Линклар

logo-print

Туркман қизнинг кўйлаги мода бўлади

  • Сарвар Усмон

Россиялик машҳур модельер Вячеслав Зайцев янги коллекцияси устида иш бошламоқчи. Янги коллекцияни ташкил қиладиган кўйлакларда анъанавий туркманча мотивлар бўлади.

Яқинда Ашхободда бўлиб ўтган тўқимачилик маҳсулотлари кўргазмасида қатнашган В.Зайцев туркман қизлар кўйлакларини кўриб, оғзи очилибди. Энди у янги коллекциясида туркманча кўйлак унсурларидан фойдаланмоқчи.

В.Зайцев бошқа коллекциялари каби янги коллекцияси ҳам чеварлик санъати ихлосмандлари олқишларига сазовор бўлади, деган умидда. Биров бошга такя, эгнига анъанавий миллий кийимдан бошқасини киймайдиган туркман хотин-қизларига москвалик модельернинг туркманча кўйлаклари ёқармикин?

Шу кунда туркманистонлик мактаб ўқувчилари бир хил формада юради. Форма ўша – миллий кийим. Қизчалариу болалар, қизлару йигитлар бошида такя, эгнида миллий кўйлак. Туркманча кийимни миллати туркман бўлмаганлар ҳам кийишга мажбур. Бу марҳум Туркманбошидан қолган мажбурият.

Асли туркманистонлик, шу кунда Венада яшаётган Туркманистон ташаббус гуруҳи раҳбари Фарид Тухбатуллининг айтишича, туркманча кийим жорий этилган дастлабки йилларда уни киймаган талабалар стипендиядан маҳрум қилинган, ўқишдан ҳайдалиш билан қўрқитилган.

Ўқувчи ва талабалар олдига қўйилган талабни бажаришга ҳар бир туркманистонликнинг ҳам қурби етавермайди, чунки форма қиммат газламадан, яхши тикилган бўлиши талаб қилинади.

Туркманистонга сафар қилган чет элликларнинг эсида қоладиган нарсалардан бири туркман аёлларининг кийими – уларнинг ҳаммаси бир хилда кийинганидир.

Бу бир томондан анъанавий, миллий ва диний қадриятлар билан изоҳланса, иккинчи томондан эксцентрик собиқ президент томонидан қарийб 20 йил давомида Туркманистон ташқи дунёдан узиб қўйилгани билан изоҳланади.

Туркманлар аксариятининг чет элга чиқиши қанчалик қийин бўлса, чет элликларнинг бу мамлакатга кириши ҳам шунчалик мушкул эди. Чет элда чиқадиган газет-журнал йўқ, Интернет блок қилинган. Мана шундай шароитда хилма-хиллик тўғрисида гапириб бўладими?

Лекин айни пайтда туркман аёлларини гапга тутсангиз, миллий кўйлагимиз ўзимизга ёқади, ундан фахрланамиз¸ дейди.

Кимга қандай-у, лекин туркман қизларнинг кўйлаги чиндан ҳам гўзал. Мода ортидан қувадиган шаҳарлик аёллар анъанавий миллий кўйлак унсурлари билан европача элементларни омухта қилиб янгича услуб яратган. Эскидан кенг-ковур бўлган кўйлаклар эндиликда хипча белларни сириб туради, ёки деярли йўқолиб, бўйиннинг ости анча кенг очилган.

Афтидан, москвалик модельер ана ўша омухталикка – миллийлик билан замонавийликнинг омухталигига қизиққан кўринади.

Лекин туркман аёллари Зайцев яратадиган кўйлакларни киядими? Бу саволга ҳозирча Ҳа”, деб жавоб бериш мушкул .

Чунки туркман қизларининг нима кийишини ҳануз давлат ҳал қилиб келмоқда.
XS
SM
MD
LG