжамиятининг ва Ўзбекистоннинг “сендан угина, мендан бугина” сиëсати ўзини оқлайдими, деган савол атрофида бўлади.

Унда яқиндагина қамоқдан озод қилинган Марғилондаги “Ўтюраклар” клуби раҳбари, инсон ҳуқуқлари фаоли Мўътабар Тожибоева, муҳожиратда кун кечираëтган журналист Матлуба Азаматова, “Ўзбекистон ташаббуси – Лондон” гуруҳи раҳбари Шоҳида Ëқуб, Норвегиядан собиқ сиëсий маҳбус Абдулла Абдураззоқ иштирок этади.

Мўътабар Тожибоева: Мен озод этилдим. Озод қилинганимни эшитганимдан кейин шундай бўлдики, озод қилинганимда менга қисматдош бўлган, менинг бошимга оғир кунлар тушганда, оғир азобларга дучор бўлган пайтимда менга бир оғиз ширин сўзи билан далда бўлган, мени қўллаб-қувватлаган қисматдош аëллар билан хайрлаша олмасдан қолдим. Бу мен учун жуда ҳам аянчли. Ҳатто озод қилинганимни эшитганимдан кейин ҳам бу ҳолдан қувонмадим.

Озодлик: Мўътабархон, ҳозир сизда саломлашиш имконияти бор. Сиз учун қайғурган аëллар - Матлубахон ва Шоҳидахонлар ҳозир биз билан телефон алоқасида.Улар билан бемалол гаплашишингиз мумкин марҳамат.

Мўътабар Тожибоева: Раҳмат. Аввало, мен Шоҳида ва Матлубахонларни ўзимнинг қисматдошим, деб атай олмайман. Чунки мен қисматдошларим, деганда қамоқхоналарда азоб чекаëтган мазлума, маҳкума аëлларни назарда тутяпман. Мен азиз дўстларим бўлган Матлубахон ва Шоҳидахонларни бошқа бир томондан қисматдошларим, деб айта оламан. Чунки жуда ҳам кучли, ҳар қандай инсонни емириб мажруҳ қилиши мумкин бўлган тегирмонда биз барчамиз қўшилишиб азоб чекдик. Тегирмон қаршисида тик туриб кураша олган инсонлар - бугунги кунда ташқарига чиқиб кетишга мажбур бўлган журналистлар, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, сиëсатчилар ва барча-барча дўстларимга мана шу имкониятдан фойдаланиб, салом айтаман. Мен шу саломни бошим ерга теккунча таъзим қилган ҳолатда айтаман. Боиси, сизлар ҳаракат қилмаганингизда Мўътабар Тожибоева “қийноқлар ороли”дан тирик чиқмас эди. Ҳамма-ҳаммага минг бора раҳмат. Минг бора ташаккуримни қабул қилинглар.

Озодлик: Матлубахон, сизнинг айтадиган гапларингиз борми?

Матлуба Азаматова: Албатта. Ҳозир Мўътабархоннинг Ўзбекистон қамоқхонасидан чиқиши аждарҳонинг оловли оғзидаги ажал сиртмоғидан чиқиши, деб биламан. Мен учун бу катта мўъжиза. Ҳозир Мўътабар Тожибоеванинг овозини эшитиб, умуман қулоқларимга ишонмаяпман. Бу мен учун ҳақиқий катта бир мўъжиза. Чунки Мўътабар Тожибоева менинг энг ишончли дўстим. Нафақат ишончли дўст, мен учун ҳамиша тўғри йўл кўрсатиб келган, энг оғир кунларда бирга бўлган энг яқин сафдошларимдан бири, деб ўйлайман. Мўътабархон, мана шундай озодликка чиққанингиз муборак бўлсин. Ўйлайманки, ҳозир, мана шу дақиқаларда нафақат мен, балки сизни ҳурмат қилган, сизга ҳар қанақа вазиятда виждонингизни йўқотмасликка, ўзингизни, ўзлигингизни йўқотмасликка ундаган Ўзбекистон халқи тиз чўкиб, мана шу қаҳрамонлигингизга қойил қолмаслигининг иложи йўқ.

Озодлик: Матлуба, ҳозир қайси мамлакатдасиз?

Матлуба Азаматова: Ҳозир мен Швециядаман.

Озодлик: Ҳозир биз билан Лондондан Шоҳидахон алоқада. Шоҳидахон, сизнинг айтадиган гапларингиз борми?

