Линклар

logo-print

Қозоғистонлик ўзбекларнинг ҳам муаммолари етарли


Куни-кеча Қозоғистоннинг Сайрам шаҳрида мамлакатда яшовчи ўзбеклар қурултойи бўлиб ўтди. Қозоғистоннинг ўн вилоятидан 215 делегат қатнашган бу йиғинда қозоғистонлик ўзбеклар миллий-маданий, ижтимоий-иқтисодий муаммоларга тўхталди.

Жанубий Қозоғистондаги “Дўстлик” республика уюшмасини 5 йил давомида бошқариб келган ва қурултойда ваколатларини топширган уюшма президенти Рўзиқул Холмуродов ўз ҳисоботида жанубий қозоғистонлик ўзбекларни ташвишга солаётган баъзи муаммоларни алоҳида санаб ўтди.

Р.Холмуродовнинг таъкидлашича, жанубий қозоғистонлик аксар ўзбекларнинг Ўзбекистон телеканалларини кўра олиши ва қўшни мамлакатда чоп этилаётган газеталарга обуна бўла олиши масаласида қатор тўсиқлар мавжудлиги ана шундай муаммолар сирасига киради.

Жанубий Қозоғистондаги ўзбек миллий маркази раҳбари Икром Ҳошимжонов эса Ўзбекистонда чиқадиган нашрларни Қозоғистонга олиб келиш икки давлат расмийлари ўртасида ҳал қилинадиган масала эканини айтди.

“Бугунги кунда кундалик нашрлар, “Даракчи” каби хусусий газеталар етиб келяпти, обуна бўлинмаса ҳам бозорларда сотилиши йўлга қўйилган. Икки давлат ўртасида битим бўлганида эди, сиёсий газеталарни ҳам олиш мумкин бўларди. Лекин бунга бизнинг қозоғистонликларда эҳтиёж қолмади, десак ҳам бўлади. Ўзимизда чиқадиган газеталар бугунги кунда миллатимиз вакилларини қониқтиради, деб айтмоқчиман”,- деди И.Ҳошимжонов.

Бироқ мавзуни ёритиш чоғида Жанубий Қозоғистонда истиқомат қиладиган ўзбек миллатига мансуб кишиларнинг аксарияти қўшни Ўзбекистонда чоп этилаётган газеталарни ўқиш ва Ўзбекистон телевидениеси дастурларини кўришга эҳтиёжи катталигини маълум бўлди.

“Чимкентдаги ўзбекларнинг ҳаммаси Ўзбекистон ТВсини кўришни орзу қилади. Лекин 10 йил, балки ундан кўпроқ вақт ичида мана шу дастурлар кўрсатилмайди, ўчирилиб ташланган. Мана шу масала неча маротаба ўзбек миллий маркази мажлисларида кўтарилган. Улар қиламиз-қиламиз дейди-ю, масала ҳеч ҳам ечилмаяпти. Йўлдош антенналари борлар Ўзбекистоннинг 1-2 та каналини кўряпти. Ўзбекистонда чиқаётган газетани Чимкент вилоятидаги 90 фоиз ўзбеклар кўрмайди, десам адашмайман. Нега деганда газеталар етиб келмайди бу ерга. “Даракчи” киоскларда сотилиб турарди, у ҳам йўқ бўлиб кетди”,- дейди чимкентлик Мурод ака исмли суҳбатдош.

Бошқа жанубий қозоғистонлик суҳбатдош ҳам аввалги ҳамюртининг гапини тасдиқлайди.

“Чиндан ҳам газета-журналлар келмаяпти ҳозир. Тошкентни бир кун кўрамиз, иккинчи кун кўрсатмай қўяди. Кейин “Келинчак” деган журнал чиқибди ҳозир. Охиргиси апрель ойида келди, бўлди, бошқа келмади. Ким билади, божхонанинг йўли ёпиқми, ўтказмаяптими, билмаймиз. Ҳамма кўрсатувларни кўрамиз. Лекин ўчиб қолади доимо. Мана ҳозир биринчи Тошкент кўрсатяпти, иккинчиси эса йўқ”,- деди суҳбатдош.
XS
SM
MD
LG