Линклар

Ўзбекистон қирғизларнинг жон куйдиришига эътибор ҳам қаратмаяпти


Расмий Тошкент Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигининг Наманганда қўлга олинган икки қирғиз милиционери билан боғлиқ воқеа юзасидан норозилик нотасига ҳозирча жавоб қайтаргани йўқ.

Қирғизистон ТИВ Ўзбекистон бу норозилик нотасига мутлақо жавоб бермаслиги ҳам мумкинлигини билдирмоқда.

“Норозилик нотасига жавоб механизми ишлаб чиқилмаган. Шунинг учун улар бизга мутлақо жавоб бермаслиги ҳам мумкин. Нотага жавоб қайтариш муддатлари ҳам ҳеч қаерда қайд этилмаган. Шуни ҳисобга оладиган бўлсак, қирғиз тарафининг норозилиги Наманганда қўлга олинган милиционерлар озод этилишига таъсир кўрсатмаслиги ҳам эҳтимол”,- деди вазирлик матбуот котиби Айнура Эшоналиева.

Икки қирғиз милиционери Наманганда автомобилни маст ҳолда бошқариш айби билан Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ҳибсга олинган эди. Улар 6 кундан бери МХХнинг Наманган вилояти бошқармасида ҳибсда сақланмоқда. Уларни ватанига қайтариш учун икки давлат ўртасида имзоланган шартномалар ҳам ёрдам бермаётир.

“Икки йил аввал Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги протокол имзоланган. Қирғиз тарафи мана шу ҳужжат талаблари асосида ўз милиционерларининг қайтарилишини талаб қилмоқда. Бироқ Ўзбекистон протокол қоидаларини қўпол тарзда бузган ҳолда Қирғизистон ИИВнинг расмий талабномаларига жавоб ҳам қайтармаган”,- деди Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги вакили Бақит Сеитов.

Бишкеклик таҳлилчилар фикрича, икки қирғиз милиционерининг қўлга олиниши Қирғизистон-Ўзбекистон махсус хизматлари тиғиз ҳамкорлигига нуқта қўювчи жараённинг бошланишидир. Икки йил аввал имзоланган бу шартнома асосида ўзбек ва қирғиз махсус хизматлари Қирғизистон ҳудудида ўнга яқин қўшма амалиёт ўтказган ва бир неча террорчи гуруҳлар йўқ қилинганини билдирган эди. Бу ҳамкорлик қирғиз жамиятида норозилик кайфияти пайдо қилганига қарамай давом этаётган эди.

Фарғона водийси чегаралари халқаро лойиҳаси эксперти Эркин Абдураззоқов бу ҳақда гапирар экан: “Бундан икки йил аввал қирғиз милицияси подполковниги Ўзбекистонга хизмат сафари билан борган эди. Уни ҳам ўзбек тарафи қўлга олиб қамаб қўйган. Олти ойдан сўнг подполковникнинг қариндош–уруғлари катта миқдорда пул тўплаб уни қамоқдан озод қилиб Қирғизистонга олиб келган эди. Бу воқеа ўша пайтда Ўзбекистон ва Қирғизистон махсус хизматлари ўзаро ҳамкорлиги тўғрисидаги шартнома имзоланишига тўсқинлик қила олмади. Наманганда қирғиз милицияси ходимларининг арзимаган айблов билан қўлга олиниши эса Ўзбекистоннинг жиддий ҳамкор эмаслигини кўрсатди”,- деди.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги икки қирғиз милиционерининг қўлга олиниши ўзбек махсус хизматлари провокацияси, деб расмий баҳо берган.

Қирғизистон ИИВнинг билдиришича, Ўзбекистон расмийлари 2 июнь куни Қирғизистон ҳудудига ноқонуний тарзда ўтган ва қирғиз фуқаросини ўғирлаб кетмоқчи бўлган икки ўзбек чегарачисидан тортиб олинган автоматлар қайтарилиб, очилган жиноят иши ёпилса, милиционерларни қўйиб юборишини маълум қилган. Бироқ қирғиз тарафи бунга рози бўлмаган.
XS
SM
MD
LG