Линклар

logo-print

Тожибоева учун пул тўплаш кампанияси бошланди

  • Абдулла Искандар

Ўзбекистон Журналистларининг ҳақиқий уюшмаси “Журналистлар журналистларга кўмакдош” немис ташкилоти билан ҳамкорликда озодликка чиқарилган ҳуқуқ ҳимоячиси Мўътабар Тожибоеванинг даволаниши учун маблағ тўплаш кампаниясини бошлади.

Яқинда қамоқдан чиққан Мўътабар Тожибоеванинг соғлиғини тиклаш учун халқаро тадбир бошида турган журналист Галима Бухорбреванинг айтишига кўра, М.Тожибоевани даволаш учун бир ой давомида маблағ тўпланади.

“Бугун Мўътабар барча эзгу инсонлар ёрдамига муҳтож. Унга мустақил тиббий кўрик ва аниқ ташхис қўйилиши керак. Унга қиммат даволаниш ва яхши муолажа даркор. Эҳтимол Ўзбекистондан ташқарида. Мўътабар – ўзбек халқининг ҳақиқий қаҳрамони. Дунёни бирдан ўзгартириб бўлмайди, лекин сиз Мўътабарга ёрдам бериб, дунёнинг оз бўлса-да, яхшиланишига ҳисса қўшишингиз мумкин. Ҳатто бир доллар бўлсин, истаган пулингизни таниқли немис ташкилоти “Журналистлар журналистларга кўмакдош” ҳисоб рақамига ўтказиб, Мўътабарга ёрдам беринг. М.Тожибоева учун пул тўплаш акцияси роппа роса бир ой – 2008 йилнинг 9 июлигача давом этади. Сизда дунёни қутқазиш учун бир ой бор”,- дейди Галима Бухорбоева.

Тошкентдаги аёллар қамоқхонасида сақланган жасур ўзбек аёли, ҳуқуқ ҳимоячиси М.Тожибоева икки йилу етти ойдан сўнг 2 июнь куни озодликка чиқди. Кузатувчилар у касаллиги учун қамоқдан чиқарилганини айтмоқда.

М.Тожибоеванинг ўзи қамоқдан чиқибоқ докторга кўриниш учун борганини айтади.

“Саломатлигим яхши бўлмаяпти. Кеча Марғилон шаҳри ипак комбинатидаги поликлиникасига қизим билан бориб бир текширилиб келай, деб чиқдим. У ерда гинекология бўлимида маъмурий орган ходимининг хотини гинеколог экан. У аëл шундай бир ҳайвоний муносабатда бўлдики, мен у ердан чиқиб кетишга мажбур бўлдим. Қайтиб келиб кўрдимки, мени видеокамерада видеога олишяпти. Ўша куни мени “Нексия” машинасида юриб видеога олишаëтганини кўриб баттар асабийлашдим ва уйга келганимдан кейин аҳволим яна оғирлашди. Канада билан ҳамкорликда очилган хусусий диагностика маркази бор экан. Шу ерга бориб текширувдан ўтдим. 42 та касаллик аниқланди. Бунинг ичида қанд касаллиги ҳам бор, сариқ касаллиги ҳам бор. Бундан ташқари, қонимда паразит борлиги ҳам аниқланди”,- деди М.Тожибоева.

Қамоқхонада М.Тожибоева саратон касаллигига чалинган ва ҳатто шу йилнинг март ойида жарроҳлик йўли билан уни бачадони олиб ташланган.
Мўътабарнинг ўзи қандай касалликка чалингани ҳақида яхши билмайди.

“Тошкент шаҳри онкология шифохонасининг Ўзбекистон ИИВга йўллаган хулоса хатидан мен тасодифан хабардор бўлиб қолдим. У хатда: “Мўътабар Тожибоеванинг соғлиғи оғирлашиши мумкин. Шунинг учун Мўътабар Тожибоева қамоқдан зудлик билан озод қилиниши керак. Озод қилишни таклиф қиламиз. Агар озод қилинмаса, М.Тожибоева аҳволи оғирлашиб қолган ҳолатда ëки бошқа ҳолатлар юзага келганда Тошкент шаҳар онкология шифохонаси Мўътабар Тожибоеванинг саломатлиги юзасидан масъулиятни ўз зиммасидан соқит қилади”, деб ëзилганди”,- деди М.Тожибоева

У жарроҳлик амалиёти қилинган Тошкентдаги онкологик касалликлар шифохонаси шифокорлари ва колония ходимлари ундан касаллиги нақадар жиддий эканини, у даволаниши, ҳаётини сақлаб қолиш мумкинми, бу ҳақдаги маълумотларни яширган. Бироқ шифокорлар ва назоратчилар кўзларидан ўзининг саломатлиги жуда жиддий эканини уққан. Кутилмаганда озод қилиниши, гарчанд катта қувонч ва енгиллик олиб келган бўлса-да, бу жасур аёл ўзининг аҳволи ёмон экани, ҳатто уни қийнаганларда ҳам раҳм уйғонганини ҳис қилган.

”Мен одамлар билан гаплашганда қувонаман, лекин қалбимнинг тубтубида қўрқув бор – мен ўлишни истамайман,- дейди Мўътабар Тожибоева. - яшашни ҳоҳлаяпман холос.Чунки бу ернинг шифокорлари, ҳукумат мансабдорлари мени даволатишларига ишонмайман”.

Мўътабар ўзини касаллиги сабаби унга нисбатан маҳбусхонада қилинган қўпол муносабатларда, деб билади. Биринчи навбатда, унинг фикрича, қамоққа олинганининг биринчи йили 95 куни, қиш фаслига тўғри келган 112 кун карцерда ўтириши саломатлигига ёмон таъсир қилган. У жуда ҳам совуқ ертўлада бир кўйлакда сақланган.
XS
SM
MD
LG