Линклар

logo-print

Медведевнинг ваъдасига ишонч йўқ


Россия президенти Дмитрий Медведев қирғизистонлик ҳамкасби Қурманбек Бақиевга мамлакатда миллатчилик негизида содир этилган жиноятларга қарши қатъий курашишга ваъда берди.

Бу ҳақда Россиянинг “Новости” ахборот агентлиги маълум қилди. Д.Медведев Россия бу каби жиноятларнинг мавжуд бўлиши мумкин эмаслиги борасида принципиал позицияда туришини таъкидлаган.

Бироқ Москвадаги “Фуқаровий кўмак” ташкилоти вакили Баҳром Ҳамроев бу ваъдага ишонмаслигини билдирди.

“Аввал Елцин ҳам Медведевникига ўхшаган баëнотлар қиларди. Россия жамоатчилиги орасида миллатчилик, умуман ирқчиликка қарши курашамиз, деган эди. Путин ҳам худди шунга ўхшаган баëнот қилганди. Лекин Россия ҳукумати тақирбошларга қарши курашмаётганини сезса бўлади. Чунки милициянинг бунга кўз юмиб туриши ҳукумат олиб бораëтган сиëсатдан далолат беради. Ҳукуматнинг сиëсати шунақа экани, яъни бугунги кунда Кремлнинг кўз юмиши бу давлатнинг сиëсатидан келиб чиқади, деган фикр туғилади”,- деди Б.Ҳамроев.

Россияда яшаётган ўзбекистонлик бир суҳбатдошимиз ҳам рус миллатчилари ҳаракатлари бу яқин орада тўхтамаслигини айтади.

“Бу вазият қийин масала. Балки кимдир қўллаб-қувватлар. Буларнинг тарафини оладиган шунча кучлар бор-да. Москва ва Петербургда миллатчилик кучлари жуда ривожланган. Масалан, кечқурун 12да метрода кетаëтган бўлсангиз, 5-6 таси кириб, сизни уриб кетмаслигига кафолат йўқ. Кимни уряпти, нимага уряпти - бу билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Сочинг қора бўлса бўлди”,- дейди суҳбатдош.

Ҳозирча Д.Медведовнинг ваъдаси амалга ошиш-ошмаслиги номаълум. Лекин Россияда энг кўп миллатчилик қурбонлари ўзбекистонликлар бўлгани ҳолда Д.Медведов нега бундай ваъдани Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримовга бермади, деган савол туғилади.

Чунки, таҳлилчилар фикрича, қирғиз ҳукумати ва қирғизистонликлар рус миллатчиларига қарши ўз норозиликларини ҳар доим ҳам билдириб келмоқда. Яқинда Бишкекда рус миллатчиларига қарши намойиш бўлиб ўтган ва қирғиз парламентида ҳам Россияда Қирғизистон фуқароларининг ўлдирилиш ҳолатлари кўпаяётгани масаласи муҳокама қилинганди.

Ўзбекистон ҳукумати эса хориждаги фуқаролари тақдирига ҳар доим бефарқлик билан қараб келаётганини айтади Баҳром Ҳамроев.

“Медведевнинг бу ваъдани Каримовга эмас, Бақиевга бериши сабаби бор. Ўзбекистон ҳукуматига бундай ваъдалар бермайди. Чунки Ўзбекистон ҳукумати мамлакат халқини, фуқароларини ҳимоя қилмаслигини ҳамма билади. Россияда ўзбеклар жуда қийин аҳволда. Уриб кетиш, алдаш оддий ҳолатга айланди. Лекин Ўзбекистон ҳукумати бугунгача ўз фуқароларини ҳимоя қилиш мақсадида қатъиян бир нарсани Россиядан талаб қилмаган”,- дейди Б.Ҳамроев.

Кузатувчилар хорижликларга қарши ҳужумлар Россияда ирқчилик, миллатчилик кайфияти кучайиб бораётганидан далолат беришини айтиб келади. Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари бу жиноятлар айнан шу кайфиятлар натижаси эканини ҳамма вақт ҳам тан олавермайди.

23 йилдан буён Россияда яшаётган Абдуғаффор аканинг айтишича, Россияда меҳнат қилаётган ўзбк мардикорлари доимий қўрқув остида яшашга мажбур бўлаётир.

“Тақирбошларга дуч келган нафақат ўзбеклар, балки арманлар, грузинлар, озарбойжонлар - ҳаммасининг аҳволи шу. Мана, электр поездда нечтасини уриб ташлашган, пичоқлаб ўлдириб ташлаб юборади. Бундай ҳолатлар жуда кўп бўляпти. Бундан ҳеч бир миллат ҳимоя қилинмаган. Чунки бу нарсалар ҳам кимгадир керакдир. Бу нарсаларнинг ҳаммаси тепадан назорат қилинган ҳолда режа билан қилинади-ку”,- дейди Абдуғаффор ака.

Аксар экспертлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари Россияда ўзга миллатлар вакилларига нисбатан торқатсизлик фақатгина безори, тақирбош ёшлар даражасида эмас, балки ҳукуматнинг турли органлари миқёсида ҳам кузатилаётганини эътироф этади.

Россия Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, айни пайтда Россия ҳудудида ноқонуний равишда яшаётган муҳожирлар сони беш миллионни ташкил қилади. Рўйхатдан ўтган чет эл фуқароларининг сони эса саккиз миллионга етган.
XS
SM
MD
LG