Линклар

Назарбоев умрбод президентликдан ҳам тоймаслигини маълум қилди

  • Фаррух Юсуфий

Ўтган ҳафтада Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев мамлакат раҳбарлигидан ҳали-бери кетиш нияти йўқлиги, халқ унга қанча ишонса, президентликда шунча қолишини таъкидлади.

“Халқ менга қанча ишонса ҳамда имкониятларим ва саломатлигим бунга имкон бергунча ишлаш ниятидаман”,- деди Н.Назарбоев парламент депутатларининг Остона шаҳри номини Нурсултонга ўзгартириш ташаббусини камтарона рад қила туриб.

Халқ унга қачонгача ишониши ва саломатлиги унга қанча имкон беришини олдиндан айтиш қийин, лекин ўтган йили Қозоғистон конституциясига киритилган ўзгартишлар Н.Назарбоевга биринчи президент сифатида неча марта хоҳласа, шунча марта сайланиш имконини беради.

Бироқ Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига раислик қилиш нияти бўлган сиёсатчига бундай очиқ-ойдин баёнотлар, юмшоқ қилиб айтганда ярамайди, демоқда сиёсатшунослар.

Маркази Лондонда жойлашган Уруш ва тинчликни ёритиш институти шарҳловчиси Жон МакЛеод Марказий Осиё президентлари орасида катта нуфузга эга бўлган сиёсатчи ўлароқ, Н.Назарбоевнинг бундай баёноти ҳокимиятга ўла-ўлгунча ёпишиб олиш ниятида бўлган ҳамкасбларига яхши ўрнак бўлмаслиги мумкинлигини айтади.

“ЕХҲТ раислигини қўлга киритиши мумкин бўлган давлат учун унинг президенти ҳокимиятдан кетиш ниятида эмаслигини очиқ гапириши муаммо, албатта. Унинг бу хатти-ҳаракатлари минтақадаги барча ҳукмдорларга ўрнак бўлмаслиги мумкин. Масалан, Қирғизистон президенти Қурманбек Бақиев ҳозирча ҳокимиятда истаганча қолишга даъво қила олиш салоҳиятига эга эмас. Лекин, масалан, Ўзбекистон ёки Туркманистон каби мамлакатлар мисолида буни айтиш қийин. Бу давлатлар президентлари ўзларининг умрбод ҳокимиятда қолишини кафолатлаб бўлган. Нафақат минтақа, балки халқаро майдонда катта нуфузга эга етакчининг хатти-ҳаракатлари, масалан, Каримовдек шахснинг тегирмонига сув қуяди, албатта”,- дейди лондонлик таҳлилчи.

Ўзбекистон мухолифатидаги “Эрк” демократик партияси етакчиси Муҳаммад Солиҳ фикрича, Марказий Осиёдаги авторитар режимлар бир-биридан қолишмайди ва уларнинг бир-биридан ўрнак олишига эҳтиёж ҳам йўқ.

“Биринчидан, Каримовнинг тегирмони Назарбоевнинг сувига муҳтож эмас. Яъни Каримовнинг тегирмони шундай ҳам айланиб турибди. Унга сув келтираëтган ўзбек сиëсатчи шоввозлар етарли. Унга ўзимиз сув қуйиб турибмиз. Иккинчидан, ЕХҲТга раисликка даъвогарлик қилиб турган одамнинг бундай гапни айтиши ғалати туюлади, албатта. Лекин Ўрта Осиëдаги лидерларнинг ҳаммаси бир-бирига бу маънода жуда яқин. Назарбоевнинг буни айтиши диктаторларнинг оиласида кўп ҳам ғалати кўринмайди”,- деди М.Солиҳ.

Марказий Осиё президентлари орасида совет давридан бери ўз мамлакатларини бошқариб келаётганлардан Ислом Каримов ва Нурсултон Назарбоев қолган, холос. Бу икки сиёсатчининг умрбод президент бўлиб қолиши ғоясини илгари сурадиган сиёсатдонлар одатда айнан улар ўз мамлакатларини бошқара олиши, бу мамлакатлар барқарорлиги ва халқларнинг фаровонлигини улардан бошқа ҳеч ким кафолатлай олмаслигини айтиб келади.

Жон МакЛеод бу икки сиёсатчи ўз ҳумронлиги даврида яратган тизим ҳақиқатан шундай таассурот туғдиришини билдирди.

“Бу фикрларни тўғри ва хато, деган бўлардим. Бу президентлар ҳокимиятга келганидан бери яратган сиёсий тизим уларнинг шахси ва атрофидаги сиёсий элитага боғланиб қолган. Яъни улар атайлаб шундай тизимни яратган. Мухолифат мутлақ четлаштирилган, уларга рақиблик қилиши мумкин бўлган гуруҳларнинг салоҳияти эса мунтазам равишда пасайтириб борилмоқда. Ана шу нуқтаи назардан, масалан, Каримовдан бошқа ҳеч ким Ўзбекистонни бошқара олмайди, барқарорликни фақат унинг ҳукумати кафолатлай олади, деган ғояларни илгари сурувчилар ҳақ бўлиб кўриниши мумкин. Лекин бу шунчаки хато таассуротдан бошқа нарса эмас. Бунинг сабаби Марказий Осиёдаги бирорта давлатда ҳозирча, масалан, Европа ёки бошқа демократик мамлакатлардагидек, ҳокимиятнинг ўнг кучлардан сўл кучларга ўтиши жараёни юз бергани йўқ. Яъни бундай тажрибанинг ўзи йўқ”,- дейди Жон МакЛеод.
XS
SM
MD
LG