Шоҳида Ëқуб: Албатта, бор. Мен Мўътабар опани табрикламоқчиман. Шу билан бирга, бутун Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини ҳам табрикламоқчиман. Чунки Мўътабар опанинг озод этилиши нафақат ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари, балки халқаро ташкилотлар учун ҳам жуда катта ғалаба. Мўътабар опа катта бир рамзга айланди. Биз Мўътабар опа билан фахрланамиз. Чунки у аëл киши бўлиб, қамоқхонада шунча қийноқлардан ўтиб, шунақа бир рамзга айландики, менимча, Ўзбекистон халқи у билан фахрланиши керак. Ҳаммамиз шунақа бир ўрнак кўрсатишимиз ва режимга қарши курашни давом эттиришимиз керак.

Озодлик: Ҳозир бизга Норвегиядан собиқ сиëсий маҳбус Абдулла Абдураззоқ ҳам қўшилди. Марҳамат, Абдулла ака.

Абдулла Абдураззоқ: Мен Мўътабархонни Ўзбекистоннинг фахри, деб биламан. Кейинги бир неча йил ичида Мўътабархоннинг озодликка чиққанини эшитиш менинг энг шодон, энг қувонган кунларим бўлди. Кўп мамнун бўлдим, хурсанд бўлдим. Каримов қамоқда кўпни синдиришга муваффақ бўлади. Лекин Мўътабарга, аëл бўлатуриб, Каримов режимининг кучи етмади. Шунинг учун мен бу инсон олдида тўмарисларни эслаб туриб таъзим қиламан. Ташаккурлар айтаман. Руҳингиз доимо шундай тетик бўлсин.

Озодлик: Орамиз минглаб километрларни ташкил этади, аммо руҳимиз яқинлигини сезиб турибмиз. Мўътабар опа, сиз қайси бир шаклда озод қилиндингиз? Амнистиянинг муддати ўтиб кетганди...

Мўътабар Тожибоева: Дарҳақиқат амнистия муддати ўтиб кетди. Агар мен амнистия билан озод қилинишга рози бўлганимда эди, дастлабки қўлга олинган пайтларимда тергов пайтида - 2005 йил декабрь ойида озод қилинган бўлардим. Ўша пайтда менга амнистия қарори билан жазодан озод қилинишимни сўраб, барча айбимга пушаймонлигимни ва иқрорлигимни айтиб ëзиб беришим керак бўлган аризани ëзиб бермадим. Мана шундан кейин менга қўйилган айбловлар сони Жиноят кодексининг 18 та моддасини ташкил қилди. Мен ўшанда прокуратура терговчисига айтдим: “Нима, Мўътабар Тожибоева фақатгина 18 та модда билан қамаладими? Истаганингча айблов қўй”, дедим. Ундан кейин мен амнистия қароридан умуман фойдаланмайман. Бу жиноятчилар менинг жиноят қилганимни исботлаб бериши керак, деб келдим. Амнистиядан воз кечганлигим сабабли менга нисбатан қийноқлар жуда ҳам кучайиб кетди. Бу қийноқ кучайгани президент номига барча қилмишларимга пушаймонман, кечирим сўрайман, деган мазмунда авф ëзиб беришим учун қилинди.

Озодлик: Жазо чораси ўзгартирилдими? Ҳозирги озод қилинишингизнинг ҳуқуқий тарафи қанақа?

Мўътабар Тожибоева: Мен яқинда жуда оғир операцияни бошимдан кечирдим. Мени операция қилган Тошкент шаҳри онкология шифохонаси томонидан биринчи ўринда касаллигим жазо муддатини давом эттиришимга йўл қўймаслиги тўғрисида тиббий хулоса берилди. Соғлиғим ëмонлашгани туфайли жазони енгиллаштириб беришингизни сўрайман, деб ëзиб беришимни сўрашди. Мен шу таклифни қабул қилиб, шу аризани Олий суд раиси ҳамда бош прокурор номига ëздим. Шундан кейин 2 июнь куни кундуз куни соат 11да тўсатдан мени навбатчилик қисмига чақиришди. Боришим билан улар менга: “Тезлик билан буюмларингизни марказий омборхонага топширинг”, дейишди. Ҳамма ҳужжатлаштириш ишлари бўлгандан кейингина қўлимга Олий суднинг 2008 йил 2 июнь кунги ажрими нусхасини танишишим учун беришди. У ажримда “соғлиғим ëмонлиги муносабати билан” жазони ижро этишни Жиноят кодексининг 72-моддасига биноан жазо тури ўзгартирилиб енгиллаштириш берилди. 3 йил муддатга мен шартли равишда жазодан озод қилиндим.

