Линклар

Янги таклиф Каримовнинг ташқи сиёсатидаги ўзгаришлардан даракми?

  • Фаррух Юсуфий

Санкт-Петербургда ўтказилган МДҲ раҳбарлари саммити доирасида россиялик ҳамкасби билан юзма-юз учрашувда Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти ва Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятини бирлаштириш ҳақида илгари сурган ташаббуси кўплаб таҳлилчиларнинг муҳокама мавзусига айланди.

И.Каримов бу таклифни биринчи марта 2006 йилнинг августида зикр этган этган эди. Ўшанда Тошкент КХШТга қўшилишга эндигина қарор қилган ва ЕИҲдаги фаолияти ҳам эндигина жонлана бошлаган эди.

“Менимча, бир кун келиб КХШТни ЕИҲ билан бирлаштирамиз. Бу билан ҳарбий-техникавий масалаларни иқтисоддан узлуксиз равишда, иқтисодий масалаларни эса ҳар бир иқтисод учун керак бўлган хавфсизлик шароитларини яратиш нуқтаи назаридан ҳал эта оладиган тузилма яратилади”,- деган эди Ислом Каримов.

Дарвоқе, ЕИҲнинг ўша саммитида И.Каримов Ўзбекистоннинг КХШТга қўшилиши ҳақидаги ҳужжатларни имзолаган эди. Бироқ ўшанда Оқсарой раҳбарининг бу фикри саммит қатнашчилари томонидан қизғин қабул қилинмади. И.Каримовнинг ўзи ҳам бу ҳақда икки йил давомида бошқа гап очмади. МДҲ раҳбарларининг Санкт-Петербургдаги саммити доирасида Россиянинг янги президенти Д.Медведев билан учрашувда эса МДҲнинг бошқа аъзоларига ёқмаган бу таклифни яна такрорлади. Бугунга келиб бу ташкилотлар кун тартибидаги мақсад ва вазифалар бир-бирига уйқаш бўлиб кетгани ва уларни бирлаштириш масаласини расмий Тошкент анчадан бери муҳокама қилаётганини таъкидлади И.Каримов.

Ўзбекистон расмийлари нуқтаи назарини акс эттирувчи “Сиёсат” таҳлил маркази сиёсий шарҳловчиси Ғофур Жамолов фикрича, Тошкент раҳбари ташаббуси давр талабига асослангандир.

“Бугун МДҲ ҳудудида Ҳамдўстлик ташкилотидан ташқари ЕИҲ, КХШТ каби ташкилотлар борки, албатта, улар ўша пайтдаги воқелик, Ҳамдўстлик давлатларидаги вазиятни инобатга олган ҳолда тузилган эди. Вақт ўтган сари, назаримда, ташкилотлар қайсидир маънода бир-бирининг вазифасини такрорлаëтгандек. Бу ташкилотлар сонини камайтириб ёки ихчамлаштириб, кўзланган мақсадларга эришиш йўлида самарадорлигини ошириш учун бугун давр шундай бир талабни юзага келтирмоқда”,- дейди Ғофур Жамолов.

Ўзбекистонлик мустақил кузатувчи Камолиддин Раббимов эса Оқсарой хўжайини Санкт-Петербургда қилган баёнотни давр талабидан эмас, Тошкентнинг ташқи сиёсатида вужудга келган аҳволдан келиб чиқиб қилганини билдирди.

“Каримовнинг мана шу ташаббуси Ғарбга ëқиш учун ëки янги президентга салбийроқ бўлган бир сигнал бериш учун кўтарилган. Москвага бу ташаббус ëқмайди. Бу МДҲдаги бошқа давлатларга ҳам ëқмайди. Аслида бу икки ташкилотнинг вазифаси умуман ҳар хил. Биттаси иқтисодий ташкилот, иккинчиси ҳарбий блок. Буни Москвага ëқмайдиган бир ташаббус, деб қабул қилиш мумкин. Москвага ëқмайдими, демак Ғарб томонидан илиқ кутиб олинишини айтишимиз мумкин”,- деди К.Раббимов.

Бундан ташқари, унинг айтишича, Тошкент раҳбарининг МДҲ раҳбарлари қўллаб-қувватламаслиги аввалдан маълум ташаббусини бир ўқ билан икки қуённи уришга ҳаракат, деб қабул қилиш ҳам мумкин.

“ЕИҲ ташаббускорларидан бири Қозоғистондир. Шу нуқтаи назардан, Каримов Қозоғистоннинг собиқ иттифоқ ҳудудидаги салоҳиятини пасайтиришга қаратилган ташаббусни илгари сурди. Айни пайтда бу Қозоғистон учун ҳам салбий сигнал, деб ўйлайман”,- дейди мустақил таҳлилчи.

Санкт-Петербургдаги учрашувда президент Д.Медведев ўзбекистонлик ҳамкасбининг таклифига совуққина, “таклифингизни кўриб чиқамиз”, деган дипломатик жавоб берди.

“Сиёсат” таҳлил маркази вакили Ғофур Жамолов Ўзбекистон раҳбарининг икки ташкилотни бирлаштириш ҳақидаги таклифи амалга ошишига шубҳа қилмайди.

“Давлатимиз раҳбарининг сўнгги йиллардаги халқаро майдонда илгари суриб келаëтган таклиф ва ташаббуслари ҳаëтий эканини даврнинг ўзи кўрсатди. Куни-кеча Санкт-Петербургда Д.Медведев билан бўлиб ўтган учрашув чоғида билдирилган бу таклифлар ҳам ҳаëтий. Бу узоқни кўзлаб билдирилган таклиф. Ўйлайманки, бу таклиф, албатта, инобатга олинади ва албатта, амалга ошади”,- дейди Ғ.Жамолов.

Мустақил сиёсатшунос Камолиддин Раббимов эса И.Каримов ўз таклифи билан Кремлнинг янги раҳбарига ўз муносабатини билдиргани ва унинг ҳеч қачон амалга ошмаслигини ўзи ҳам жуда яхши билиши, айни вазият унга келажакда янги сиёсий манёврлар учун имкон беришини таъкидлади.

“Москва томонидан бу ташаббус жуда ҳам совуққонлик билан қарши олинди. Бу жиддий муҳокама қилинмади. Лекин Д.Медведев буни, албатта, муҳокама қиламиз, деган ваъдани берди. Дипломатик нуқтаи назардан бу муҳокама қилинмайди. Чунки бу Москванинг манфаатларига жавоб бермайди. Умуман олганда И.Каримов аргументлари асоссиз. Шу нуқтаи назардан, мазкур ташаббус билан балки И.Каримов Ўзбекистоннинг ўша ташкилотлардаги мақомини қайта кўриб чиқиш учун замин тайëрлаëтган бўлиши мумкин. Яъни: “Мен сизларга мана шу таклифни бердим. Уни қабул қилмадиларинг. Демак ўзларинг биласизлар. Мен бу ташкилотда иштирок этишни хоҳламайман”, деганга ўхшашроқ бир замин тайëрлашга ҳаракат қилаëтган бўлиши мумкин”,- деди Камолиддин Раббимов.
XS
SM
MD
LG