Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:49

Қонунбузарларнинг энг кўпи ўзбекистонлик


Қозоғистон кучишлатар тузилмалари томонидан ўтган ҳафтада давлат чегарасидан ноқонуний ўтишга қарши “Нолегал-2008” амалиёти ўтказилди. Тўрт кун давом этган амалиёт чоғида 17 844 чет эллик ва фуқаролиги йўқ шахс маъмурий жавобгарликка тортилди.

Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идораларининг маълум қилишича, аввалги йиллари бўлгани каби бу йил ҳам мамлакат ҳудудида ноқонуний равишда юрган МДҲ фуқаролари орасида ўзбекистонликлар кўпчиликни ташкил қилмоқда.

Қайд этиш жоизки, сўнгги пайтларда Қозоғистон расмийлари молиявий инқироз туфайли ташқаридан келаётган ишчи кучига эҳтиёж йўқлигини билдириб келяпти. Шунга қарамай, мамлакатга келаётган муҳожирлар оқими камаймаяпти.

Қозоғистонга Ўзбекистоннинг Самарқанд вилоятидан келган меҳнат муҳожири сўзларига кўра, Қозоғистонда айни пайтда иш ҳақи кам бўлса-да, шу пул ва шароит ҳам Ўзбекистондагидан яхши.

Бироқ Қозоғистонда юрган меҳнат муҳожирларини овлаш ва юртига бадарға қилиш ишларини фаоллаштириб юбормиш расмийларнинг ҳаракатини кузатаётган аксар кузатувчилар бу ишларнинг самара бермаслигини таъкидламоқда.

Сиёсатшунос Эдуард Полетаев давлат чегараларини қулф қўйишнинг имкони йўқлигини, бу каби амаллар турли коррупция жиноятлари учун йўл очиб беришини таъкидлади.

“Яъни Қозоғистон ҳудудида қолиб ишлашга рухсат олиш учун тўланадиган пул миқдори ошиши, иш учун рухсатнома олиш билан боғлиқ жараён қийинлашиши мумкин. Умуман олганда, Қозоғистон расмийлари яқин келажакда мамлакатда меҳнат муҳожирларига эҳтиёж бўлишини тушуниши керак. Чунки ҳатто иқтисодий инқироз, мамлакатда ҳозирги кунда кузатилаётган тенденциялар шароитида Қозоғистон бўш турган иш ўринларини ўз ишчилари ҳисобига, ички захиралар ҳисобига қоплай олиш имконига эга эмас”,- деди Э.Полетаев.
XS
SM
MD
LG