Озодлик: Кўпгина кузатувчилар Тожибоеванинг озод бўлиши АҚШлик юқори мартабали меҳмон шарафига қилинган тортиқ эканини айтмоқда. Каримов билан АҚШ давлат котиби ёрдамчиси жаноб Баучер учрашувига атиги 4 соат қолганда М.Тожибоева озод қилинди. Бундай ҳолатни инсон ҳуқуқлари фаоли Абдусалом Эргашев тасодиф, деб айтди. Айни пайтда Ўзбекистоннинг янги тарихига назар солсак, бундай тасодифларни кўп кўришимиз мумкин. 1992 йили Туркия президенти Турғут Ўзол Тошкентга келганда мухолифат лидери М.Солиҳ қамоқдан чиқарилди. 1997 йил Каримовнинг АҚШга илк сафаридан икки соат олдин Абдулла Абдураззоқ ва Сафар Бекжон озодликка чиқарилган эди. Абдулла ака, ўша кунни эслайсизми? Сиз Каримовнинг сиëсий амбицияси йўлида озод қилинган эдингиз.

Абдулла Абдураззоқ: Мен шундай, деб биламан ва шундай деб эслайман. Бунинг тарихи бироз узун ва буларнинг ҳаммасини далиллар келтириб ëзаман ва ëзяпман. Каримов режимини ҳозир мен битта нарсага қиëслашим мумкин. АҚШ ҳам, ЕИ ҳам бу одам билан мулоқотга бориб жуда катта хато қиляпти, деган фикр кўп айтилмоқда. Биз ҳам хато қиляпти, деб шу позицияда туришимиз керак. Лекин масалага юқорироқдан қаралса, бугунги кунда ЕИ ҳам, АҚШ ҳам ким билан гаплашаëтганини яхши билади. Аввал унчалик билмас эди. Ҳозир қиëслаш мумкин: Бир самолётни гаровга олган террорчи юзлаб одамлар ҳаëтига таҳдид солган ҳолда мулоқотга ундайди. Каримов бутун бошли бир мамлакат мустақиллигини ўртага қўйиб туриб ўшанга хатар солиши мумкин бўлган ҳолатда булар билан мулоқот қиляпти. Уларга баъзи бир маҳбусни озод қилиб баҳона беряпти. Самолётни озод қилишда баъзан болаларни бериб бошқа қилиб шунга ўхшаган мулоқот бўляпти. Бутун мамлакатни гаровга олган террорчининг ҳаракатини эслатади. Европа Каримовда андиша, деган нарса йўқлигини жуда яхши билди. Босим кучайса, ўзини Россиянинг қучоғига отиб, мустақилликни хатарга қўйиб, мустақилликкка таҳдид соладиган турли ҳужжатларга имзо чекишдан тоймайдиган даражада андишасиз эканини, Хитойнинг бағрига отиб, у билан шундай шартномалар тузишга тайëр андишасиз эканини ЕИ кўрди ва билди.

Озодлик: Шоҳидахон, биласиз, халқаро ҳамжамиятда гаровга олган шахслар талаби бажарилиши қўллаб-қувватланмайди. Чунки бу ўрнак яратади. Сизнинг бунга муносабатингиз қандай?

Шоҳида Ëқуб: Мен Абдулла аканинг гапларига тўла қўшиламан. У ҳақиқатан тўғри таққослади. Каримов террорчига ўхшайди. Аммо нафақат Ўзбекистон халқини гаровга олган, балки ЕИ сиëсатчиларини ҳам гаровга олган. Бунда айб ЕИ вакилларида ва АҚШ маъмуриятида. Чунки улар ўзлари Ўзбекистон президенти билан шунақа музокаралар олиб бориб, унга ялиниб ўзларига шунақа муносабат кўрсатишга йўл қўйиб беришди. Бу жуда ҳам ачинарли ва афсусли ҳол. Агар биз ЕИ парламентига борсак, у ерда сиëсатчилар билан гаплашсак, бизга, яъни инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва фаолларга ҳеч ким қулоқ солмайди. Лекин Ўзбекистон ҳукумати вакиллари келадиган бўлса, уларга, албатта, эшиклар очиқ. Уларга ҳамма ерда яхши муомала ва муносабат. Бу жуда ҳам ачинарли ҳол. Бу одамлар жиноий режимнинг агентлари. Ғарбда эса уларни Ўзбекситон ҳукуматининг расмийлари, деб билишади. Шунинг учун айб, асосан, ЕИ ва АҚШ маъмуриятида.

