Линклар

Ўзбекистон Тожикистонга янги шартнома лойиҳасини тақдим этди

  • Гулнора Равшан

Ўзбекистон ҳукумати Тожикистонга давлатлараро йўловчи ва юк ташувчи автомобиль қатновини йўлга қўйишга доир шартнома лойиҳасини тақдим этди. Ҳужжат июль ойи охирига қадар имзоланиши режалаштирилган.

Бу ҳақда маълум қилган Тожикистон халқаро юк ташиш уюшмаси раиси Маҳмадали Шокиров Ўзбекистоннинг ташаббусидан мамнун эканини билдирди.

“1996 йилгача биз Ўзбекистон билан автомобиль қатновига оид ҳамкорлик борасида шартномаларга эга эдик. Аммо 1997 йилги ўзингизга маълум воқеалардан сўнг бу ҳамкорлик барҳам топди. Бундан бир ҳафта илгари Ўзбекистон йўловчи ва юк ташиш халқаро автомобиль қатновини тиклашга доир шартнома лойиҳасини Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигига тақдим этди ва биз биродарларимизнинг бу ташаббусидан бениҳоя хурсандмиз”,- деди Маҳмадали Шокиров.

Унинг айтишича, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг чегараолди ҳудудларида атиги 5 та халқаро терминал мавжуд, аммо виза тартиби сабабли йўловчи ташувчи автомобиллар қатнови чекланган. Агар Ўзбекистон тақдим этган ва айни пайтда Тожикистон ҳукумати махсус комиссияси ўрганиб чиқаётган шартнома лойиҳаси тасдиқланса, икки давлат иқтисодиёти учун ҳам, оддий фуқаролар учун ҳам бир қатор енгилликлар яратилади.

“Бундан ташқари, Хатлон вилоятининг Ўзбекистон билан чегарадош Шаҳритуз туманидаги “Айваж–Гулбаҳор” ўтиш постида мавжуд халқаро терминал ҳам тикланиб, ўзбекистонлик ва тожикистонлик савдогарлар учун икки давлат бозорлари ва ундан ташқарига юк олиб ўтиш имконияти пайдо бўлади”,- деди Маҳмадали Шокиров.

М.Шокиров сўзларига кўра, Тожикистоннинг Ўзбекистон билан мавжуд жами 11 ўтиш постидан узоқ йиллардан буён фойдаланилмаяпти. Халқаро терминаллар ишга тушиши ва янги терминаллар қурилиши ҳам айнан мана шу ҳамкорлик шартномаси имзоланишига боғлиқ. Бундан ташқари, чегара ҳудудлари аҳолисининг уч кун давомида давлатларнинг бир-бири ҳудудида уч кунгача визасиз юриш ҳуқуқи бу ҳудуд фуқароларига икки томонлама автомобиль қатновидан фойдаланиш имконини беради.

Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихонаси автомобиль қатновига доир шартнома лойиҳаси тақдим этилганини тасдиқлади, аммо ҳужжатлар шартлари борасида гапирмади.
XS
SM
MD
LG