Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:40

Россия ширкати Роғун ГЭСни қуришда қатнашмайди


Россиянинг “Интер РАО ЕЭС” ширкати Тожикистоннинг Роғун ГЭС қурилишида иштирок этмаслигини билдирди. Шунга қарамай, мустақил кузатувчилар бу қурилиш тақдирида Россия таъсири катта эканини айтмоқда.

“Интер РАО ЕЭС ширкати ташқи энергетика лойиҳаларида қатнашишдаги ўз анъанасига кўра, келгусида бизнесини реал бошқара олиш имконини берадиган акцияларга катта аҳамият беради. Роғун ГЭС қурилишида улушимиз камлиги сабабли келгусида бу лойиҳада қатнашиш биз учун зарарли. Шунинг учун ҳам бу гидроиншоот қурилишида қатнашиш ниятимиз йўқ”,- деди ширкат матбуот хизмати бошлиғи Борис Зверов.

Аммо Тожикистон расмийлари бу шунчаки бир ширкат масъулларининг фикри эканини, аммо Роғун ГЭС қурилишида Россия томонининг қатнашишидан умидворлигини билдирмоқда.

“Биргина ширкатнинг ГЭС қурилишида “қатнашаман-қатнашмайман” қабилидаги фикри Россия ҳукуматининг расмий баёноти сифатида қабул қилинмайди. Россия ҳукумати ҳозирга қадар Роғун ГЭСда қатнашиш масаласида расмий баёнот бергани йўқ”,- деди “Барқи тожик” ширкати вакили Рашид Гулов.

У хорижий ширкатлар эътирозидан қатъи назар, Роғун ГЭС акцияларининг асосий қисми Тожикистон ихтиёрида бўлишини билдирди.

“Агар россиялик сармоядорлар истагани каби улушнинг 51 фоизи улар, 49 фоизи эса Тожикистон ихтиёрида бўлса, у ҳолда Россия бошқарувчи ролини ўйнайди. Биз эса бундан манфаатдор эмасмиз. Шунинг учун ҳам биз бошдан эълон қилганимиз каби акцияларнинг асосий қисми бирорта хорижий ширкат ёки давлатга берилмайди. Агар Россиянинг Роғун ГЭСда қатнашмаслик учун биргина баҳонаси шу бўлса, у ҳолда биз Россиясиз ҳам Роғунни ўз кучимиз билан қурамиз”,- деди Рашид Гулов.

Аммо мустақил таҳлилчилар Марказий Осиёдаги энг йирик гидроиншоот ҳисобланмиш Роғун тўла ишга тушиши учун 3 миллиард доллардан ортиқроқ маблағ зарурлигини ва Тожикистонда эса бундай имконият йўқлигини таъкидламоқда.

Мустақил таҳлилчи Давлат Усмоннинг билдиришича, Роғун ГЭС илк агрегатларининг яқин йилларда ишга туширилиши Тожикистон иқтисодиёти учун ўта муҳимлигини англаб етган давлат раҳбари Имомали Раҳмоннинг бу борада қарори қатъий. Аммо Роғун қурилишига хорижий сармоядорларни жалб этиш вазифаси бўлган идоралар масъулларининг лоқайдлиги сабабли ҳам ҳозирга қадар бирорта давлат ГЭС қурилишида қатнашиш борасида жиддий ваъда бермаган.

“Роғун ГЭС қурилишининг ортга сурилаётганида кўпинча қўшни давлатлар, хусусан, Ўзбекистоннинг совуқ муносабати асос қилиб кўрсатилади. Аммо аслида ундай эмас. Роғун қурилишини давом эттиришдаги мавжуд муаммолар хорижий сармоядорларни топиш ва жалб этишга масъул бўлган Ташқи ишлар вазирлиги ва шу соҳа бўйича вазирликларнинг фаол эмаслиги ва бу идоралар раҳбарларининг карахтлигидандир”,- деди мустақил таҳлилчи.

Тожикистон, қолаверса, Марказий Осиё давлатларини арзон электр қуввати билан таъминлаш имконини берадиган Роғун ГЭСнинг қурилиши учун иложи борича хорижий сармоядорларни топиш ва уларни жалб этиш зарур. Акс ҳолда гидроиншоот тақдири яна узоқ йиллар ҳал бўлмай қолиши мумкинлигини айтди Д.Усмон.

Қайд этиш жоизки, ўтган ҳафтада Тожикистон бош вазири Оқил Оқилов россиялик ҳамкасби Владимир Путинга йўллаган расмий мактубида Жаҳон банки иштирокида Роғун ГЭС қурилиши бўйича молиявий консорциум тузилганини билдириб, Россия томонининг ҳам қатнашишини сўраган эди. Мактубда Россия томонининг консорциумда қатнашиш қоидалари кўрсатилмаган эса-да, аммо “Интер РАО ЕЭС” ширкати лойиҳа аъзоларидан бўлиши таъкидланган.
XS
SM
MD
LG