Озодлик: Қарс икки қўлдан чиқади, деган гап бор. Ҳар икки тарафда ҳам масъулият борлиги бугунги кун манзараси. Матлубахон, сизнинг бу борада фикрингиз қандай? Мана, муносабатлар шарофати билан яқин дўстингиз озод бўлди...

Матлуба Азаматова: Мен ҳам ўз фикримни билдирмоқчиман. Мўътабар Тожибоевани Ўзбекистонда кўпчилик, айниқса, Фарғона водийсида Тўмарисга қиëслашарди. Бу қиëсдан Мўътабарнинг ўзи ҳам, уни дўстлари ҳам фахрланади. Мен буни бежиз, деб ўйламайман. Сабаби, Ўзбекистонда ҳақиқатдан ҳам жасоратли, қилаëтган ишини амалда кўрсатишга уринаётган аëллар, умуман мана шу инсон ҳуқуқини ҳимоя қилувчи инсонлар орасида Мўътабархоннинг ўрни салмоқли. Каримов тузумига қарши кураша оладиган инсон сифатида ҳукуматга хавфли бўлганлиги учун ҳам Ўзбекистон қамоқхонасида ўз умрининг 970 кунини ўтказди. Мен учун бу минг йилдай бўлиб туюлди.

Озодлик: Матлубахон, Мўътабарнинг юқори лавозимли меҳмон шарафига тортиқ бўлганига сизнинг муносабатингиз қандай?

Матлуба Азаматова: Бу тўғри гап. Чунки М.Тожибоева қамоққа тушгандан кейин бутун халқаро ҳамжамият, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар оëққа туриб, инсон ҳуқуқи фаоли озод қилинишини талаб қилди. Лекин бу унчалик самара бермади. АҚШ давлат котиби ёрдамчиси Баучер билан Каримовнинг бўлган учрашуви олдидан М.Тожибоеванинг озод қилиниши кутилган ҳолат эди. Биз фақат шундан умидвор бўлиб турган эдик. Бу Ўзбекистон ҳукумати қўллаб келаëтган усул эканини ҳеч ким инкор қилмайди. Нима бўлганда ҳам бунинг бир ижобий томони бор. Мен жуда ҳам хурсандман. Бундан кейин руҳан тушкунликка тушган инсонлар ҳам ўзини дадил тутиб, ҳақиқат бор экан дунëда, деган нарсани бир минут бўлса ҳам кўз олдига келтиради ва руҳи тетиклашади, деб ўйлайман.

Озодлик: Мўътабархон, сизнинг шаънингизга яхши гаплар айтиляпти. Ноқулай бўлса ҳам Баучер жаноблари Ўзбекистон демократия тарафга қараб бормоқда, деган гапларни айтар экан, албатта, сизни назарда тутган бўлса керак. Озод бўлишингиз Баучерга тортиқ бўлди, деган гапларга сизнинг муносабатингиз қандай?

Мўътабар Тожибоева: Мен ҳақиқатдан ҳам шу фикрга тўлиқ қўшиламан.

Озодлик: Қайси фикрга?

Мўътабар Тожибоева: Ачинарлиси, шунча курашдим, шунча азобларга дош бердим, лекин охири тортиқ сифатида менга озодлик инъом қилинганидир. Дарҳақиқат мен тортиқ бўлдим, деб ҳисоблайман. Лекин яна битта томондан шубҳа ва гумон борки, Ўзбекистон ҳукумати мансабдорлари шунчалар даражада лафзи йўқ, ўз сўзида турмайдиган мантиқсиз инсонлар, деб биламан. Ўзлари қилган тортиқни истаган пайтларида яна қайтиб олишлари, яъни қайта озодликдан маҳрум қилишлари ҳам мумкин, деган гумонга бораман. Мен тортиқ эканлигимни кейин билдим. Мени соат 11да озод қилишган бўлса на биронта қариндошим, на биронта яқинимга қўнғироқ қилиб бу ҳақда хабар берилмади. Мени жазони ижро этиш муассасасига қарашли тез тиббий ëрдам машинасида мана шу муассаса ходими Жаҳонгир Мадумаров кузатувида Марғилон шаҳрига олиб келиндим. Марғилон шаҳри ИИБ раҳбарлари қўлига топширилдим. Марғилон шаҳри ИИБ ходимлари мени уйимга олиб келиб топширди. Бу қилинган тортиқ Ўзбекистон ҳукумати амалдорлари учун ҳам хавфли тортиқ бўлди, деб ўйлайман. Чунки булар мени ўз курашимни, фаолиятимни “қийноқлар ороли”да ҳам давом эттириб келганлигимни жуда яхши билишади. Мени ўз фикримдан¸ ўз эътиқодимдан, ўз сўзимдан ҳеч қачон қайтмаслигимни яхши билишади. Бундан бир йил олдин мени бир фикримни ташқаридагилар эшитиб қолишидан қўрқиб, 1 йилу 2 ой мени яқинларим, фарзандларим билан учрашишга рухсат бермаган ҳукумат бугунги кунда мени озодликка чиқарди. Лекин ҳозир кўчага чиқсам ëки хонадонимга мени табриклаб келаëтган инсонларнинг кети узилмаяпти. Мен бугун ИИБга собиқ жиноятчи сифатида рўйхатдан ўтиш учун борганимда орқамдан иккита машинада кузатиб борди ва кузатиб келди. Бу тортиқни мен озод юрган пайтимда қандай қўриқлашган бўлишса, ҳозир ҳам шундай қўриқлашяпти. Ҳозирги қўриқлашдан мен шундай хулосага келяпманки, бу тортиқни истага пайтларида яна қийноқлар оролига ташлашлари мумкин. Мен шундай деб ўйлаяпман.

