Линклар

Солижон Абдураҳмоновнинг адвокати билан суҳбат


“Озодлик” мухбири 7 июнь куни ҳибсга олинган ҳуқуқ ҳимоячиси, мустақил журналист Солижон Абдураҳмоновнинг адвокати Баҳром Абдураҳмонов билан суҳбатлашди.

Баҳром Абдураҳмонов: 7 июнь куни соат 19.30лар чамасида Нукуснинг Дўстназаров кўчасида йўлда кетаëтган пайтида автомобилини йўл-патруль хизмати ходимлари тўхтатган. Улар “Қорадори” тадбири ўтказилаётгани, шунинг учун машинани текширмоқчи эканликларини айтган. Машинани икки марта айланишгач, кинолог: “Мана шу машинада бир нарса бўлса керак. Биз гуруҳ чақирамиз, гуруҳ текширади”, деган. Гуруҳ келган ва бакнинг тагидаги бўш жойга қўйилган бўлган нарсани биттаси қўли билан тортиб олган. Унга ҳаммаси қаерга жойлаштирилгани аниқ бўлган. У тўғри келиб шу ердан олган. 5 грамм 890 миллиграмм опиум, 114,18 грамм марихуана бўлган. Солижоннинг Нукусдаги уйини ҳам, қишлоқдаги уйини ҳам тинтув қилди. Рўйхат қилиб, шаҳар ИИБга олиб кетишди.

Озодлик: Компьютерларни ҳамми?

Баҳром Абдураҳмонов: Иш қоғозларигача ҳаммасини олди. Ҳеч нарса қолгани йўқ. Компьютеру процессорни ҳам, ҳаттоки принтерни ҳам олиб кетди.

Озодлик: Қайси моддалар бўйича айблов қўйиляпти?

Баҳром Абдураҳмонов: Жиноят кодексининг 276-модда 2 қисми “а” банди.

Озодлик: Бунга неча йил бериши мумкин?

Баҳром Абдураҳмонов: Қонунда 3 йилдан 8 йилгача белгиланган. Лекин қилаëтган ҳаракатига қараганда, улар наркотикка қизиқаëтгани йўқ. Уларни бошқа нарса қизиқтиряпти, шекилли.

Озодлик: Масалан, нима?

Баҳром Абдураҳмонов: Давлатга ëки сиëсатга қарши, деган айблов қўйиш.

Озодлик: Буни қаердан биласиз? Бу сизнинг тахминингизми?

Баҳром Абдураҳмонов: Йўқ, унинг уйидан қўлда ëзилган, ҳеч қандай имзо қўйилмаган иккита қоғоз чиққан. Унинг ичида давлатга қарши бир-иккита сўзлар ëзилган, шекилли. Мен ҳали уни ўқиганим йўқ. Ишга тикилган, дейишди. Уларни ўша нарса қизиқтира бошлади. Ўша иш бўйича ўрганишни бошлашди кеча.

Озодлик: Батафсилроқ айтсангиз. Бу қанақа қоғоз?

Баҳром Абдураҳмонов: Мен ҳам аниғини билмайман. Улар ҳали менга кўрсатишмаяпти. Кейин Муҳаммад Солиҳ ҳақида инглиз тилида ëзилган китоб ҳам чиққан. Лекин кўрсатма беришига қараганда, унинг бу нарсага алоқаси ҳам йўқ, хабари ҳам йўқ. Мен унинг нима ҳақида ëзилганлигини билмайман, дейди.

Озодлик: Гапингиздан тушунишим бўйича орган ходимларини фақат адабиëтлар ва қўлëзмалар қизиқтиряпти, шундайми?

Баҳром Абдураҳмонов: Ҳа, фақат шулар. Агар бирон нарса бўладиган бўлса, қўшимча равишда қўшиладиган моддалари бор.
XS
SM
MD
LG