Линклар

Афғонистоннинг донорлари Парижда тўпланди


Парижда Афғонистонга иқтисодий ёрдам кўрсатиш бўйича халқаро анжуман 65 давлат ҳамда 15 халқаро ташкилот вакиллари иштирокида очилди.

Афғонистон президенти Ҳомид Карзай анжуман қатнашчиларига қарата қилган мурожаатида беш йиллик ислоҳотлар дастури учун 50 миллиард доллар ажратилишини сўради. АҚШнинг биринчи хоними Лора Буш ўз чиқишида Вашингтон Афғонистонга 10 миллиард доллар ажратишини тасдиқлади. Шунингдек, Германия, Норвегия, Япония ва Жаҳон банки ҳам Афғонистонга ёрдам беришга тайёр эканини билдирди.

БМТ бош котиби Пан Ги Мун донор давлатларни Афғонистонга берилаётган ёрдам ҳажмини оширишга, Кобул ҳукуматини эса бу маблағлардан самарали фойдаланишга чақирди.

Париждаги йиғин 2001 йилда “Толибон” ҳокимиятдан ағдарилганидан буён Афғонистонни оёққа турғизиш мақсадини кўзлаган тўртинчи йирик анжумандир. Бундан икки йил илгари Лондонда ана шундай учрашув ўтказилган, унда Афғонистонга қарийб 10 миллиард доллар ваъда қилинган эди.
XS
SM
MD
LG