Линклар

logo-print

Ўзбеклар қирғиз милиционерларини юртига қайтармаяпти


Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги Наманганда қирғиз милиционерларининг Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан қўлга олиниши провокация, дея баёнот берди.

Баёнотда айтилишича, 4 июнь куни Жалолобод вилоятининг Олабуқа тумани ички ишлар бўлими ходимлари Қувоничбек Абдуқодиров ва Соибжон Мусаев Наманган вилоятининг Чортоқ туманида Ўзбекистон МХХ ходимлари томонидан қўлга олинган. Қирғиз милиционерлари “автомобилни маст ҳолда бошқариш”да айбланмоқда. Бироқ орадан 5 кун ўтганига қарамай, қирғиз милиционерларига жарима ҳам солинмаган, расмий айблов ҳам билдирилмаган. Айни пайтда қирғиз фуқаролари МХХнинг Наманган вилояти бошқармасида сақланмоқда.

Қирғизистон ИИВ бу воқеа 2 июнь куни Ўзбекистоннинг икки чегарачиси Қирғизистоннинг Новкен туманидаги Дўстлик қишлоғида қуролсизлантирилиши билан боғлиқ эканини билдирмоқда.

Ўшанда, Жалолобод милицияси вакили Иброҳим Шаманалиевнинг айтишича, ўзбек чегарачилари Новкенга қуролланган ҳолда келиб, Қирғизистон фуқароси Файзулло Абдураҳмоновни уйидан зўрлик билан Ўзбекистонга олиб кетмоқчи бўлган. Бироқ ҳамқишлоқлари бундан хабар топиб, Файзуллони чегарачилар қўлидан қутқариб қолганди.

“Файзулло Ўзбекистонда қидирувда бўлмаган, жиноят олами билан ҳам алоқаси йўқ оддий бир фуқаро. Шунинг учун ўзбек чегарачилари уни ғаразли мақсадда - пул ундириш умидида олиб кетаётган бўлиши мумкин, деган тахмин бор. Бироқ ҳамқишлоқлари ўзбек чегарачиларига ҳужум қилиб, Файзуллони қутқариб қолган. Ўзбекистон чегарачилари қочишга улгурган, бироқ уларнинг 50 та ўқи бўлган иккита Калашников автоматини Файзуллонинг ҳамқишлоқлари тортиб олиб қўйган. Айни пайтда автоматлар милиция бўлимида сақланмоқда. Бу воқеа юзасидан жиноят иши очилган”, - деган эди Иброҳим Шатманалиев.

Қирғизистон ИИВ Наманганда Ўзбекистон МХХ томонидан қирғиз милиционерларининг қўлга олиниши айни мана шу воқеага жавоб эканини таъкидламоқда.

ИИВ расмий вакили Бақит Сеитов бу тахминни Наманган вилояти раҳбарлари ҳам тасдиқлаганини билдирди.

“Телефон суҳбатларида вилоят ва туман раҳбарлари бу МХХ кўрсатмаси, деб очиқ-ойдин тан олди. Ўзбек тарафи агар биз ўзбекистонлик чегарачиларга нисбатан очилган жиноят ишларини ёпсак ҳамда улардан тортиб олинган автоматларни қайтарсак, милиция ходимларининг озод этилишида ёрдам кўрсатишини билдирди. Лекин биз бунга рози бўлмадик. Айни пайтда ўзбек чегарачиларига нисбатан “давлат чегарасини ноқонуний тарзда бузиб ўтиш” моддаси бўйича очилган жиноят иши Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизматига ўтказиб берилган”,- деди Бақит Сеитов.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ИИВ ҳам бу масалани ҳал этишда қирғиз тарафи билан ҳамкорлик қилишга мойиллик билдирмаётир. Қирғизистон томони милиционерларнинг озод этилишини сўраб, Ўзбекистон ички ишлар вазири номига иккита мактуб жўнатган. Бироқ уларга жавоб олингани йўқ.

“Милиционерларимиз маст аҳволда бўлмаган. Улар қўлга олингач, маҳаллий врачлар кўригидан ўтказилган. Биз экспертиза натижаларини талаб қилсак, натижалар шу кунгача чиқмагани аён бўлди. Бундай бўлиши мумкин эмас. Чунки ҳар қандай эксперт бир дақиқа ичида одамнинг маст ёки маст эмаслигини, ҳатто қанча миқдорда спиртли ичимлик ичганини аниқлаб бера олади. Бундан ташқари, маст аҳволда машина бошқаргани учун беш-олти кун қамоқда сақлансин, деган қонун ҳам йўқ. Бунинг учун фақат маъмурий жазо қўлланилади. Қирғиз милиционерлари Ўзбекистон махсус химзатлари провокациясига дучор бўлган”,- деди Бақит Сеитов.

9 июнь куни Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам бу воқеага баҳо берилиши ҳамда қирғиз милиционерлари озод этилишини талаб қилиб расмий Тошкентга норозилик нотаси жўнатди.

Қирғиз ахборот агентликлари тарқатган хабарга кўра, ўзбек-қирғиз чегарасининг Жалолобод вилоятидан ўтувчи қисмидан ўзбек тарафига қирғиз милицияси ходимлари ўтказилмай қўйилган. Қирғизистон ИИВ маълумотига кўра эса ҳар куни Жалолобод вилоятига турли юмушлар билан Ўзбекистоннинг 15-20 милиция ходими келиб кетмоқда. Қирғиз тарафи уларнинг мамлакат ҳудудига ўтишини тақиқламоқчи эмас.

“Қирғизистон ҳар бир масалани дипломатик йўл билан ҳал этиш тарафдоридир”,- дейилади баёнотда.
XS
SM
MD
LG