Абдулла Абдураззоқ: Мўътабархон, сиз ўзингизни тортиқ, деб ҳисоблашингизга мен мутлақо қўшила олмайман. Сизни тортиқ қилганлар сизни шундай деб аташлари мумкин, лекин сиз ҳеч қачон тортиқ бўлмагансиз ва бўлмайсиз ҳам. “Жаннат оналарнинг оëғи остидадир”, деган гап бор. Мен мустақиллик, Ўзбекистон келажаги мана шу Мўътабархонлар оëғи остидадир, дегим келади. Майли, улар тортиқ десин, лекин улар айтгани билан тортиқ бўлиб қолмайсиз. Сиз бизнинг фахримиссиз.

Матлуба Азаматова: Мўътабархоннинг Ўзбекистондан чиқиб кетишга бир қанча имкониятлари бор эди. Қамоққа тушмаслигининг ҳам имкониятлари бор эди. Лекин бу аëлдаги жасорат, ватанга муҳаббат унинг ўз гапидан қайтмасликка ундади. Мен Мўътабархонни қамоқдан чиққан жуда кўп хатларини ўқиганман. Шу хатларининг бирида мен йиқилсам ҳам фақат олдинга йиқиламан, деган. Мана шу сўзлари мени қулоғимни остида ҳар доим шиордек янграйди. Шунинг учун мен ўйлардимки, мана шундай жасоратли аëлни ўзини камситилган ҳис қилишини сира ҳам истамас эдим.

Озодлик: Марғилон билан алоқа узилиб қолди. Бироздан сўнг телефон қилишга ҳаракат қиламиз. Баъзи бир маълумотларга кўра, Ўзбекистон қамоқхоналарида 26 сиëсий маҳбус жазо муддатини ўтамоқда.

Булар қуйидаги маҳбуслар:
1.Дилмурод Муҳиддинов
2.Ҳабибулло Оқпўлатов
3.Норбой Холжигитов
4.Абдурасул Худойназаров
5.Насим Исҳоқов
6.Саттор Ризаев
7.Мамаражаб Назаров
8.Санжар Умаров
9.Исроил Холдоров
10.Ҳазрат Аҳмедов
11.Аъзам Фармонов
12.Алишер Кароматов
13.Жамшид Зокиров
14.Жамол Қуттиев
15.Йўлдош Расулов
16.Зафар Раҳимов
17.Машраб Жумаев
18.Юсуф Жума
19.Муҳаммад Бекжон
20.Рашид Бекжон
21.Мурод Жўраев
22.Мамадали Маҳмуд
23.Рустам Усмонов

Бу маҳбусларни озод қилиш учун кўпчилик ҳам мамлакат ичкарисида, ҳам мамлакат ташқарисида мужодалага кирган. Абдулла ака, бир пайтлар мана шунақа рўйхатда сизни номингиз ҳам бор эди. Ўша пайтда сиз сиëсий маҳбус эдингиз. Ҳозир эса озодсиз. Демак ҳаракатларда самара бор эканда?

