Линклар

“Ачинарли фарс”

  • Алишер Сиддиқ

Фуқаролик жамиятини тарғиб этувчи, сўз ва матбуот эркинлиги ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи 4 нуфузли халқаро ташкилот Тошкентда ўтаётган матбуот эркинлигига бағишланган анжуманни “ачинарли фарс”, деб атади.

Бу борада “Ҳьюман райтс уотч”, Бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳи, Очиқ жамият институти ҳамда “Чегара билмас мухбирлар” ташкилотлари қўшма баёнот тарқатди.

Шу тариқа мазкур ташкилотлар Европа Иттифоқи шафеълигидаги семинарни қолдириб, унинг ўрнига танқидлардан холи бошқа анжуманни ўтказаётган расмий Тошкентни қоралаган.

Тошкентдаги анжуманда иштирок эта олган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг оммавий ахборот воситалари эркинлиги бўйича махсус вакили Миклош Харашти Тошкентдаги йиғилиш аянчли руҳда ўтаётганини билдирди.

ЕИ шафеълигидаги сўз эркинлигига бағишланган семинарнинг номаълум муддатга қолдирилгани, ўрнига эса бошқа анжуманнинг ўтказилаётгани расмий Тошкентнинг навбатдаги ҳийласи ўлароқ тушунилмоқда.

Биринчи анжуманда Ўзбекистондаги сўз эркинлиги аҳволи энг кескин тарзда муҳокама этилиши керак эди, 9-10 июнь кунлари Тошкентда ўтаётган йиғинда эса матбуот устидан ўрнатилган давлат назорати оқланаётир.

Бу эса, анжумандан четлаштирилган нуфузли халқаро ташкилотларнинг 15 вакили фикрича, аянчли фарсдан ўзга нарса эмас.

“Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти вакиласи Элза Видал Ўзбекистон ҳукуматига энди мутлақо ишонч қолмаганини айтди.

“Албатта, ҳафсаламиз пир бўлди. Лекин бошқа томондан Ўзбекистон ҳукуматининг сўз эркинлигига нисбатан асл муносабатини кўрдик. Менимча, Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорлик қилишдан ҳеч нарсани кутиб бўлмайди. Ўзбекистон ҳукумати ўзгаришларга тайёр эмас. Биз ҳам аҳмоққа ўхшаб уларнинг ўйинларида иштирок этмаймиз”,– деди Э.Видал.

Тошкентда ЕИ шафеълигида матбуот эркинлигига оид анжуманни ўтказиш қарори ЕИнинг Ўзбекистонга қарши киритган санкцияларини юмшатиш учун хизмат қилганди.

Тошкентда ўтказилаётган муқобил анжуман ЕИ билан келишилган тадбирнинг бекор қилинганига ишора беради.

Бўҳронларнинг олдини олиш гуруҳи вакили Эндрю Стролайн фикрича, шу маънода Ўзбекистонни ЕИнинг ишончли ҳамкори, деб бўлмайди.

“Улар ЕИни қаттиқ алдади. Бир неча ҳафта давом этган бу ўйинлар Ўзбекистон ҳукуматининг сўз эркинлиги мавжуд бўлмаган давлатда бу масалани муҳокама этишни мутлақо истамаслигини кўрсатди”,– деди Э.Стролайн.

Тошкентдаги муқобил анжуман ёпиқ эшиклар ортида давом этаётир. Унда, асосан, ҳукуматпараст оммавий ахборот воситалари вакиллари ва давлат мулозимлари иштирок этмоқда. Бироқ иштирокчилар орасида Ўзбекистонга илк бор сафар қилаётган ЕХҲТнинг оммавий ахборот воситалари эркинлиги бўйича махсус вакили Миклош Харашти ҳам бор.

У дастлаб режалаштирилган анжуманнинг бекор қилинганидан афсус билдирди. Сўнг бир қадар ачиниш билан жорий анжуман ҳақида тўхталиб: “Тадбирда сўзга чиққан кўпчилик одамлар оммавий ахборот воситаларида давлат иштирокига мойиллик билдирди. Менимча, бу ерга атайин шундай одамлар танланган. Мен, албатта, улар билан мунозарага киришиб, Ўзбекистон сўз эркинлиги ва оммавий ахборот воситаларини давлат тасарруфидан чиқариш бўйича мажбурият олгани ҳақида аниқ–тиниқ билдиришга ҳаракат қилдим”,- деди.

ЕХҲТ вакили сўзларига кўра, сўз эркинлигига оид анжуманлар келажакда ҳам давом этиб, муайян ўзгаришларга сабаб бўлсагина жорий йиғилишни ижобий баҳолаш мумкин бўларди.

“Сўнгги бир неча йил давомида сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият аянчлидир. Мамлакатда мустақил оммавий ахборот воситалари мавжуд эмас. Бу вазиятни ҳақиқатан ҳам ўзгартириш мавриди келди”,- деди М.Харашти.

Айни пайтда баёнот тарқатган халқаро ташкилотлар Ўзбекистон ҳукуматини зудлик билан цензурани бекор қилишга, журналистларни таъқиб этишни тўхтатиш ва қамоқдагиларни озод этишга, шунингдек, хориж оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, “Озодлик”, “Би-би-си” ва “Немис тўлқини” радиоларининг мамлакатдаги фаолиятига йўл қўйишга чақирган.
XS
SM
MD
LG