Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:37

Журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси ҳибсга олинди


7 июнь куни Қорақалпоғистонда “Озодлик” ва “Америка овози” радиолари собиқ мухбири, Инсон ҳуқуқлари халқаро жамияти аъзоси Солижон Абдураҳмонов наркотик модда сақлашда айбланиб ҳибсга олинди.

Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳри ички ишлар бўлими ходимлари Солижон Абдураҳмоновнинг ҳибсга олингани, айни пайтда ҳибсхонада сақланаётганини тасдиқлади.

Нукус ИИБ маълумотига кўра, С.Абдураҳмонов ҳибсга олинган пайтда унинг машинасидан тахминан ярим килограмм наркотик модда топилган.

Инсон ҳуқуқлари халқаро жамиятининг Ўзбекистон бўлими раҳбари Марат Зоҳидов С.Абдураҳмонов қасддан уюштирилган ҳолда ҳибсга олинганини айтди.

“Менимча, уни тузоққа туширишган. Ҳаммамиз биламизки, бу сунъий равишда бўляпти. У адолат учун роса курашган. Уни халқаро ташкилотлар яхши билади. У инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасига ўтиб, жуда кўп ишлар қилган”,- деди М.Зоҳидов.

Унинг билдиришича, Солижон Абдураҳмоновга нисбатан босим ва тазйиқлар мунтазам давом қилиб келаётганди.

“Бунга улар, яъни Миллий хавфсизлик хизмати, прокуратура, ички ишлар анчадан буëн ҳаракат қилиб юрган. Бир неча йилдан бери ҳар хил баҳона билан уни чақириб, қанақадир айбларни қўймоқчи бўлишган”,- дейди М.Зоҳидов.

Солижон Абдураҳмонов беш йилдан буён Инсон ҳуқуқлари халқаро жамиятнинг ҳудудий вакили сифатида фаолият кўрсатяпти.

Бош қароргоҳи Германияда бўлган мазкур ташкилот С.Абдураҳмоновнинг ҳибсга олинганидан ташвишда.

Ташкилот ижрочи директори Карл Хафеннинг «Озодликка» айтишича, улар ташкилот номидан Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримовга мурожаатнома жўнатиб, С.Абдураҳмоновнинг ҳибсга олинишидан хавотир билдирган ва унинг озод қилинишини сўраган.

С.Абдураҳмонов «Озодлик» ва «Америка овози» радиолари, Уруш ва тинчликни ёритиш институти сингари бир қатор халқаро оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилган. Айни пайтда ҳам «Ўзнюс.нет» сайти мухбири сифатида фаолият кўрсатиб келаётганди.

Мазкур сайт бош муҳаррири Галима Бухорбоева Солижон Абдураҳмонов айнан журналистик фаолияти учун ҳибсга олинган, деб ҳисоблайди.

Унинг сўзларига кўра, С.Абдураҳмонов Қорақалпоғистон бўйича ягона халқаро журналист. У туфайли қорақалпоғистонликларнинг кўплаб муаммо ва ташвишлари матбуот орқали ёритилаётган ва мақолалари натижасида кўплаб ҳамюртларининг муаммолари барҳам топаётганди.

«Солижон Абдураҳмонов мамлакат ичкарисида фаолият кўрсатиб, ҳақиқатни айтаётган саноқли журналистлардан бири. Эндиликда режим уни ҳибсга олиб, қамаш орқали овозини ўчириш ниятида»,- дейди Г.Бухорбоева.

Г.Бухорбоева сўзларига кўра, Солижон Абдураҳмоновнинг ҳибсга олиниши Каримов режимининг қўпол ва ифлос ўйинларидан навбатдагиси бўлиб, журналист қалбаки жиноятда айбланмоқда.

Айни пайтда Солижон Абдураҳмонов устидан жиноят иш очилган бўлиб, тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
XS
SM
MD
LG