Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:58

Ўзбекистонда порахўрликка қарши тилхат билан курашиляпти


NewsUz.Com ахборот таҳлилий сайти Ўзбекистондаги олий ўқув юртларида дарс бераётган профессор-ўқитувчилар пора олмаслик тўғрисида тилхат ёзиб бераётгани ҳақида хабар тарқатди.

Сайтнинг ёзишича, ўтган йили Ўзбекистонда пора билан қўлга тушган олий ўқув юртлари ўқитувчилари устидан 2000га яқин жиноят иш қўзғатилган.

Таҳлилчилар Ўзбекистон таълим тизимида коррупция ва порахўрлик мунтазам давом этаётганини таъкидлайди.

Тошкентдаги олий ўқув юртларидан бирида таълим олаётган хоразмлик талаба қиз Муқаддаснинг “Озодлик”ка айтишича, у ўқиётган институтда ҳар семестрда ўқитувчилар талабалардан пора талаб қилади.

“Агар талабалар беш олмоқчи бўлса, қўйиб беришмайди. Талаба билимли бўлса ҳам беш қўйиш учун пул сўрашади. Оддий фанлардан бўлса 5000 сўм, бошқалари учун 10-20 минг сўм кетади. Дарсга келмайдиганлар ҳар семестрда 70-100 минг сўм тўлайди”,- деди Муқаддас.

Бошқа бир талабанинг билдиришича, нуфузли олий ўқув юртларида ҳар семестрда ўқитувчиларга 100-150 долларгача пора берилади.

Тошкентлик Зиёда эса ҳар семестрда ўқитувчилар пора олиш учун талабаларни атайлабдан имтиҳондан йиқитиши ҳақида гапирди.

“Домлаларнинг бир жиҳатини биламан. Ўзига тўқ оиланинг боласи, гарчи имтиҳондан баҳо олиш имкониятига эга даражада билимли бўлса ҳам, кўпинча уларга баҳо қўймаслигини айтиб, пора талаб қилишади. Бу очиқдан-очиқ рўй беради”,- деди Зиёда.

Профессор-ўқитувчиларнинг ўзлари эса пора олишини ҳар доим инкор этиб келади. Буни тушунса бўлади...

“NewsUz.Com” сайтида эълон қилинган “Пора олмасликка сўз бераман” сарлавҳали мақолада ёзилишича, Ўзбекистонда ўтган йили олий ўқув юртлари ўқитувчилари орасида пора олиш кўпайганлиги боис, бугунги кунда профессор-ўқитувчиларнинг ҳар бири талабалардан пора олмаслик ҳақида тилхат ёзиб бераётир. Бу Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги топшириғи асосида амалга оширилмоқда.

Жиззах педогогика институти ректори ўринбосари Дилбар Соатова сўзларига кўра, институтда ҳозирча ўқитувчилардан бундай тилхат олинмаган.

“Ҳали бирорта одам қўлга тушмаган бўлса, олган-олмаганини билмасак, қандай қилиб унга тилхат ëздирамиз? Бўлганда эди, шуни дастак қилиш мумкин эди. Шу пайтгача бўлмаган бўлса, биз айта олмаймиз”,- деди Дилбар Соатова.

Ўзбекистон таълим муассасалари раҳбарияти ҳам бундай кўринишдаги тилхат ёздириш ҳолатини инкор қилмоқда.

Кузатувчиларнинг билдиришича, Гиппократ қасамёдини қабул қилган ўзбек шифокорлари аксарият ҳолларда ўз қасамларига умуман амал қилмайди. Институт домлаларидан пора олмаслик ҳақида оддий тилхат олдириш эса кулгили ҳолат. Зеро, тилхат ёздириш орқали порахўрликнинг олдини олиш умуман имконсиздир.

Кузатувчи Тўрабек Сано Ўзбекистон таълим тизимида коррупция ва порахўрлик авж олиши ва унинг сабабларига тўхталди.

“Олий ўқув юртларида коррупциялашиш жараëни ҳозиргача ўта аянчли тарзда сақланиб қолган. Бунинг асосий сабабларидан бири - малакали ўқитувчиларнинг ўзи қолмаган. Барча малакали ўқитувчи ва педагоглар Россия ва Қозоғистонга иш излаб кетган. Ўқувчилар яхши билим, яхши тушунча ололмагани учун пора беришга мажбур бўляпти. Агар пора бермайдиган бўлса, баҳолари салбий чиқади. Пул билан баҳо сотиб олиш ҳозиргача давом этяпти ва бундан кейин ҳам давом этади. Бунинг олдини олиш учун ислоҳот амалга ошириш керак”,- деди Т.Сано.

Олий таълим вазирлиги томонидан ўтказилган сўровлардан бирида “Сиз қандай имтиҳон топширасиз”, деган саволга талабалардан 16 фоизи моддий восита, яъни пул ёрдамида деса, 5 фоизи таниш-билишлар ёрдамида, деб жавоб берган.
XS
SM
MD
LG