Линклар

АҚШ ва Россия бир-бирига мускул ўйнатмоқда...ми?

  • Алишер Сиддиқ

АҚШ мудофаа вазири Роберт Гейтс мамлакатнинг ядровий қуролга қарши мудофаа тизимини кучайтиришга чақирди. Бунга бир муддат аввал Россиянинг янги президенти Дмитрий Медведевнинг айни мазмундаги баёноти сабаб бўлган.

Душанба куни журналистлар билан учрашган Роберт Гейтс ўз ядровий қудратини ошираётган Россия келажак сари қадам ташлаётганини айтганди.

Унинг фикрича, Россиянинг бундай интилиши АҚШни ҳам ядровий қуролга қарши мудофаа тизимига аҳамият қаратишга рағбатлантиради.

Айни пайтда Россия ўзининг совет давридан қолган ҳарбий тизимини замонавийлаштиришга, қуролли кучларни эса профессионал ва тезкор қилишга ҳаракат қилаётир.

Бироқ Роберт Гейтснинг айтишича, бу йўлдаги қийинчиликлар сабабли расмий Москва ўз кучини ядровий потенциални кучайтиришга ташлаши афзалроқ бўлишини англамоқда.

15 май куни Россия ҳарбийларига мурожаат қилган президент Дмитрий Медведев Россиянинг ядровий дастурларига кўпроқ маблағ ажратишга ва шу тариқа мавжуд таҳдидларни бартараф этишга ваъда берган эди.

Ҳарбий масалалар бўйича москвалик таҳлилчи Александр Гольц фикрича, Москва ва Вашингтоннинг ядровий потенциални ошириш масаласини кўтараётгани икки давлат ўртасида совуқ уруш давридаги қурол-аслаҳа пойгаси бошланганини англатмайди.

“Бу кўпроқ кучни намойиш этишга ўхшаяпти. Чунки совуқ уруши даврида иккала томон ҳам ўзига қарши ядровий қурол қўлланилиши мумкинлигига ишонарди. Таҳдид ҳақиқий эди. Бугун бундай эҳтимолларга ҳеч ким ишонмайди. Россия нима учун ядровий потенциални кучайтириш ҳақида гапира бошлади? Чунки Россия фақат шу соҳадагина АҚШ билан рақобат қила олади”,– дейди Александр Гольц.

Д.Медведев Россияга таҳдид солаётган омиллар қаторида АҚШнинг Европада ракеталар ҳужумидан мудофаа тизимини барпо этишга бел боғлаганини келтирди. Эронга ўхшаш ёвуз давлатларга қарши кўрилаётган бу чораларни Россия авваламбор ўзи учун таҳдид, деб билади. Ушбу мунозаралар Москва ва Вашингтон ўртасидаги муносабатни совуқ уруши давридан буён кузатилмаган энг паст даражага тушириб юборди.

Ўтган давр мобайнида Россия ва АҚШ 2012 йилга қадар ядровий қурол арсеналини камайтириш тўғрисидаги битимни имзоланганди. Бироқ А.Гольц Россия ўз ядровий ракеталарини модернизация қилиб, уларни бугунги кунда мавжуд ҳар қандай мудофаа тизимини ёриб ўтишга қодир даражага етказганини билдирди.

“Сифатнинг яхшилангани ҳақида гапирмоқдамиз. Ҳозир бизда “Тополь-М” ракета комплекси бор. 1980 йилларда яратилган ушбу ракета ракеталарга қарши ҳар қандай мудофаа тизимини ёриб ўта олади. Бироқ дунёда бундай тизимларни яратаётган ягона давлат АҚШдир”,– дейди таҳлилчи.

Ҳозирча Р.Гейтснинг баёноти борасида Кремль муносабат билдирганича йўқ.
XS
SM
MD
LG