Абдулла Абдураззоқ: Ҳаракатлардан самара бўлади, албатта. Шунинг учун айтаманки, улар 26та эмас, улар минглаган. Газета тарқатгани учун, газетага мақола ëзгани учун, деган маънода у ëқдан буйруқ келганки, шу одамни бир қўрқитиб қўйиб юборинглар.Институтни домласи бўлгандан кейин кўпчилик танийди, кўп шогирдлари бор.

Озодлик: Абдулла ака, маҳбусларни озод қилиш йўлида курашаëтганларга қандай тавсия берасиз?

Абдулла Абдураззоқ: Ҳозиргидан фаолроқ ҳаракат қилиш керак. “Озодлик”, БИ БИ СИ радиоларида тинимсиз кўтариш керак. Ташлаб қўймаслик керак. Бу доимий мавзуга айланиши керак.

Озодлик: Матлубахон, мана яҳудийларда бир кишига ëрдам берган инсониятга ëрдам бера олади, деган гап бор. Сиз бир киши озод бўлиши учун жуда кўп ҳаракат қилдингиз. Энди бошқаларчи?

Матлуба Азаматова: Ўзбекистонни ичидан туриб, ташқарисидан туриб Ўзбекистон қамоқхоналарида азоб чекаëтган нафақат сиëсий маҳбуслар, балки диний эътиқоди учун қамалганлар ëки яна бошқа бир сабаблар билан ноҳақ айбланган жуда кўп ватандошларимизга биз қўлимиздан келгунча ëрдам беришимиз керак. Ватанни ташқарисида туриб ҳаракат қилиш, албатта, кўпроқ натижа беради. Чунки халқаро ташкилотлар, бутун дунë ҳамжамияти эътиборни бир жойга қаратиб, мана шу маҳбусларни озодликка чиқариш учун ҳаракат қилса, албатта, бу ижобий натижа беради. Бу натижаларни биз Саиджаҳон Зайнобиддинов, Мўътабархон Тожибоева мисолларида кўриб турибмиз. Бундай мисоллар жуда ҳам кўп. Лекин биз қамоқхоналарда ноҳақ азоб чекаëтганларни тезроқ озодликка чиқиши учун ҳаракат қилишимиз керак. Лекин қилмаган айбингизни бўйнингизга олиб, катта айбларни қилдим, дея президентга илтимос қилинса, албатта, авф бериляпти. Лекин Д.Муҳиддинов, Ю.Жумаевга ўхшаган бошқа мард одамлар ўзини қилмаган айбини бўйнига олмаяпти. Мен ўйлайманки, ватан озодлиги учун қилинган ҳаракат жиноят эмас. Унинг озодлигига тўсқинлик қилган одамларни қилаëтган хатти-ҳаракатлари жиноят, деб ўйлайман. Шунинг учун биз ватандошларимиз озодликка чиқишлари учун ҳаракат қилишимиз керак.

Озодлик: Шоҳидахон, бугунги суҳбатни сиз якунлаб берсангиз. Маҳбуслар озод бўляпти, лекин орқада яна одамлар қоляпти. Нима қилиш керак?

Шоҳида Ëқуб: Менимча, халқаро ташкилотлар билан, айниқса, ЕИга босим кўрсатишимиз керак. Ҳозир Мўътабар опа ва бошқа озод бўлганлар учун босим кўрсатилмаганида ҳеч ким озод этилмади-ку. Бошқа тарафдан қарасангиз, Мўътабар опа, Умида ва бошқалар айбсиз-ку. Уларнинг ҳеч қанақа айби йўқ. Масалан, Юсуф Жумаев. Уни ҳеч қандай айби йўқ. Улар бошидан қамоқда бўлиши керак эмас эди. Энди бизлар уларнинг озод этилишини ҳадя сифатида қабул қиламиз. Бунақа бўлмаслиги керак. Европа сиëсатчилари орасида ҳамда АҚШ сиëсатчилари орасида шу фикрни умуман сингдиришимиз керак. Шу одамларнинг айби йўқ. Улар озодликда бўлиши керак. Шунинг учун Ўзбекистон фуқаролик жамияти кўпроқ Ғарбда ишлаши керак. Шунақа институтлар билан биз тегишли даражада мулоқот ўрнатмасак, ҳеч нарса бўлмайди. Мулоқот ҳозир ЕИ ва Ўзбекистон ҳукумати орасида кетяпти. Масалан, ЕИ Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячиларини ва жамоа фаолларини тегишли равишда қабул қилмайди.Буни ўзгартиришимиз керак. Овозимиз нафақат ичкарисида балки ташқарисида ҳам баланд бўлиши керак.
XS
SM
MD
LG