Линклар

logo-print

Н.Кучерский: “Илтимосимни қондиргани учун президентдан миннатдорман”

  • Алишер Сиддиқ

http://tbn0.google.com/images?q=tbn:BBsEaYepXB_axM:http://www.ngmk.uz/images/kucherskiy.jpg 71 ёшли сенатор Николай Кучерскийнинг Навоий кон-металургия комбинати бош директори лавозимидан олиб ташлангани, кузатувчилар фикрича, Ўзбекистонда олтин қазиб чиқариш соҳасига салбий таъсир қилиши мумкин.

Николай Кучерскийнинг айтишича, президент Ислом Каримов унинг ишдан кетиш тўғрисидаги аризасини узоқ муддат давомида қондирмай келганди.

Бироқ Н.Кучерскийни ишдан олишга қаратилган яширин ҳаракатлар анча аввал бошланганди. 10 июнь куни Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан бошқа ишга ўтгани муносабати билан Н.Кучерский ўз вазифасидан озод этилиб, унинг ўрнига бош вазир ўринбосари Қувондиқ Санақулов тайинланди.

Бироқ истеъфоси сабабларини изоҳлаган Н.Кучерский ўзининг бошқа ишга ўтгани учун эмас, балки соғлиғи туфайли пенсияга чиқарилганини айтди.

“1-1,5 йилдан буён президентдан соғлиғим туфайли мени пенсияга чиқаришини сўраб келдим. Менинг бошқарувим остида 67 минг кишилик коллектив ишларди ва мен ишни уддалай олмаётганимни тушундим. Ниҳоят президент менинг илтимосимни қондирди ва мен ундан чин дилдан миннатдорман”,- деди Н.Кучерский.

Н.Кучерский ўз истеъфосининг бошқа сабабларини қидирмасликни илтимос қилди. Бироқ Николай Ивановични ишдан олиш мақсадида унга қарши хабарлар анчадан буён тарқатила бошланганди.

Бу хабарларга жавобан Н.Кучерский ўтган ойда “Озодлик” радиосига берган интевьюсида ўзининг “кимнингдир жонига қаттиқ текканини” айтганди.

Айрим хабарларда Н.Кучерскийнинг тилла билан қочиб кетгани ҳақида айтилган бўлса, бошқаларда жорий йил бошидан буён Навоий кон-металлургия комбинатида ўтказилган текширувлар давомида ширкат раҳбари муҳтамал таъқиблардан Москвага қочиб кетгани иддао қилинди.

Ўшанда Н.Кучерский бундай уйдирмаларни унинг душманлари тарқатаётган бўлиши мумкинлигини айтганди.

“Менимча, кимнингдир жонига қаттиқ теккандайман. Лекин ичкарида ҳаммаси тинчлик. Мен ҳатто Москвага ҳам ҳукумат рухсати билан жўнайман. Шунинг учун рухсат олиб, 4 кун давомида Москвадаги 83-клиник шифохонада бўлдим. Қанд меъёрини ва ошқозонимдаги ярани текширтирдим. Роппа-роса 4 кунни Москвада ўтказиб, бешинчи куни мен Тошкентда бош вазир қабулида бўлдим”,- деганди Н.Кучерский.

Николай Иванович билан ўтказилган ўша суҳбат давомида унинг комбинат раҳбарлигидан кетиш нияти борлиги сезилмасди. Жорий йил март ойининг охирида ҳукумат қарори билан Навоий кон-металургия комбинатини кузатувчи ҳукумат кенгаши ташкил этилганди. Айнан шу воқеа “дунёдаги энг йирик олтин қазиб чиқарувчи компаниялардан бири шахсан президент Каримов назорати остига ўтди” қабилида талқин этилди.

Н.Кучерский бу иддаоларни инкор қилиб: “Бировнинг хаёлига ҳар бало келиши мумкин. Бу ёлғон ҳаммаси. Комбинат аввал қандай бўлса, ҳозир ҳам шундай нормал ишлаяпти. Президент комбинатни ўз шахсий назоратига олгани ҳақидаги хабарлар уйдирмадир. Унинг қиладиган бошқа ишлари ҳам кўп. Биз ёмон ишлаганимизда ҳам бошқа гап эди”,- деганди.

Ҳозир Навоий кон-металлургия комбинати дунёда олтин ва уран қазиб олувчи энг йирик компаниялар ўнлигига киради. Ўзбекистонда йилига қазиб олинадиган 86 тонна олтиннинг 57-59 тоннаси ушбу комбинат ҳиссасига тўғри келади. Айни пайтда Ўзбекистон ҳукумати 2012 йилга бориб мамлакатда қазиб олинадиган олтин миқдорини икки баробар ошириш ниятида. Кузатувчилар Николай Кучерский каби ўта малакали раҳбарнинг ишдан келиши бу режаларга салбий таъсир этиши мумкинлигини айтмоқда.

Таҳлилчи Тошпўлат Йўлдошев таъкидича, бугунги кунда унинг ўрнини боса оладиган кишиларни топиш жуда қийин.

“Кучерский кўзга кўринган хўжалик арбобларидан бири эди. Албатта, у Каримовнинг буйруғини бажаришга мажбур бўлган. Лекин у барибир ўз соҳасини яхши бошқариб турган эди. Бойликлар қаëққа кетганини биз билмас эдик, лекин ҳар ҳолда Кучерский бор пайтда мамлакат иқтисодига сал-пал бўлса ҳам фойдаси тегиб турган эди. Кучерскийнинг ишдан олиниши, фикримча, катта бир иқтисодий ҳалокатга олиб келади. Бундан кейин бошқа одам бўладиган бўлса, бу соҳада нима бўлади? Ҳаммаси шахсий мулкка айланадими ëки ҳаммаси арзимаган бир гуруҳ мансабдорларнинг чўнтагига тушадими? Каримовнинг ҳам энди бошқа одамни қўйгиси келгандир, чунки бу конларни ҳам кимларгадир сотиб юбориш керак”,– деди Тошпўлат Йўлдошев.

Айни пайтда дунё бозорида олтин нархи доллар қийматининг пасайишига мувофиқ равишда кескин ўсмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонда йилига қазиб олинадиган олтиннинг қиймати икки ярим миллиард доллардан ошиб кетди. Ҳукуматга яқин доираларнинг соҳа устидан назоратни кучайтираётгани ҳам шу билан изоҳланса, ажаб эмас.
XS
SM
MD
LG