Линклар

Муҳожирлар гарданида қуллик юки ҳам бор


Швеция, Россия ва Қозоғистоннинг одам савдосига қарши курашувчи давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари Қозоғистоннинг Оқтўба шаҳрида йиғилиб, дунёда ва Марказий Осиёда одам савдоси билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилди.

Учрашув чоғида мутахассислар ҳозирги кунда одам савдоси наркотик моддалар ва қурол-аслаҳа сотишдан кўра даромадлироқ ва нисбатан хавфсизроқ жиноят турига айланганига алоҳида эътибор қаратди.

Учрашув қатнашчилари ҳозир дунёнинг кўпгина давлатларида одам савдоси қурбонлари, асосан, фоҳишахоналарда ишлатаётганини, қозоғистонлик иштирокчилар эса мамлакатда одам савдоси кўпроқ меҳнат эксплуатацияси билан боғлиқ ҳолатларда акс этаётганини таъкидлаб ўтди.

Қозоғистондаги Жинсий ва репродуктив тараққиёт уюшмаси вакиласи Нина Шабурова мамлакатнинг кўпгина ҳудудларида мавжуд ишсизлик туфайли аҳоли, хусусан, ёшлар мамлакатнинг йирик шаҳарларига иш излаб кетиб, у ерда маҳаллий иш берувчилар томонидан асоратга солинаётгани жуда кўп учраётганини билдирди. У, айниқса, Қозоғистонда қўшни давлатлардан келаётган меҳнат муҳожирлари сўнгги йилларда шундай вазиятга кўпроқ тушиб қолаётганини айтди.

Халқаро миграция ташкилотининг Олмаота ваколатхонаси вакиласи Екатерина Бадикова Қозоғистонда маҳаллий иш берувчиларнинг хориж фуқаролари, хусусан, ўзбекистонликларга иш ваъда қилиб, сўнг асоратга солиш ҳоллари ҳақида гапирар экан, уларни нафақат меҳнат, балки жинсий эксплуатацияга ҳам жалб қилиш ҳоллари қайд этилаётганини таъкидлади.

Юртидаги ишсизлик туфайли фарзандларини Олмаотага ишлаш учун юборишга мажбур бўлган тошкентлик аёл “Озодлик” билан суҳбатда маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари кўмагида болаларини меҳнат эксплуатациясидан холос этишга муваффақ бўлганини айтар экан: “Яхшиси уйида қуруқ нон ва сувга қараб ўтиргани маъқул. Албатта, юртда бир илож қилиб пул топиш керак, аммо мен ҳеч кимга Қозоғистонга бориб ишлашни маслаҳат бермаган бўлардим”,- деди.

Кузатувчилар ҳозир одамларнинг хорижга чиқишини маън қилиб бўлмаслиги, шу боис, қўшни давлатлар, хусусан, Ўзбекистондаги иқтисодий вазият изга тушиб кетмагунича одамлар Қозоғистонга келаверишини қайд этади. Шу билан бирга, улар чет элга чиқиб кетаётган муҳожирларга хорижда ҳаёт учун хавфли бўлган вазиятларга дуч келиши эҳтимоли мавжудлигини ҳам тушунтириш кераклигини таъкидламоқда.
XS
SM
MD
LG