Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:46

Назорат кучайтирилгани сари қонунбузарликлар кўпаймоқда


Қозоғистоннинг Павлодар вилоятидаги “Шербакти-авто” чегара-назорат пункти ва божхона назорати ходимлари Чимкент-Новосибирск йўналиши бўйича кетаётган автобусдаги Ўзбекистон фуқароларини қўлга олди.

Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ўзбекистонликлардан бирини текшириш чоғида унинг ёнидан 500 грамм героин чиққанини ва ҳозир бунинг юзасидан текширув олиб борилаётганини маълум қилди.

Бундан аввал ҳам айрим ўзбекистонликлар Қозоғистон орқали Россияга наркотик моддалар олиб кетаётган пайтда қўлга олиниши билан боғлиқ воқеалар тез-тез учраб турганди.

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси матбуот хизмати ходими Мурод Анорбеков Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Ўзбекистондан Қозоғистон орқали Россияга наркотиклар ташиш йўналиши мамлакат жанубий ҳудудлари орқали ўтишини билдирди.

Бир қанча вақт муқаддам Қозоғистон ўзбек-қозоқ чегарасида назоратни кучайтирган эди. Шунга қарамай, Жанубий Қозоғистондаги ўзбек-қозоқ чегараси шу кунда нафақат контрабанда товарлари ва ноқонуний муҳожирлар оқими, балки Марказий Осиё давлатлари орқали келтирилаётган йирик миқдордаги наркотик моддаларни Россия ва Европага етказиш борасида ҳам дарвоза ролини ўтамоқда.

Шунингдек, маҳаллий кузатувчилар сўнгги пайтларда Қозоғистон расмийларининг қўшни давлатдан келаётган меҳнат муҳожирларини қабул қилиш бўйича чораларни кескин кучайтириши ҳам Марказий Осиё давлатлари орқали Қозоғистонга кириб келаётган наркотик моддалар оқими кўпайишига сабаб бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда.

“Бир тийинсиз қолган меҳнат муҳожирлари энг сўнгги чораларни қўллаши, яъни жиноят йўлига ўтиб, наркотик моддалар сотиш ёки талон-тарож билан шуғулланиши мумкин”,- дейди сиёсатшунос Эдуард Полетаев.

Айни пайтда Қозоғистон расмийлари қўшни давлатлар фуқаролари, хусусан, мамлакатдаги меҳнат муҳожирларининг аксариятини ташкил қилаётган ўзбекистонликларни мамлакатдан бадарға қилиш бўйича кўрилаётган кескин чоралар самарасиз эканини пайқаган кўринади. Чунончи, куни-кеча Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги айрим қўшни давлат фуқаролари учун мамлакатга кириш тартибини енгиллаштиришни режалаштираётганини маълум қилди.

“Биз Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларининг Қозоғистонга кириш тартибини енгиллаштириш имкониятини кўриб чиқмоқдамиз”,- деди ИИВ матбуот хизмати ходими Олег Ивашенко.
XS
SM
MD
LG