Линклар

Элчи тожик партияларини танқид қилди

  • Гулнора Равшан

Буюк Британиянинг Тожикистондаги элчиси Грэм Лотен мазкур мамлакат сиёсий партияларини жамият ҳаётида фаол эмасликда айблади. Унинг таъкидича, Тожикистондаги сиёсий партиялар мамлакатда демократик жараён шаклланиши ва ривожланишида муҳим рол ўйнай олмайди.

Элчи тожик жамиятидаги сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий муаммоларнинг ҳал этилмай қолаётганига сиёсий партиялар пассивлиги сабаб эканини айтди.

“Демократик тизимга асосланган ҳар қандай давлатда мавжуд сиёсий масалалар, албатта, сиёсий партиялар томонидан муҳокама ва ҳал этилади. Афсуски, Тожикистонда бунинг аксини кўрамиз. Масалан, жорий йил қишида мамлакатда рўй берган энергетик инқироз туфайли аксарият тожикистонликлар жуда аянчли кунларни бошдан кечирди. Одамлар ҳафталаб чироқсиз, иссиқликсиз ва сувсиз қолди. Аммо сиёсий партиялар бу муаммоларга лоқайд қараб турди”,- деди элчи.

Британиялик дипломат сўзларига кўра, Тожикистондаги сиёсий партияларнинг ўз фикри йўқ. Шунинг учун ҳам улар мамлакатда демократик жараёнларда фаол бўла олмайди.

Тожикистон Социал демократик партияси раиси ўринбосари Шокиржон Ҳакимов Британия расмийсининг эътирозларида жон борлигини билдирди.

Мухолиф партия вакилининг айтишича, тожик жамиятидаги мавжуд муаммоларнинг ҳал этилишини талаб қилиб чиққан ҳар қандай сиёсий партия ва унинг тарафдорлари, албатта, ҳукумат босимига учрайди. Шунинг учун аксарият партиялар сукут сақлашни афзал кўради.

“Ҳукуматдан ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб чиққан эътирозчилар хавфсизлиги кафолатланмагани ва фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоялашнинг бошқа шакллари мавжуд эмаслиги сабабли бирорта сиёсий партия ёки фуқаролар бош кўтариб чиқа олмайди. Акс ҳолда уларга турли босимлар қўлланилади”,- деди Шокиржон Ҳакимов.

Бироқ Тожикистон Ислом уйғониш партияси раиси Муҳиддин Кабирий британиялик дипломат фикрлари асоссизлигини таъкидлади.

“Агар Британия элчиси Тожикистон сиёсий партиялари ҳукуматни танқид қилишдан қўрқади ва шунинг учун ҳам сукутни афзал билади, деган фикрда экан, мен бунга қўшила олмайман. Сиёсий партияларимиз ўз сиёсатини мамлакатда тинчлик, барқарорликни сақлаб қолиш ва ҳар қандай муаммони ҳукумат билан муроса йўли билан ҳал этишга қаратган. Европа мамлакатларида ҳар қандай муаммо учун эътироз билдириб кўчага чиқиш оддий ҳол. Аммо Тожикистон Европа эмас. Агар жорий йил қишда рўй берган оғир вазиятга тўхталсак, партиямиз бу муаммоларга лоқайд қараб тургани йўқ. Ҳукумат билан келишган ҳолда жойларда мавжуд муаммоларни қисман бўлса-да, ҳал эта олдик. Қолаверса, энергетика билан боғлиқ муаммо биргина Тожикистонда эмас, балки Ўзбекистон, Қирғизистонда ҳам юз берган эди”,- деди Муҳиддин Кабирий.

Тожикистондаги ҳукмрон саналмиш Халқ демократик партияси вакиласи Муҳтарама Қаюмова ҳам Британия элчиси фикрларига қўшилмаслигини билдирди.

“Халқ демократик партиясининг асосий мақсади халқ фаровонлиги, жамият ободончилигига қаратилган. Мамлакатда мавжуд муаммони ҳал этиш учун ҳукумат гарданидан олиш ёки митинг уюштириш шарт эмас. Хорижлик дипломатларнинг айримлари 90-йиллар бошида тожик жамиятида юз берган исёнларнинг яна бир карра такрорланишидан манфаатдордек кўринади”,- деди ҳукмрон партия вакиласи.

Шунингдек, Грэм Лотен Тожикистонда носоғлом инвестиция муҳити ҳукмрон эканини ҳам қайд этди.

“Мамлакатда коррупциянинг гуллаб-яшнаётгани, солиқ билан боғлиқ муаммолар сабабли Буюк Британиянинг 4 та ширкати Тожикистонни тарк этишга мажбур бўлди”,- деди Буюк Британия элчиси.
XS
SM
MD
LG