Линклар

Россияда ирқчилик кундан-кунга кучайиб бормоқда

  • Фаррух Юсуфий

Москвадаги “Сова” ташкилоти маълумотига кўра, жорий йил бошидан шу даврига қадар рус миллатчилари қўлидан 57 киши ҳалок бўлган. Бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан анча кўпдир

Москвадаги Ислом университети талабаси ўзбекистонлик 36 ёшли Камола ўтган ойда метродан чиқаётиб ўрис миллатчиларининг қўлига тушиб қолди ва қаттиқ калтакланди. Биринчи зарбадан мармар зиналарга йиқилган Камоланинг юзига барзанги тақирбошларнинг бири қўлига тақиб олган кастет билан мушт тушира кетди, иккинчиси эса обдон тепкилади.

Ҳушидан кетган Камола уни шифохонага ким ва қандай олиб келганини эслай олмайди. У тўрт кун ўтиб ҳушига келди. Тан жароҳатлари шунчалик жиддийки, Камоланинг миясига жиддий жарроҳлик амалиёти ўтказилиши кераклигини айтмоқда шифокорлар. Бундан ташқари, юзига етказилган жароҳатлар ҳам косметик операцияни тақозо қилади.

Лекин икки фарзанднинг онаси Камола тирик қолганига шукр қилади. Чунки у тақирбошлар қўлидан ҳар йили ўнлаб кишилар ҳалок бўлиши яхши билади.

Жорий йил бошидан бери миллатчилар Россия бўйлаб 57 кишини ўлдирган ва 117 кишига жиддий тан жароҳати етказган бўлса, ўтган йили улар жами 80 кишини ўлдирганди.

“Сова” ташкилоти вакиласи Галина Кожевникова ирқчилар қурбонларининг асл сони бунданда кўпроқ бўлиши мумкинлигини тахмин қилади.

“Биз маълумот олишда жиддий қийинчиликлар пайдо бўлгани ҳақида ўтган йили ёзган эдик. Бу йил эса бу қанчалик қийинлашганини тасаввур ҳам қила олмайсиз. Ирқчилик билан боғлиқ жиноятлар ҳақидаги хабарлар матбуотда эълон қилинмайди, чунки ҳуқуқ-тартибот идоралари бу ҳақда маълумот бермайди”,- дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Тақирбошлар ҳужумлари янгича янада ваҳшиёна тус олмоқда. Ўтган йил августда Интернетда эълон қилган видеолавҳа иқрчиларнинг ваҳшийлиги қай даражага етганини намойиш қилганди. Бу лавҳада ниқоб кийган миллатчилар икки осиёликни қатл қилгани тасвирланган эди. Россия Ички ишлар вазирлиги ва махсус хизматлари осиёликларнинг бири боши танасидан жудо қилинган видеолавҳанинг ҳақиқийлигини инкор қилганди.

Боши танасидан жудо қилинган доғистонликнинг яқинлари уни таниганидан кейин эса ўтган ҳафта Бош прокуратура тасвирнинг ҳақиқийлигини тан олди.

Иқрчилик халқлар дўстлиги улуғланган совет даврида ҳам бўлган, лекин бу ҳақда гапирилмаган. Иттифоқ қулаганидан кейин эса ўзини улуғ миллат, деб билувчи русларнинг миллий ғурури ва қўшни республикалардан меҳнат муҳожирларининг Россияга оқиб келиши муаммоси билан суғорилган ирқчилик янада авж олди.

“Сова”нинг билдиришича, ирқчиларнинг асосий “ўлжаси” Марказий Осиёдан келаётган меҳнат муҳожирларидир. Жорий йилда ўлдирилган 57 кишининг 31 нафари Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистондан келган мардикорлардир. Ҳужумлар таҳдиди меҳнат муҳожирларининг тушкунликка тушиши ва улар орасида жиддий руҳий стрессга сабаб бўлмоқда.

Москвадаги мардикорларга кўмак кўрсатиш маркази раҳбари Гавҳар Жўраева руҳий стресс сабабли мардикорлар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳоллари кузатилаётганини билдирди.

Гавҳар Жўраева 15 йилдан бери Москвада яшайди, рус тилини сувдек ичиб юборган, Россия фуқаролиги бор. Лекин ундаги бегоналик ҳисси ҳали ҳам бор.

“Бегоналик ҳисси йўқолиши учун ойнага қарамfй қўйиш керак”,- дейди Гавҳар Жўраева.
XS
SM
MD
LG